30.11.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолини, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар бажарилди.
Сув ва канализация тармоқларини, шу жумладан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қуриш ҳамда реконструкция қилиш лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда.
Бироқ бу борада кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида белгиланган тадбирларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор ҳал этилмаган муаммолар ҳамон мавжуд.
Хусусан, ичимлик суви истеъмолини ҳисобга олиш асбоблари, шунингдек, сув таъминоти ва канализация тизими объектларига оид зарур барча ахборотни “онлайн” режимида киритиш, сақлаш, мунтазам янгилаш ҳамда мониторинг қилишни таъминлайдиган ягона тизимнинг йўқлиги сувни исроф қилиш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатлар ошиб кетаётганининг сабабларидан биридир.
Сув таъминоти тармоқлари ва иншоотларидан самарасиз фойдаланилаётгани, шунингдек, жойлардаги асосий фондларни модернизация қилиш ва янгилаш лойиҳалари ишончли молиялаштирилмаётгани ускуна ҳамда техникаларнинг, айниқса, қишлоқ жойларда тез ишдан чиқишига сабаб бўлмоқда.
Аҳоли пунктларида канализация тизимларини қуриш ва барпо этилаётган кўп квартирали уйларни уларга улаш масаласига лозим даражада эътибор берилмаяпти.
Замонавий бошқарув шакллари ва усуллари етарлича жорий этилмагани, кадрлар салоҳиятининг пастлиги сув таъминоти ҳамда канализация объектларини самарали бошқариш ва улардан фойдаланишни таъминлаш имконини бермаяпти.
Сув таъминоти ва канализация соҳасидаги хизматлар сифатини, тармоқ корхоналари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, тўғридан-тўғри, авваламбор, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш асосида ишончли молиялаштириш манбаларини ташкил этиш мақсадида:
1. Қуйидагилар сув таъминоти ва канализация тизимларини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
сув таъминоти ва канализация корхоналарини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасида илғор хорижий тажрибани босқичма-босқич жорий қилиш;
сув таъминоти ва канализация соҳасида ҳисобга олиш ҳамда мониторинг қилишни таъминлайдиган замонавий ахборот ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш, республикадаги барча истеъмолчиларни ичимлик сувини ҳисобга олувчи замонавий асбоблар билан жиҳозлаш;
турар жой комплексларини қуришда санитария талабларини, шу жумладан, маҳаллий тозалаш иншоотларини қўллаш орқали таъминлаш мақсадида канализация объектларини ичимлик суви таъминоти объектлари билан биргаликда лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда реконструкция қилиш;
ичимлик суви ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларини ўзи тўлиқ қоплашини таъминлайдиган, сув таъминоти ҳамда канализация объектларини бошқариш ва улардан фойдаланишга хусусий секторни жалб қилиш имконини берадиган янги тариф сиёсатини ишлаб чиқиш орқали сув таъминоти ва канализация корхоналарининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш;
сув таъминоти ва канализация соҳаси мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш.
2. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқа идоралар билан биргаликда халқаро маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда, қуйидагиларни назарда тутувчи 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида сув таъминоти ва канализация соҳасини ривожлантириш концепциясининг (кейинги ўринларда – Концепция) лойиҳасини 2019 йил 1 сентябргача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
сув таъминоти ва канализация соҳасининг аҳволи ва уни ривожлантириш йўналишларини комплекс таҳлил қилиш;
аҳолини ичимлик суви ва канализация хизматлари билан таъминлашнинг мақсадли кўрсаткичлари;
сув таъминоти ва канализация объектларини бошқариш ва улардан фойдаланиш соҳасига хусусий секторни жалб қилиш;
тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, тўғридан-тўғри, аввало, хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион ечимлар, шунингдек, ичимлик сувини ҳисоблашнинг замонавий асбобларини жорий этиш.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги икки ой муддатда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг техник кўмаги маблағлари ҳисобидан Концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш ишларини молиялаштиришнинг аниқ манбаларини аниқласин.
3. Қуйидагилар:
2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети доирасида марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари ҳисобидан амалга ошириладиган сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишнинг манзилли дастури ва тармоқ жадваллари 1.1-1.15-иловаларга мувофиқ;
2019 йилда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида амалга ошириладиган сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишнинг манзилли дастури ва тармоқ жадвали 2.1-2.2.-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
4. Жаҳон банкининг 2017 йил февраль ойида ўтказилган миссияси натижаларига кўра, Жаҳон банки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 28 августдаги ПҚ-1610-сон қарори билан тасдиқланган, Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги“Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманлари марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси бўйича 4869-UZ-сон кредитни ёпиш муддати 2019 йил 30 июнга қадар узайтирилишини тасдиқлаганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг лойиҳани амалга ошириш муддатини 2019 йил 30 июнга қадар узайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлмаган юридик шахслар қуйидаги лойиҳалар доирасида юридик шахсларнинг ишлар ва хизматлар кўрсатишдан топилган даромадидан олинадиган фойда солиғидан озод этилсин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 16 апрелдаги ПҚ-1324-сон қарори билан тасдиқланган “Навоий ва Бухоро вилоятлари туман марказларини туташтирган ҳолда Дамхўжа ҳудудлараро сув қувурини модернизация қилиш. Термиз шаҳрининг канализация тизимини реконструкция қилиш” лойиҳаси;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 30 июлдаги ПҚ-1378-сон қарори билан тасдиқланган “Қўқон ва Андижон шаҳарларининг сув таъминоти ва канализация тизимини ҳамда Фарғона, Марғилон шаҳарлари ва Риштон тумани марказининг сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш” лойиҳаси.
6. Солиқ имтиёзлари бериш натижасида бўшаб қоладиган маблағлар суммаси Ўзбекистон Республикасининг мазкур қарорнинг 5-бандида назарда тутилган лойиҳаларни амалга оширишга қўшган ҳиссаси эканлиги белгилансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги “Тоза ичимлик суви” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармасига (кейинги ўринларда – Жамғарма) айлантирилсин ва унга канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштириш бўйича қўшимча вазифалар юклансин.
Жамғарманинг 248,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги дастлабки капитали қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилсин:
2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети доирасида сув таъминоти ва канализация тармоқларини қуриш ҳамда модернизация қилишга йўналтириладиган капитал қўйилмалардан – 131,8 миллион АҚШ доллари эквивалентида;
халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг имтиёзли кредитларидан – 95,6 миллион АҚШ доллари миқдорида;
2019 йил бошида белгиланадиган Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар бюджетлари, Тошкент шаҳар бюджети маблағларининг бўш қолдиқларидан – 20,7 миллион АҚШ доллари эквивалентида.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси 2019 йил 1 апрелга қадар сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари заёмларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишни молиялаштиришга комплекс ёндашув тизимини назарда тутган ҳолда, Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда тасдиқласин;
сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш лойиҳаларини Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ахборот тизимида очиладиган ғазначилик шахсий ҳисобрақами орқали молиялаштиришга рухсат берилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
икки ой муддатда хорижий маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда, Тошкент шаҳри сув таъминоти ва канализация тизимини модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириш чораларини кўрсин;
2019 йил 1 апрелгача Андижон, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида Швейцария Конфедерацияси Ҳукуматининг грантлари иштирокида амалга оширилган тажриба лойиҳалари асосида сув таъминоти ва канализация объектларини бошқариш ҳамда улардан фойдаланишнинг тажрибадан ўтказилган ушбу шаклларини бошқа қишлоқ аҳоли пунктларида ҳам татбиқ этиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2019 йил 1 июлгача Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти ҳамда канализация тизимларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш бўйича зарур ҳужжатларни тайёрласин ва танлов ўтказсин.
10. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда канализация-тозалаш иншоотларида ҳосил бўлган қуйқалардан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида самарали фойдаланиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Сув таъминоти ва канализация соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида шартнома тузган юридик шахслар тегишли шартнома имзоланган санадан бошлаб 3 йил муддатга:
ягона ижтимоий тўловдан бошқа барча турдаги солиқлар ва мажбурий тўловларни;
республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларни олиб келишда божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод этилсин.
12. Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар Сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин ва ушбу низомда истеъмолчилар учун тарифлар хизмат кўрсатиш таннархини тўлиқ қоплаши, шунингдек, сув таъминоти ва канализация корхоналарини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш харажатларини ҳисобга олиш имконини берадиган тартиб назарда тутилсин.
13. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги келгуси йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурини шакллантиришда сув таъминоти ва канализация соҳасида халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишга йўналтириладиган бюджет маблағларини назарда тутсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари сув захираларининг таъминланган дебети мавжуд бўлганда, табиий ҳамда сунъий сув ҳавзаларидан сув ресурсларини сув таъминоти ва канализация корхоналарига устувор тартибда етказиб берсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси:
ушбу қарор билан тасдиқланган 2019 йилги манзилли дастурга киритилган шаҳарлар, туман марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктларини сув билан таъминлаш учун сув захираларини аниқлаш бўйича гидрогеологик ишлар;
3-иловага мувофиқ 2020 йилга мўлжалланган ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастури доирасидаги гидрогеологик ишлар бажарилишини таъминласин.
16. Гидрогеологик ишларни ўтказмасдан ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг ер ости ичимлик сувлари мавжудлиги ҳақидаги тегишли хулосасини олмасдан сув таъминоти объектларини қуриш тақиқлансин.
17. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг:
канализация хизматлари учун тарифларга миқдори Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудий молия органлари билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган махсус устама пули белгилаш;
Жамғарма маблағлари ҳисобидан 2019 йил ва келгуси йилларда сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли дастурларни мувофиқлаштириш ва бажаришни таъминлаш учун тўртта ҳудудлараро филиаллар негизида мамлакатнинг барча ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) “Сув таъминоти ва канализация объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУКнинг ҳудудий бошқармаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки:
а) канализация хизматлари учун тарифларга махсус устама пул суммаси:
мақсадли тушум ҳисобланади ва барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда солиқ солинадиган базага киритилмайди, шунингдек, сув таъминоти ва канализация корхоналарининг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилмайди;
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбаи ҳисобланади;
б) 2019 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, атроф-муҳитни ифлослантириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқиндиларни жойлаштириш учун компенсация тўловларининг канализация ташланмаларига тааллуқли қисм Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ундирилади ҳамда қуйидаги тарзда тақсимланади:
74 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасига;
26 фоизи – Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига.
18. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Бош прокуратура билан биргаликда икки ой муддатда оқова сувлар нормадан ортиқ ташланишини ҳисобга олиш тизими, тўловчилар тўлиқ қамраб олингани, шунингдек, белгиланган йиғим миқдорларини танқидий таҳлил қилсин ҳамда ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир таклифлар киритсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги:
а) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда:
2019 йил 1 июнгача 2019-2021 йилларда ичимлик сувини ҳисобга олишнинг замонавий асбоблари ва тегишли ускуналарни харид қилишнинг молиялаштириш манбаларини аниқласин;
2019 йил 1 июлгача аҳоли пунктлари ва сув таъминоти объектлари кесимида 2019-2021 йилларда ичимлик сувини ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш графиклари тасдиқланишини таъминласин;
б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 июлгача:
сув таъминоти ва канализация тизимлари объектларини модернизация қилиш, самарали бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш, шу жумладан, маҳаллий тозалаш иншоотларини жиҳозлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириш учун таклифлар тайёрланишини;
сув таъминоти ва канализация объектларини, шу жумладан, қишлоқ аҳоли пунктларидаги маҳаллий тозалаш иншоотларини бошқариш ҳамда уларга хизмат кўрсатишга малакали хусусий оператор компанияларни (хусусий шерикларни) давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кейинчалик жалб қилиш мақсадидаулар билан музокаралар ўтказилиши ва уларнинг очиқ рўйхати шакллантирилишини таъминласин;
в) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда сув таъминоти ва канализация корхоналарининг кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, сув таъминоти ва канализация хизматларини кўрсатиш соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини (қўшма факультетлар) очиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
г) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Қурилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда:
сув таъминоти ва канализация объектларидан фойдаланиш соҳасида давлат-хусусий шериклик шартномаларини тузиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин ҳамда бунда сув таъминоти ва канализация хизматлари учун давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги тегишли келишувларда белгиланган даражадан паст бўлмаган тарифлар шакллантирилишини назарда тутсин;
сув таъминоти ва канализациянинг, шу жумладан, қишлоқ жойлардаги тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича норматив ҳужжатлар ҳамда хусусий оператор компанияларни (хусусий шерикларни) танлаш механизмини, шартнома ва келишувларнинг намунавий лойиҳаларини, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувларда кўрсатиладиган техник ва молиявий кўрсаткичлар, шунингдек, улар фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
д) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда сув таъминоти ва канализация тизими объектларига оид барча зарур ахборотни киритиш, сақлаш, мунтазам янгилаш ҳамда мониторинг қилишни таъминлайдиган ягона геоахборот тизимини жорий қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин.
20. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматовга – ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлашни қатъий назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмуродовга – халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг жалб этиладиган маблағлари ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш, шунингдек, салоҳиятли инвесторларни топиш ҳамда сув таъминоти ва канализация соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоровга – ушбу қарорда назарда тутилган лойиҳаларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлаш, шунингдек, сув таъминоти ва канализация соҳасидаги лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириш механизмлари сифатли ишлаб чиқилиши;
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Х.Солиевга – ушбу қарорда назарда тутилган объектлар лойиҳа ҳужжатларининг ўз вақтида ишлаб чиқилиши, келишилиши ва тасдиқланиши, уларнинг қурилиши ва ишга туширилишини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.
21. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
22. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарлари Б.М.Мавлонов ва Г.К.Саидова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев