05.11.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда юқори даражада қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида иқтисодиётни либераллаштириш, сармоядорлар, айниқса, хорижий инвесторлар фаолияти учун қулай ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, халқаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда бизнес субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда низоларни ҳакамлик судларида ҳал қилиш механизмининг жорий этилгани алоҳида аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари, аввало, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммолар мавжуд. Хусусан:
биринчидан, Ўзбекистон ҳудудида халқаро арбитражлар фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий базанинг мавжуд эмаслиги низоларни ҳал этиш учун хорижий давлатлар ҳудудида жойлашган халқаро арбитражларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётган хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари сарф-харажатларининг ошишига олиб келмоқда;
иккинчидан, амалдаги қонун ҳужжатлари, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонуни томонларнинг инвестициялар билан боғлиқ низоларни халқаро арбитраж соҳасидаги стандартларга мувофиқ, хорижий арбитрларни жалб этган ҳамда хорижий ҳуқуқни қўллаган ҳолда кўриб чиқиш имкониятларини чекламоқда;
учинчидан, Ўзбекистонда халқаро арбитраж қарорларини ижро этишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари шакллантирилмаганлиги хорижий инвесторларнинг мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатмоқда, оқибатда республиканинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтирмоқда;
тўртинчидан, маҳаллий арбитрлар ва халқаро арбитраж соҳасидаги бошқа мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолияти йўлга қўйилмаган.
Инвестициялар билан боғлиқ низоларни халқаро арбитраж орқали ҳал этишнинг замонавий ва халқаро стандартларга асосланган механизмларини шакллантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши кафолатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Адлия вазирлигининг нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тошкент халқаро арбитраж марказини ташкил этиш (кейинги ўринларда – Марказ) тўғрисидаги таклифига розилик берилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
а) турли давлатларда жойлашган тижорат ташкилотлари, шу жумладан, хорижий инвесторлар ўртасида юзага келадиган шартномавий ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, хусусан, инвестициялар, интеллектуал мулк ва блокчейн технологиялари билан боғлиқ низоларни халқаро арбитраж орқали ҳал этишни ташкил этиш;
б) низоларни халқаро арбитраж ва низоларни ҳал этишнинг бошқа муқобил усуллари орқали ҳал этиш механизмларини ривожлантириш ва такомиллаштириш;
в) етакчи хорижий арбитражлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро арбитраж орқали низоларни ҳал этиш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, Марказда низоларни ҳал этишга хорижий арбитрларни жалб қилиш;
г) халқаро арбитраж, шу жумладан, инвестициялар билан боғлиқ низоларни суддан ташқари ҳал этиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, ушбу йўналишда тадқиқотлар ўтказиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;
д) маҳаллий ва хорижий хўжалик юритувчи субъектлар, хусусан, хорижий инвесторларга инвестиция билан боғлиқ, шу жумладан, томонлардан бири давлат бўлган низоларнинг вужудга келишининг олдини олиш соҳасида консультация хизматларини кўрсатиш.
2. Белгилансинки:
Марказга арбитр сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган мутахассислар билан бир қаторда хорижий давлатлар фуқароси бўлган малакали арбитрлар ҳам жалб этилиши мумкин;
томонларнинг келишувига кўра, низоларни ҳал этишда Марказ арбитрлари томонидан бошқа, шу жумладан, хорижий давлатнинг ҳуқуқи қўлланиши мумкин;
Марказ арбитрларининг қарорлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳакамлик судлари қарорларини ижро этиш учун қонун ҳужжатларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида кўзда тутилган тартибда ижро этилади;
Марказда ёзишмалар ва иш юритиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади;
судлар ўз ваколатлари доирасида ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда арбитраж ишлари кўрилишида далиллар олиш, тўплаш, Марказ арбитрлари қарорларининг ижросини таъминлаш бўйича чоралар кўриш борасида Марказга кўмаклашади;
Марказнинг Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган арбитрлари арбитр функцияларини бажаргани учун гонорар сифатида олинган маблағлар қисми учун жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ тўлашдан озод этилади;
низоларни халқаро арбитраж йўли билан ҳал этишга хорижий давлатлар фуқароларини Марказ арбитрлари ва экспертлар сифатида жалб этиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатнома олиш талаб этилмайди;
низони халқаро арбитраж орқали кўриб чиқиш учун аризаларни қабул қилиш, шунингдек, эшитувлар ва бошқа процессуал ҳаракатларни ўтказиш замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда онлайн тартибда, арбитрлар ва томонларнинг иштирокисиз амалга оширилиши мумкин;
Марказда низоларни халқаро арбитраж орқали ҳал этишда иштирок этаётган томонларнинг вакилларида арбитраж қарорлари Ўзбекистон Республикасининг ваколатли судларида қайта кўриб чиқилганда, шунингдек, Марказда кўриб чиқилаётган арбитраж низолари бўйича ҳар қандай масалалар белгиланган тартибда кўриб чиқилганда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг мавжуд бўлиши талаб этилмайди;
Марказ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда низоларни медиация тамойилини ўтказиш орқали ҳал этиш ва низоларни ҳал этишнинг бошқа муқобил усулларини қўллаш ҳуқуқига эга;
юридик шахсларнинг Марказда низони кўриб чиқиш билан боғлиқ арбитраж харажатларини тўлашга йўналтириладиган маблағлари қўшилган қиймат солиғидан озод этилади;
Марказ ўз номи туширилган бланк ва думалоқ муҳрга, тижорат банкларида миллий ва чет эл валютасидаги банк ҳисобварақларига эга бўлиши мумкин.
3. Маълумот учун қабул қилинсинки, ЕХҲТ ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналари томонидан Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уни ташкил этишда кўмаклашишга қизиқиш билдирилган.
4. Белгилансинки:
Марказ қошида унинг фаолиятига халқаро стандартларни жорий этишга кўмаклашиш мақсадида арбитраж соҳасидаги етакчи халқаро ва маҳаллий мутахассислардан, шунингдек, жаҳоннинг эътироф этилган арбитраж марказлари арбитрларидан иборат Кузатув кенгаши ташкил этилади;
Марказга Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси томонидан, қоидага кўра, етакчи хорижий халқаро арбитражларда арбитр сифатида ишлаш тажрибасига эга шахслар орасидан тайинланадиган раҳбар бошчилик қилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси белгиланган тартибда:
икки ҳафта муддатда Марказ Кузатув кенгаши таркибини шакллантиришни;
бир ой муддатда Марказ Қоидалари, тузилмаси ҳамда асосан етакчи хорижий халқаро арбитражларда ишлаш тажрибасига эга ва Марказ Кузатув кенгаши томонидан маъқулланган арбитрлар рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлашни;
бир ой муддатда етакчи халқаро экспертларни жалб этган ҳолда, ушбу қарор ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссиясининг “Халқаро савдо арбитражи тўғрисида”ги намунавий қонуни талабларига мувофиқ “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини якунлаш ва уни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритишни таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Марказнинг буюртманомаларига кўра Марказ арбитрлари, Кузатув кенгаши аъзолари, экспертлар, томонларнинг вакиллари, Марказ зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун жалб этиладиган бошқа хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Марказ буюртманомаларига кўра Марказ арбитрлари, Кузатув кенгаши аъзолари, экспертлар, томонларнинг вакиллари, Марказ зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун жалб этиладиган бошқа хорижий мутахассисларга ва уларнинг оила аъзоларига визалар муддати узайтирилишини, шунингдек, улар вақтинча яшайдиган жойда вақтинчалик рўйхатга олиш ва унинг муддатини узайтиришни давлат божини ундирмаган ҳолда белгиланган тартибда таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 11-уй манзилида жойлашган бинонинг Савдо-саноат палатасига Марказни жойлаштириш учун беғараз асосда берилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказни белгиланган тартибда имтиёзли асосда зарур алоқа воситалари билан ҳамда юқори тезликдаги интернет тармоғига уланишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига Марказнинг зарур мебель, анжомлар, компьютер ва офис техникаси билан, шунингдек, хоналарнинг арбитраж эшитувларини, шу жумладан, онлайн режимда ўтказиш учун жиҳозланишига кўмаклашиш тавсия этилсин.
11. Савдо-саноат палатаси ва Марказ 2021 йил 1 октябрга қадар Марказни жиҳозлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
12. Савдо-саноат палатаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси арбитражлари қарорлари устидан шикоят қилиш ва уларни ижро этиш тартибини белгилайдиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев