13.11.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда паррандачилик соҳасини ривожлантириш ва экспортга мўлжалланган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, соҳани янада жадал ривожлантиришга, жумладан, замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш ва тайёр паррандачилик маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар мавжуд. Хусусан:
биринчидан, паррандачилик маҳсулотларини қайта ишлаш даражаси паст, тармоқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда ярим тайёр маҳсулотлар улуши юқорилигича қолмоқда, шунингдек, парранда чиқиндиларини чуқур қайта ишлаш тизими йўлга қўйилмаяпти;
иккинчидан, паррандачилик соҳасида асосан товуқ етиштириш билан чекланиб қолинмоқда, бошқа парранда турлари (курка, бедана, ғоз, ўрдак, туяқуш, каклик ва бошқалар) етиштиришни оммалаштириш чоралари кўрилмаяпти;
учинчидан, парранда касалликларини ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича замонавий биолабораториялар ташкил этилмаганлиги оқибатида паррандалар орасида юқумли касалликлар тарқалиб бормоқда;
тўртинчидан, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, уларни ишлаб чиқаришнинг замонавий услубларига ўқитиш, соҳа мутахассисларида инновацион ёндашувлар ҳамда кўникмаларни шакллантириш, ишлаб чиқаришда юқори сифатга эришиш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш ишларига етарлича эътибор қаратилмаяпти;
бешинчидан, парранда озуқа базасини яратиш, импорт ўрнини босувчи озуқа маҳсулотларини ишлаб чиқариш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган;
олтинчидан, парранда маҳсулотлари экспорт қилинаётган давлатлар географиясини кенгайтириш, шу орқали экспорт ҳажмини кескин ошириш чоралари кўрилмаган;
еттинчидан, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни киритиш бўйича тажриба етарли эмас, бу борада етакчи хорижий ҳамкорлар билан яқин алоқалар йўлга қўйилмаяпти.
Республикада паррандачиликни янада ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳага илғор технологиялар ва инновацион ишланмаларни жорий этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлашни чуқурлаштириш, уларнинг турлари ва экспорт кўламини кенгайтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар паррандачилик соҳасини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар этиб белгилансин:
рақобатбардош парранда маҳсулотлари ишлаб чиқариш орқали аҳолини етарли миқдорда парранда маҳсулотлари билан барқарор ва мақбул нархларда таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш;
илғор хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда паррандачилик кластерларини ташкил қилиш, бунда инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш;
соҳага фаол инвестиция жалб этиш орқали парранда маҳсулотларини, шу жумладан, парранда чиқиндиларини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли парранда маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
илмий-диагностика лабораториялар ташкил қилиш орқали паррандалар орасида касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш чораларини кўриш;
озуқа базасини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи озуқа ва витаминларни ишлаб чиқариш;
паррандачилик соҳасида юқори малакали мутахассисларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Паррандасаноат” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2019 йилда республикада:
паррандалар сони ва етиштириладиган маҳсулотларнинг прогноз параметрлари 1 ва 1а-иловаларга мувофиқ;
паррандачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш корхоналарини ташкил этишнинг прогноз параметрлари 2-иловага мувофиқ;
паррандачилик маҳсулотларини экспорт қилишнинг прогноз параметрлари 3-иловага мувофиқ;
саноат усулида боқилаётган паррандаларнинг озуқага бўлган талаби параметрлари 4-иловага мувофиқ;
парранда озуқасини етиштириш учун тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган ер майдонлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Паррандасаноат” уюшмаси ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ билан биргаликда ушбу қарорга асосан ўрнатилган прогноз параметрлари ижросини таъминлаш юзасидан туманлар ва паррандачилик хўжаликлари кесимида манзилли чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиб тасдиқласин, уларнинг самарали ва тўлиқ ижроси юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан эквиваленти 50 миллион АҚШ доллари миқдорида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг устав капиталидаги давлат улуши оширилсин.
Белгилансинки:
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ устав капиталига йўналтириладиган Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги ПҚ–2718-сон “Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан очилган кредит линияси маблағлари ҳисобидан ажратилади;
Жамғарма уч ой муддатда ушбу бандда кўрсатилган маблағларни “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ устав капиталига ўтказиб берилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўрнатилган тартибда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан чиқариладиган акцияларни рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ устав капиталига киритилаётган 50 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги мақсадли маблағлар паррандачиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида бошқа тижорат банкларига ҳам кредитлар ажратиш учун йўналтирилади;
тадбиркорлик субъектларига ушбу бандда назарда тутилган кредитлар бўйича имтиёзлар фоиз ставкаси бўйича тўловларнинг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш шаклида берилади;
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Жамғарма томонидан ушбу бандда назарда тутилган маблағларни банкнинг устав капиталига ўтказилган кундан бошлаб бошқа тижорат банклар томонидан тақдим этилган паррандачиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида уларнинг ҳисобрақамларига пул маблағларининг ўтказилишини таъминлайди;
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва бошқа тижорат банклари паррандачиликни ривожлантириш борасидаги лойиҳаларни чуқур таҳлиллар асосида рентабеллик, самарадорлик ва пул оқимларининг кредит ҳамда улар бўйича фоизларни ўз вақтида қайтаришни таъминлаш салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда молиялаштиради.
5. Паррандачилик лойиҳалари ҳажми ва уни амалга ошириш учун зарур бўлган валюта туридан қатъи назар, тижорат банклари томонидан 2019-2020 йилларда ажратилаётган кредитлар фоизи учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:
айланма маблағларни тўлдиришга (инкубацион тухумлар, 1 кунлик жўжа, озуқа маҳсулотлари, дори-дармон ҳамда қўшимча компонентлар ва бошқалар) тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо кредит ставкасининг 5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда;
наслли она товуқ ва барча турдаги технологик асбоб-ускуналар сотиб олиш, паррандачилик кластерларини ва инкубация цехларини ташкил қилиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, паррандачиликка ихтисослашган бино-иншоотларни қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника ва бошқа асосий воситаларни харид қилиш ҳамда барпо этиш учун тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдорида, аммо кредит ставкасининг 10 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда.
Тижорат банклари паррандачилик лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий банклар маблағларини жалб этиш бўйича зарурий чора-тадбирларни кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу имтиёзлар учун зарур бўлган маблағларни 2019-2020 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига белгиланган тартибда ажратсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Паррандасаноат” уюшмасининг Уюшма ҳузурида барча парранда хўжаликларига хизмат кўрсатувчи замонавий илмий-диагностика лаборатория марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
парранда касалликларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга қарши курашишнинг самарали механизмини ишлаб чиқиш;
паррандаларни озиқлантириш учун илмий асосланган меъёрларни ишлаб чиқиш;
барча турдаги парранда гўшти ва тухум маҳсулотларини қайта ишловчи технологик жараёнларни ишлаб чиқиш;
паррандачилик маҳсулотларининг биологик ва экологик хавфсизлигини таъминлаш, паррандаларни боқиш ва уларга берилаётган озуқа базасининг таркиби ва сифатини мониторинг қилиш;
барча турдаги парранда гўшти ва тухумларидан фойдаланган ҳолда умумий, болалар, парҳез ва махсус овқатланишнинг янги турдаги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган технологик жараёнларни ишлаб чиқиш;
паррандачилик хўжаликлари технологик лойиҳалари меъёрларини ишлаб чиқиш ва илмий асослаш.
Тошкент вилояти ҳокимлиги илмий-диагностика биолаборатория марказини жойлаштириш учун Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Тинчлик массивидан умумий майдони 1 гектар бўлган ер участкасини ажратсин.
“Паррандасаноат” уюшмаси илмий-диагностика биолаборатория марказини зарур бўлган замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Паррандасаноат” уюшмаси билан биргаликда паррандачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида илмий-амалий марказни ташкил этиш чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Паррандасаноат” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда паррандачилик соҳасида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтириш мақсадида узвий ҳамкорликни йўлга қўйсин, паррандачилик соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси" ишлаб чиқсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, “Паррандасаноат” уюшмаси, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг босқичма-босқич барча ҳудудда парранда етиштириш, уни қайта ишлаш ва якуний тайёр маҳсулот тайёрлаб, истеъмолчига етказиш жараёнини тўлиқ қамраб олган паррандачилик кластерларини ташкил этиш (шу жумладан, 2019 йилда 13 та) тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Паррандасаноат” уюшмаси, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 февралга қадар муддатда салоҳиятли тадбиркорлик субъектларини, молиялаштириш манбалари ва ер майдонларини аниқлаб, 2019-2021 йилларда паррандачилик кластерларини ташкил этишнинг манзилли дастури лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат ветеринария қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, “Паррандасаноат” уюшмаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 февралга қадар илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, маҳсулот сифатига сезиларли таъсир кўрсатувчи хавф ва муҳим назорат нуқталарини таҳлил қилиш (“HACCP”), Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (“ISO”) ва “Halal” стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда, паррандачилик корхонасини технологик лойиҳалаштириш меъёрларини ишлаб чиқсин ва парранда маҳсулотларини халқаро тан олинган сертификатлаштириш чораларини кўрсин.
Белгилансинки, парранда касалликларига эмлаш учун ишлаб чиқаришнинг муносиб амалиёти (GMP – Good Manufacturing Practice) сертификатларига эга бўлган хорижий ишлаб чиқарувчи компанияларнинг вакцина ва биопрепаратлари Ўзбекистон Республикасида тан олинади ва қўшимча мувофиқлик сертификатлари талаб қилинмайди.
12. “Ўзэлтехсаноат” АК Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда парранда маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, жиҳоз ва механизмлар ишлаб чиқаришни 2022 йил якунига қадар маҳаллийлаштириш чораларини кўрсин.
“Паррандасаноат” уюшмаси парранда маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, жиҳоз ва механизмларни маҳаллийлаштириш мақсадида уларнинг рўйхатини зарур эҳтиёж билан шакллантирсин ҳамда “Ўзэлтехсаноат” АКга тақдим этсин.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси республикада парранда маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш босқичлари учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, жиҳоз ва механизмларни ишлаб чиқиш мақсадида “Ўзэлтехсаноат” АК томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳужжатларига асосан хорижий инвесторларни жалб этсин.
13. “Паррандасаноат” уюшмаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг паррандачилик хўжаликлари томонидан импорт қилинаётган ем бўладиган донни темир йўл орқали ташишда, истисно тариқасида, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги темир йўллари тариф сиёсатининг 35 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда чегирма бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва “Ўздонмаҳсулот” АК паррандачилик хўжаликларига талаб қилинадиган дон маҳсулотларининг ҳар ойда биржа савдоларига қўйиб борилишини таъминласин.
Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасидаги савдоларда паррандачилик хўжаликларига дон маҳсулотлари савдосида қатнашиш “Паррандасаноат” уюшмаси томонидан солиқ ҳамда ветеринария ҳисоботларида акс этган парранда бош сонидан келиб чиқиб ва белгиланган тартибда дон маҳсулотлари бўйича тасдиқланган меъёрларга мувофиқ тузиладиган рўйхат асосида паррандачилик хўжаликлари иштирок этиши ҳамда ушбу рўйхат доимий равишда “Паррандасаноат” уюшмасининг веб-сайтида жойлаштириб борилиши белгилансин.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ушбу банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатиб ўтилган рўйхатдаги парранда бош сони, дон маҳсулотлари бўйича тасдиқланган меъёрларга риоя этилганлигини тизимли мониторинг қилади, шунингдек, дон маҳсулотлари савдосида паррандачилик хўжаликларининг қатнашиши ёки қатнашмаслиги юзасидан “Паррандасаноат” уюшмасига ҳар ойда маълумот тақдим этади.
15. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК республикага хориждан олиб кириладиган барча турдаги наслли паррандаларнинг 1 кунлик жўжаларини, парранда озуқа ва озуқа қўшимчаларини узлуксиз ташиш мақсадида “Паррандасаноат” уюшмаси ва паррандачилик хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатсин.
16. 2021 йил 1 ноябрга қадар муддатда:
наслли она товуқ ва барча турдаги технологик асбоб-ускуналар сотиб олиш, парранда етиштиришни ташкил этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехларини ташкил этиш, паррандачиликка ихтисослашган бино-иншоотларни қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника, эҳтиёт қисмлар ва бошқа асосий воситалар;
чет эл ташкилотлари ва унинг шуъба корхоналари, фирма дўконлари,
дилерлик тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан паррандачилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтирадиган парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари, диагностикумлар ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.
17. “Паррандасаноат” уюшмасига:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда паррандачилик хўжаликлари томонидан импорт қилинаётган озуқалар, озуқа қўшимчалари ва асбоб-ускуналари ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда олиб кирилиши учун амалий ёрдам кўрсатиш;
2019 йил 1 февралга қадар муддатда ўз таъсис ҳужжатларини мазкур қарор талабларига мувофиқлаштириш, бунда асосий эътиборни барча паррандачилик хўжаликларини “Паррандасаноат” уюшмасига аъзо бўлиши учун мақбул шарт-шароитларни яратишга қаратиш тавсия этилсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Паррандасаноат” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда республикада соя ва кунгабоқар донларини қайта ишлаш бўйича замонавий корхоналарни ташкил этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.
19. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда:
деҳқон бозорлари ва аҳоли гавжум бўлган ҳудудларда парранда маҳсулотларини сотиш учун “Паррандасаноат” уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган намунавий савдо фирма дўконларини ташкил этиш ва жойлаштириш бўйича манзилли дастурларни ишлаб чиқиб тасдиқласин;
паррандачилик соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида инвестиция лойиҳаларининг рўйхатини пухта ишлаб чиқиб, хорижий ҳамкорларни жалб этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБга тақдим этсин.
20. “Паррандасаноат” уюшмасининг мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, хорижий сайёҳлар, турли мамлакатларнинг паррандачилик соҳаси вакиллари, эксперт ва мутахассисларни кенг жалб қилган ҳолда 2019 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида паррандачиликка оид кўргазма ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
21. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Паррандасаноат” уюшмасининг буюртмалари бўйича соҳани ривожлантириш ва замонавий техникаларни ўзлаштириш юзасидан таклиф этаётган хорижий мутахассислар ва кўргазмаларнинг хорижий иштирокчиларига кириш визалари консуллик йиғимлари ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин (ҳақиқий харажатларни қоплаш йиғимлари бундан мустасно).
22. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Паррандасаноат” уюшмасининг буюртмалари бўйича жалб қилинган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари расмийлаштирилиши, берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, вақтинча прописка қилиниши, турган жойи бўйича ҳисобга олиниши ва уларнинг узайтирилишини таъминласин.
23. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, бошқа вазирлик ва идоралар “Паррандасаноат” уюшмасига мазкур қарор ва бошқа қонун ҳужжатлари билан юклатилган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсин.
24. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмуродовга – ҳудудларнинг паррандачиликни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун салоҳиятли инвесторларни излаш, паррандачилик соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш учун;
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Б.Т.Юсуповга – мазкур қарор билан тасдиқланган прогноз кўрсатгичлар ижроси устидан хўжаликлар кесимида мониторинг тизими ўрнатилиши ва уларнинг ҳисоботи юритилиши, паррандачилик кластерларининг фаолияти ташкил этилиши ҳамда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиши учун;
“Ўзэлтехсаноат” АК раиси А.А.Абдуллаевга – парранда маҳсулотларининг барча турларини етиштириш, уларни барча босқичларда қайта ишлаш учун асбоб-ускуна, жиҳоз ва механизмларнинг республикада ишлаб чиқарилишини ташкил этиш учун;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларига – мазкур қарор билан тасдиқланган прогноз параметрларининг ижросини таъминлаш юзасидан туманлар ва паррандачилик хўжаликлари кесимида манзилли чора-тадбирлар дастурлари ўз вақтида ишлаб чиқилиб, тасдиқланиши ва уларнинг ижроси устидан доимий назорат олиб борилиши, шунингдек, паррандачилик корхоналарига озуқа етиштириш учун ер майдони ажратилиши ва озуқа учун экилган дон экинлари давлат буюртмасига олинмаслиги учун шахсий жавобгарлиги белгилансин.
25. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига “Паррандасаноат” уюшмаси билан биргаликда паррандачилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб бориш тавсия этилсин.
26. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда “Паррандасаноат” уюшмасини жойлаштириш ва бино қуриш учун ер майдонини ажратсин.
27. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритсин.
28. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев