30.01.2019
Президент Мирзачўл туманидаги Ўзбек – қозоқ миллий маданият маркази фаолияти билан танишди.
Мирзачўлда яшаётган қозоқ миллатига мансуб юртдошларимизнинг урф-одат ва анъаналарини ривожлантириши учун зарур шароит яратилган. Хусусан, бу ерда Қозоқ миллий театри ташкил этилган. Яқинда театр биноси реконструкция қилиниб, кўркам иншоотга айлантирилди. Миллий чолғучилик, ашула, рақс, тасвирий санъат каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.
Ўзбек – қозоқ миллий маданият марказининг ташкил этилиши халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг яна бир ифодаси бўлди. Марказда маданий алоқаларни кучайтириш, ёшларни байналмилал дўстлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилди.
Президент мазкур театрнинг қайта тикланиши ва Ўзбек-қозоқ миллий маданият марказининг ташкил этилиши икки қардош халқ ҳамжиҳатлигида муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Бу маскан ҳудуддаги ижодий, маърифий ташкилотларни, зиёлиларни, ёшларни эзгу мақсад йўлида бирлаштириши зарурлигини қайд этди.
Ўзбек ва қозоқ халқлари санъатидан намуналар ижро этилди.