07.11.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини тубдан оширишга, соғлиқни сақлаш давлат тизимининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга, тиббиёт муассасаларининг ресурслар салоҳиятини яхшилашга қаратилган соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Соғлиқни сақлашнинг миллий тизимини жадал ривожлантириш ишларини тизимли ва сифатли ташкил этиш учун умумий амалиёт врачларининг, патронаж тиббиёт ҳамшираларининг, қишлоқ врачлик пунктлари, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг лавозим маошлари оширилди, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида меҳнатни рағбатлантиришнинг бозор усуллари белгиланди.
Тиббиёт ходимлари меҳнатини баҳолашнинг ҳамда улар оладиган иш ҳақи ва мукофотнинг бажариладиган ишнинг мураккаблиги ва кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатига аниқ ва бевосита боғлиқлигини таъминлашнинг илғор механизмлари жорий этилди.
Шу билан бирга, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур бўлган шароитда тиббиёт соҳасини бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантиришни давом эттириш, уларнинг касбий даражасини ошириш учун муносиб шарт-шароитлар ва рағбатлантирувчи омиллар яратиш масалалари давлатнинг диққат марказида турибди.
Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, юксак профессионал кадрлар салоҳиятини шакллантириш мақсадида:
1. Давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан 1,15 баравар босқичма-босқич оширилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда халқаро тажрибани ўрганиш асосида 2019 йил 1 июлгача бўлган муддатда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича қуйидагиларга йўналтирилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг лавозимига ва малакасига, кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг мураккаблик ва жавобгарлик даражаси, шунингдек, даволаш-профилактика муассасалари ихтисослигига қараб базавий лавозим маошларини жорий этиш;
тиббиёт ходимлари фаолиятини ва меҳнати унумдорлигини баҳолашнинг замонавий усулларини, шу жумладан, даволанган беморлар электрон статистикасини босқичма-босқич татбиқ этиш ва беморлар ўртасида онлайн сўровлар ўтказиш орқали жорий этиш;
тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш, улар бажарадиган ишлар сифати, эришиладиган натижалар ва кўрсатилган тиббий хизматларга жамоатчилик томонидан берилган баҳоларга қараб уларга ҳақ тўланишини таъминлаш;
тиббиёт муассасалари раҳбарларига алоҳида ўрнак кўрсатган врачларга Тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тариф ставкасининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгилаш ҳуқуқини бериш.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдори оширилиши муносабати билан давлат тиббиёт муассасаларининг қўшимча харажатлари молиялаштирилишини, 2019 йилда ва кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда бюджетдан ажратиладиган зарур маблағлар назарда тутилишини;
2020 йилдан бошлаб Тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасини шакллантириш учун ажратиладиган маблағлар ҳажмлари босқичма-босқич оширилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
5. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
а) қуйидаги миқдорларда ажратиладиган ажратмалар:
давлат тиббиёт муассасалари томонидан пуллик асосда кўрсатилган тиббий хизматлар, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари хизматлари учун тушумлар миқдорининг 2 фоизи;
олий тиббиёт таълим муассасалари ҳисобварақларида жамланадиган пуллик ўқиш контрактлари бўйича тушумлар миқдорининг 5 фоизи;
олий тиббиёт таълим муассасалари ҳисобварақларида жамланадиган ўқиш контрактларининг оширилган ставкаси бўйича тушумлар миқдорининг 10 фоизи;
фармацевтика ва тиббиёт фаолияти билан шуғулланиш, шу жумладан, дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларини чакана реализация қилиш ҳуқуқига лицензиялар олиш учун талабгорлар томонидан тўланадиган давлат божлари тизимидаги тушумлар миқдорининг 20 фоизи;
б) Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
в) жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари;
г) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Белгилансинки, Жамғарма маблағларидан:
соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини мукофотлар, моддий ёрдам, қўшимча ҳақлар, устамалар ва рағбатлантирувчи тўловларнинг бошқа турлари кўринишида моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирларини молиялаштириш, шунингдек, уларга санатория-курорт ва тиббий хизмат кўрсатилишига ҳақ тўлаш;
уй-жой билан таъминлашни яхшилашга сарфланадиган харажатларни, шу жумладан, соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимлари ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ташкилотларнинг тиббиёт ходимлари учун уй-жойлар қуришни ташкил этиш орқали молиялаштириш;
соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ва амалиёт ўтказишини, шу жумладан, уларнинг хорижий мамлакатларга ташрифлари, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ўтказиладиган конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиши, хизмат сафарига юборилишини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
соғлиқни сақлашни бошқариш органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, дастурий маҳсулотлар харид қилиш ва ахборот-коммуникация тармоқларини таъминлаб туриш;
хорижий экспертлар ва консалтинг ташкилотларини жалб қилиш;
олий тиббиёт таълим муассасаларининг иқтидорли талабаларига махсус стипендиялар тўлашга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш;
соғлиқни сақлашни бошқариш органларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган бошқа тадбирлар учун фойдаланилади.
7. Жамғарманинг даромадлари, шу жумладан, вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларига жойлаштиришдан фоизлар тарзида олинган даромадлар солиқларнинг барча турларидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига бошқа мажбурий тўловлардан 2021 йил 1 ноябргача озод қилинсин.
8. Қуйидагиларнинг:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимовнинг – тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимининг тубдан қайта кўриб чиқилиши бўйича таклифларни тайёрлашда масъул вазирликлар ва идоралар ишининг амалда мувофиқлаштирилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шодмоновнинг – Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шунингдек, ушбу қарорга мувофиқ соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларининг ижтимоий ҳимояланганлигини кучайтириш ва уларни моддий рағбатлантириш шартларини такомиллаштириш учун шахсан масъул эканлиги кўрсатиб ўтилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланган тартибда тасдиқласин, шу жумладан, Жамғарма маблағларини сарфлашнинг аниқ ва шаффоф тартибини, унинг даромадлари ва харажатлари бўйича ҳисобот бериш масалаларини назарда тутсин;
тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан тиббиёт муассасаларида врачликдан бошқа фаолиятни бажараётган олий маълумотли мутахассислар лавозимлари номенклатурасини қайта кўриб чиқсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.А.Абдуҳакимов ва Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев