08.12.2018
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси
Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Сизлар билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан мана шу муҳташам саройда кўришиб турганимдан мамнунман.
Барчангизни, бутун халқимизни ушбу қутлуғ айём билан чин қалбимдан муборакбод этиб, эзгу тилакларимни изҳор қилишга ижозат бергайсиз.
Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимиз 26 йил давомида босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўл Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳиятидан далолат беради.
Асосий қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда.
Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш фаолиятимиз мезонига айланмоқда.
Бошлаган улкан ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ушбу масалаларнинг аҳамияти кун сайин тобора ортиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Айнан шу сабабли Бош қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиздир.
Азиз юртдошлар!
Инсон қадр-қимматини эъзозлаш, бунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтиришга қодир бўлган одил судлов тизимини шакллантириш биз учун ўтган икки йил давомида энг устувор вазифага айланди.
Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига“Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзларни ёздиргани бежиз эмас, албатта. Ушбу улуғвор ғоя инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимиз пойдеворига айланди.
Шу йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида дунёдаги таниқли сиёсатчилар, кўзга кўринган олим ва экспертлар томонидан бу борада ўтган қисқа даврда амалга оширган ишларимизга муносиб баҳо берилди. Таъкидлаш керакки, ушбу анжуман Ўзбекистоннинг жаҳондаги обрўси ва нуфузини янада оширди. Энг муҳими, Осиё форуми инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро амалиётга “Самарқанд руҳи” деган тушунча ва тамойилни олиб кирди.
Бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Жумладан, шахсни айблашда қонунга зид усулда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланди.
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор такрорлайман: судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак.
Бу борада Алишер Навоий бобомиз “Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун “адл қасри”, яъни “адолат қўрғонини” бунёд эт”, деб айтган сўзларида қанчалик чуқур маъно бор.
Адолат қўрғони қачон пайдо бўлади? Қачонки суд органлари, судьялар қонунга, одиллик тамойилларига қатъий амал қилиб, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этса, бунга эришиш мумкин.
Кейинги икки йилда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича ҳам муҳим чоралар кўрилди. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилди, судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди. Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда – эътибор беринг – бор-йўғи 28 тани, 2017 йилда эса 263 тани ташкил этган эди.
Шунингдек, 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинди.
Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди.
Инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Бунинг натижасида жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 993 нафар фуқаро, жумладан, 456 нафар йигит-қиз ҳамда 113 нафар аёллар Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги билан жазодан озод қилинди.
Шунингдек, жазони ўтаётган 3 минг 333 нафар, жумладан, фаолияти ман этилган ташкилотларга кириб қолган 646 нафар маҳкум афв этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.
Улуғ байрам – Конституция куни муносабати билан бугун махсус Фармонни имзоладим. Унга кўра, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган ва айни пайтда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 136 нафар шахс афв этилди.
Бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди.
Ман этилган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди.
Жойларда судьяликка номзодларнинг шахсий ва касбий сифатларини ўрганиш учун жамоатчилик комиссиялари ташкил этилди.
Адолат, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида судда ишларни электрон тақсимлаш тизими амалиётга киритилди. Эндиликда инсон аралашувисиз ишни қайси судья кўришини электрон дастур белгилайди.
Суд-тергов фаолиятида очиқлик ва қонунийликни таъминлаш, сарсону овора бўлиш ва ортиқча сарф-харажатга йўл қўймаслик мақсадида “электрон жиноят иши” ва “масофадан туриб сўроқ қилиш” тизимлари ҳам жорий этилмоқда.
Фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилди.
Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича олиб бораётган ислоҳотларимиз натижасидир.
Айни пайтда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида судьяликка номзодларни танлаш, шахсий ва касбий сифатларини ўрганишнинг чинакам демократик ва ошкора тизимини жорий этиш лозим. Хусусан, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда, номзодларни судьялик лавозимига тавсия этиш тартибини қонун билан мустаҳкамлаб қўйишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Муносиб топилган номзодларни камида бир йил ўқитиб, тайёр судья сифатида лавозимга тайинлаш тизимини жорий этиш зарур. Бунинг учун Судьялар олий кенгаши қошида Судьялар олий мактабини ташкил этишни таклиф қиламан.
Афсуски, айрим судьялар томонидан ҳали ҳам адолатсиз қарорлар қабул қилинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончига путур етказмоқда.
Шу боисдан ҳам, касбий маҳорат ва маданиятни ошириш, ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун, адолат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб иш кўриш – ҳар бир судьянинг энг устувор вазифаси бўлмоғи лозим.
Судлар томонидан қабул қилинган ҳар бир қарор, энг аввало, адолатли, қонуний ва асосли бўлиши шарт. Шундагина одамларимизда ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат қарор топишига бўлган ишонч янада мустаҳкамланади.
Жорий йилда хавфсизлик хизмати идораларининг вазифа ва ваколатлари тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, барча даражадаги ходимлар фаолиятига холисона баҳо берилди.
Илк бор “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унга асосан давлат манфаатларини ички ва ташқи таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилиш янги тузилган махсус идоранинг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Экстремизм ва терроризм хавфи, мамлакатимиз конституциявий тузуми ва иқтисодиётига тажовузлар сақланиб қолаётган бугунги таҳликали замонда Давлат хавфсизлик хизматининг мард ва жасур аскар ва офицерлари ҳар қандай бузғунчи кучларга қарши муросасиз курашиши ва Ватанимиз ҳимоясида мустаҳкам қалқон бўлиши зарур.
Хабарингиз бор, яқинда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини текшириш мақсадида Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган дала ўқув машқлари кейинги икки йилда мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган кенг қамровли ишларнинг яққол намунаси, десам, тўғри бўлади. Биз бу борадаги ишларимиз кўламини янада кенгайтирган ҳолда, тизимли равишда давом эттирамиз.
Шу билан бирга, фуқароларимиз тинчлиги, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, Ички ишлар ва Миллий гвардия қўшинлари бўлинмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам қатор ижобий ишлар қилинди.
Жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз, аввало, кенг жамоатчиликнинг иштироки билан умумий жиноятчиликни 36 фоизга камайтиришга эришилди. 3 минг 205 та ёки 35 фоиздан зиёд маҳаллада эса биронта ҳам жиноят содир этилмади.
Бундан буён ҳам жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча йўналишлар, жумладан, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз ҳудуд” лойиҳаларида белгиланган вазифаларни самарали ва тўлиқ амалга ошириш Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия фаолиятида энг устувор йўналиш бўлиб қолмоғи лозим.
Конституциямизда кафолатланган фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида прописка ва виза беришдаги қийинчиликлар бартараф этилди.
Дунёдаги 39 та мамлакат фуқароларига виза бериш тартибининг соддалаштирилгани, электрон виза тизими жорий қилингани натижасида юртимизга бу йил қарийб 4 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюрди.
Узоқ йиллар мамлакатимизда истиқомат қилиб, жамият равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ва биз билан ватандош бўлишни орзу қилган 2 минг 528 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида ҳам аниқ чоралар кўрилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мана шундай оғир жиноятни содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани бунинг яққол далилидир.
Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.
Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт.
Жаҳон тажрибасига назар ташласак, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Болгария, Греция, Латвия, Эстония каби кўплаб мамлакатларнинг парламентларида коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссия ва қўмиталар мавжуд.
Ана шу илғор хорижий тажрибалар ва Конституциямиз талаблари асосида Олий Мажлис палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар ташкил қилишни таклиф этаман. Ушбу қўмиталар барча бўғиндаги давлат идораларида коррупцияга қарши курашни янада кучайтиришга вакиллик органи сифатида муносиб ҳисса қўшиши лозим.
Яна бир муҳим масала – халқимизга хос бўлган инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари асосида жазони ўтаётган шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш тизимини ҳам такомиллаштириш вақти келди.
Маълумки, Конституциямизда барча фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатланган. Шуни инобатга олган ҳолда, маҳкум шахсларнинг келгусида ижтимоий ҳаётга мослашуви учун кўмак бериш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларида масофадан туриб таълим олиш тизимини жорий этиш лозим. Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг сайлаш ҳуқуқини чекловчи нормаларни келгусида халқаро меъёрлар асосида қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Ҳурматли ватандошлар!
Халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш – Конституциямизнинг бош мақсадидир.
Ислоҳотлар натижасида аҳолининг турмуш даражаси ва реал даромадлари албатта ошиб бормоқда. Шундай бўлса-да, бу борада ҳали Ҳукумат, марказий иқтисодий идоралар ҳамда барча даражадаги ҳокимликлар олдида кўплаб вазифалар турибди.
Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг энг самарали йўли бу – тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Конституциямизда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенглиги ва давлат томонидан бирдек муҳофаза этилиши кафолатланган. Лекин, иқтисодиётда давлат аралашувининг юқорилиги ва бюрократия, солиқ, божхона ҳамда банк тизимидаги мавжуд муаммолар ички инвестицияларни кўпайтиришга ва хорижий сармоядорларни янада кенгроқ жалб этишга ҳали ҳам тўсиқ бўлиб келмоқда.
Машҳур хитой файласуфи Сунь Цзининг ҳикматли бир гапи бор:“Солиқларни ҳаддан зиёд кучайтириш турли талон-тарожликни келтириб чиқаради, душманларнинг бойишига хизмат қилади, оқибатда, давлат инқирозга учрайди”.
Кўп йиллар давомида солиқ юкининг юқори бўлгани мамлакатда “хуфиёна” иқтисодиёт улушининг ортиб кетишига шароит яратди.
Мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, биз авваламбор иқтисодиётни жадал ривожлантириш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини қабул қилдик. Бу концепция устида биз узоқ ишладик. Мазкур ҳужжат лойиҳаси мамлакатимиз жамоатчилиги, бизнес ҳамжамияти, халқаро молиявий ташкилотлар, нуфузли экспертлар томонидан кенг ва атрофлича муҳокама қилинди.
Концепция асосида солиқ сиёсатида муҳим ўзгаришлар жорий қилинмоқда. Жумладан, жисмоний шахслар учун ҳозиргача амал қилиб келган энг юқори 22,5 фоизлик даромад солиғи ставкаси ўрнига 12 фоизлик ставка белгиланди, 8 фоизлик суғурта бадали эса бекор қилинди.
Бизнес ҳамжамияти учун энг оғир ҳисобланган ягона ижтимоий тўлов ставкаси илгариги 25 фоиз ўрнига 12 фоиз этиб белгиланди.
Бюджетдан ташқари пенсия, йўл ва таълим бўйича мақсадли жамғармаларга 3,2 фоиз миқдоридаги мажбурий тўлов бекор қилинди.
Божхона тўлов ставкалари қайта кўриб чиқилиб, 3,5 мингга яқин товарлар бўйича бож миқдори ва 800 га яқин товарлар бўйича акциз солиғи ставкалари камайтирилди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотлар учун хомашёларга, шунингдек, асбоб-ускуна ва техникаларга нисбатан давлат божи олинмайдиган бўлди.
Тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятини режали текшириш бекор қилинди. 138 та лицензия ва рухсат бериш билан боғлиқ талаблар соддалаштирилди, уларнинг 42 таси бутунлай тугатилди.
Тадбиркорлик фаолияти учун ер майдонларини ажратишдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, тизимдаги коррупция ҳолатларига барҳам бериш мақсадида ер майдонларини электрон аукцион орқали ажратиш тартиби жорий этилди.
Мулк эгасига зарарнинг ўрни тўлиқ қопланмагунча давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулкни бузиш тартиби бекор қилинди.
Инвестор ва тадбиркорларга етказилган мулкий зарарни тўлиқ қоплаб бериш тартиби кафолатланди.
Шу билан бирга, келгуси йилдан бошлаб тадбиркорларимизни маҳсулотлар, иш ва хизматларни экспорт қилишда фойда солиғи ва ягона солиқ тўловидан озод этиш назарда тутилмоқда.
Туризмни жадал ривожлантириш, туристларга муносиб инфратузилма яратиш, хизматлар сифатини янада ошириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан унумли фойдаланиш ва янги иш ўринлари ташкил этиш, миллий туризм маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар давом эттирилмоқда.
Меҳмонхоналарнинг инфратузилмаси, дам олиш масканлари ва бошқа соҳаларни ривожлантириш учун 2 триллион 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Бунинг натижасида минглаб янги иш ўринлари яратиш мўлжалланмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларда машҳур бренд меҳмонхоналарни ташкил этиш чораларини кўрмоқдамиз.
Келгуси йилда ҳам фаол тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвесторлар учун кенг шароитлар яратиб бериш, айниқса, инфляция даражасини пасайтиришга қаратилган ишларни давом эттирамиз.
Жумладан, инфляция даражасини прогноз кўрсаткичлари доирасида сақлаб туриш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Биринчидан, биз самарадорлиги паст бўлган ва етарлича янги иш ўринлари ярата олмаётган йирик давлат корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратишни қайта кўриб чиқишимиз лозим. 2019 йилда кредитлар беришда бюджет ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари кўпаймаслиги керак.
Иккинчидан, миллий валютамиз ҳамда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш учун пул-кредит сиёсатини тартибга солишнинг замонавий воситаларини жорий этишимиз зарур.
Учинчидан, асосий турдаги озиқ-овқат ва бошқа истеъмол товарларини ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз ва бу орқали нархлар барқарорлигини таъминлашимиз керак. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Тўртинчидан, стратегик аҳамиятга эга бўлган товарлар бўйича нархларнинг шаклланиш механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни фақат биржа савдолари орқали сотиш, шу асосда эркин рақ́обат муҳитини яратиш талаб этилади.
Бешинчидан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида электр энергияси, табиий газ ва коммунал хизматлар учун тўловларнинг бир қисмини давлат томонидан компенсация қилиш чораларини кўришимиз лозим.
Олтинчидан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган истеъмол товарлари импорти бўйича тарифларни тартибга солишнинг мослашувчан механизмларини жорий қилиш керак.
Еттинчидан, республикамизнинг иқтисодий аҳволи оғир ҳисобланган 27 та шаҳар ва туманини комплекс ривожлантириш мақсадида, аввало, йирик инвестиция лойиҳаларини ушбу ҳудудларда амалга ошириш зарур.
Очиқ айтиш керак: агар биз юртимизда барқарор иқтисодиёт қурмоқчи бўлсак, дунёдаги ривожланган мамлакатлар каби бой ва фаровон яшамоқчи бўлсак, чала-чулпа, юзаки эмас, балки қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт.
Ягона йўлимиз шу. Бу – Асосий қонунимиз талаби. Бошқа йўл йўқ. Биз бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз ва улар албатта ўзининг ижобий натижасини беради.
Олдимизда жуда машаққатли йўл турибди, лекин аҳолининг оғирини енгил қилиш учун давлат томонидан барча чоралар кўрилади.
Ишончим комил, меҳнатсевар, тадбиркор ва уддабурон халқимиз эркин бозор иқтисодиёти шароитида самарали меҳнат қилишга ва муносиб ҳаёт кечиришга албатта қодир.
Азиз дўстлар!
Хабарингиз бор, бу йил мамлакатимиз аҳолиси 33 миллион кишидан ошди. Бу, албатта, кичкина рақам эмас.
Шунинг учун ҳам, фуқароларимизнинг ижтимоий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, жумладан, улар учун муносиб шароит яратиш, ёшларни ўқитиш ва касбга тайёрлаш, иш ва уй-жойлар билан таъминлаш каби ҳаётий масалаларни ҳал этишимиз лозим.
Конституциямизда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган. Бу муҳим ҳаётий қоиданинг ижросини таъминлаш – халқимиз генофондини асраш ёки оддий қилиб айтганда, давлат ва жамият тараққиётининг кафолатидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида фуқароларимизнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 1990 йилдаги 67 ёшдан 2017 йилда 74 ёшни ташкил этди. Болалар ўлими 3 баробар камайишига эришилди. Биз бу борадаги натижаларимизни янада мустаҳкамлашимиз зарур.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада яхшилаш бўйича муҳим амалий дастурлар қабул қилинмоқда.
Мана, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Соғлиқни сақлаш тизимини 2019-2025йилларда ривожлантириш концепцияси қабул қилинди.
Бугунги куннинг талаби бўлган хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Кўрилган чоралар туфайли 2018 йилнинг ўзида 400 дан ортиқ хусусий тиббиёт масканлари ташкил этилди.
Биз “Тарбия гўдакликдан бошланади”, деган ҳикматли сўзга амал қилиб, таълим-тарбия соҳасидаги ўзгаришларни унинг энг қуйи босқичи – мактабгача таълим тизимидан бошладик.
Қиёслаш учун фақат битта мисол келтирмоқчиман. Сўнгги икки йилда юртимизда болалар боғчалари сони 1 минг 400 тага ортиб, 6 минг 367 тага етди.
Давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилаётган хусусий мактабгача таълим масканлари сўнгги бир йилда икки баробар кўпайди ва 568 тани ташкил этмоқда. Яна мингта шундай боғча очиш бўйича амалий ишлар бошланган.
Жорий йилда халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш, педагог-ўқитувчилар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш бўйича ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Ўқитувчиларнинг иш ҳақи босқичма-босқич кўпайтирилиб, уларни рағбатлантиришнинг янги механизмлари жорий қилинмоқда.
Таълим тизимининг кейинги босқичи – олий таълим соҳасида ҳам салмоқли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Сўнгги икки йилда мамлакатимизда 5 та янги олий таълим муассасаси ҳамда 12 та нуфузли хорижий олий ўқув юртининг филиаллари ташкил этилди.
Мамлакатимиз тараққиёти учун истеъдодли кадрларни етакчи хорижий таълим марказларида тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилганидан хабарингиз бор.
Қандай оғир бўлмасин, тан олишимиз керак, юртимиз равнақи учун энг зарур йўналишлар бўйича изланувчан, истеъдодли ёш кадрларни четда, ривожланган давлатларда ўқитишга мажбурмиз. Шунинг учун ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий ўқув юртлари, мамлакатимиздаги илмий марказлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан яқин ҳамкорликда самарали иш олиб бориши керак.
Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда халқ билан мулоқотларда билдирилаётган таклифлар асосида келгусида ижтимоий соҳада қуйидаги вазифаларни амалга оширишимиз лозим бўлади.
Биринчидан, Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя моделини реал талаблар асосида умумэътироф этилган халқаро стандартлар даражасига кўтариш зарур.
Бу борада ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган шахсларни, эҳтиёжманд ва ночор оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларни арзон уйлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келаётганимиз барчангизга маълум. Жорий йилнинг ўзида 21 минг 500 дан зиёд ана шундай оила арзон уй-жойлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, 30 минг 500 га яқин ногиронлиги бўлган шахсларга умумий қиймати 3,6 миллиард сўмлик протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари ажратилди. Уларнинг 16 минг нафари реабилитация марказларида даволанди ва бу мақсадлар учун қарийб 17 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Ана шундай хайрли ишларимизни келгусида ҳам тизимли равишда давом эттирамиз, албатта.
Конституциямизда аҳолининг муҳим ижтимоий ҳуқуқи сифатида кафолатланган пенсия таъминоти келгуси йилларда ҳам энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолади. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб пенсия тўловининг юқори чегараси энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробарига оширилади ва ишлаётган пенсионерларга пенсиялар тўла миқдорда тўланади.
Иккинчидан, тиббиёт ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш ҳамда рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш зарур.
Шифокорлик касбини эгаллаш осон иш эмаслигини, бу инсондан машаққатли меҳнат, мустаҳкам ирода ва матонат талаб этишини ортиқча тушунтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Лекин, шу ўринда савол туғилади: биз тиббиёт ходимларига етарли шароит яратиб бердикми? Уларнинг маошлари, меҳнат шароитлари қилаётган хизматларига муносибми? Афсуски, йўқ.
Жорий йил 1 декабрдан тиббиёт ходимлари ойлигини оширдик, бу – биринчи қадам. Келгуси йилда бу борада бошлаган ишларимизни давом эттирамиз.
Аҳолига кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида келгусида мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этишимиз керак.
Учинчидан, халқ таълими соҳасидаги таълим стандартлари ва ўқитиш услубларини илғор хорижий тажрибалар асосида, ўқувчининг индивидуал қобилиятини рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш лозим.
Фарзандларимизнинг қобилиятини рўёбга чиқаришга болаликдан эътибор бериб, уларнинг камолоти учун барча имкониятларимизни сафарбар этсак, юртимиздан яна кўплаб Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар етишиб чиқади. Мен бунга ишонаман.
Тўртинчидан, касб-ҳунар коллежлари, афсуски, аксарият ҳолларда реал талаб бўлмаган касблар бўйича қуруқ диплом берадиган даргоҳга айланиб қолди.
Мен ҳудудларга ташриф буюрганимда одамлар билан кўпроқ мулоқот қилишга ҳаракат қиламан. Ҳайрон қоласиз, жойларда оддий қурувчи, тракторчи ёки механизатор йўқ. Ишнинг кўзини биладиган ер тузувчи ёки сувчи топиш амримаҳол. Кўп жойларда коллежларни битирган болаларни керакли касбга қайта ўқитишга тўғри келмоқда.
Қани, касб тарбияси? Қани, меҳнат бозорини ўрганиш? Афсуски, ҳеч ким бу масала билан жиддий шуғулланмаяпти.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан бирга иқтисодиётнинг реал секторидаги талабни камида 10-15 йил олдин прогноз қилиб, шунга қараб мутахассис тайёрлаш чораларини кўриши зарур.
Бешинчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишсизликни камайтириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган зарур чоралар кўришимиз лозим.
Савол туғилади: мамлакатимизда ҳақиқий ишсизлар сони қанча? Иқтисодиётнинг норасмий секторида неча фоиз аҳоли банд? Хорижга иш қидириб кетганларнинг сони-чи?
Биз бир нарсани тўғри тушунишимиз керак: битта ишсиз одам – ўнта муаммо дегани. Бу муаммолар ишсиз одамнинг ўзига, оиласи ва маҳалласига, жамиятга келтирадиган зарарини ҳисобласак, масаланинг нақадар жиддий экани янада ойдинлашади.
Биз бу йил қабул қилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” ҳамда“Ёшлар – келажагимиз” дастурлари доирасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун катта имтиёзлар берилди. Келгуси йилда ҳам биз ушбу дастурлар ижросини қатъий назоратга олиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.
Биз ёшларимизда тадбиркорлик ташаббусини ривожлантира олсак, уларга маблағлардан тўғри фойдаланишни ўргатсак, нафақат иқтисодий, балки кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳам ҳал этган бўламиз.
Олтинчидан, қишлоқ жойларда янги намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп қаватли уйлар қуриш бўйича ишларимизни такомиллаштириш керак.
Айрим ҳудудларда уйларнинг сифати бўйича Виртуал қабулхонага одамлар шикоят билан мурожаат қилмоқда. Айнан фуқароларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, эҳтиёжманд аҳоли қатламлари учун бунёд этилаётган арзон уйлар сонини ошириш ва сифатини яхшилаш бўйича яқинда алоҳида дастур қабул қилдик. Ушбу дастур ижросига масъул бўлган мутасадди идоралар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришлари ва халқимизни рози қилишлари шарт ва зарур.
Ҳурматли юртдошлар!
Кейинги икки йилда фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, турмуш шароитларини яхшилаш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга қаратилган 90 та қонун ҳамда 2 мингдан зиёд фармон ва қарорлар қабул қилдик.
Қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган 13 мингдан ортиқ топшириқларнинг 20 фоизи муддатида ижро қилинмаган. Бу Вазирлар Маҳкамаси, қатор давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари раҳбарлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг ишга масъулиятсиз ёндашаётганидан далолат бермоқда.
Биз марказда ва жойларда ортиқча мажлисларни кескин камайтириб, кўпроқ амалий ишлар ва аниқ натижа билан шуғулланишимиз керак. Нега деганда, одамлар қуруқ мажлисбозликдан чарчади.
Олиб бораётган ислоҳотларимиз ва давр талабидан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уни чинакам ижро ҳокимиятининг олий органига айлантириш вақти келди, деб ўйлайман.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, чуқур ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳеч қайси мамлакатда осонликча амалга оширилган эмас.
Ислоҳотлар албатта эскича яшаш, эскича ишлашга ўрганиб қолган айрим мансабдорларга ёқмайди. Буниям очиқ айтишимиз керак. Чунки ўзгариш, янгиланиш уларнинг тинчи ва оромини, ҳузур-ҳаловатини бузади. Лекин ҳаёт давом этар экан, ҳаёт талаби бўлган ислоҳотлар ҳам изчил давом этиши муқаррар. Бу ҳақиқатни ва талабни барча даражадаги раҳбарлар чуқур англаб олишлари зарур.
Қадрли анжуман иштирокчилари!
Сизларга яхши маълумки, қонунлар ижроси устидан парламент назоратини ташкил этиш Сенат Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикерининг конституциявий ваколати ҳисобланади. Лекин, афсуски, парламентнинг бу соҳадаги фаолиятида туб ўзгариш сезилмаяпти. Жумладан, жорий йилда давлат органлари ва мансабдор шахсларга Сенат бор-йўғи 2 та, Қонунчилик палатаси эса 3 та парламент сўрови юборган, холос.
“Парламент мажлисларида марказий органлар ва ҳудудлар раҳбарлари ҳисоботларини эшитдик”, деб мақтанамиз. Лекин савол туғилади: бундай ҳисоботлар бўлаётган бўлса, уларнинг натижалари бўйича қандай ҳужжатлар қабул қилинди ва ижрога йўналтирилди? Фаолияти қониқарли бўлмаган қайси вазир ёки ҳокимга нисбатан муносабат билдирилди?
Халқ вакилларининг қатъий позицияси қаерда қолди?
Мисол учун, қайси сенатор ёки депутат Солиқ сиёсати концепцияси ижроси билан қизиқиб, Молия вазирлиги ёки Давлат солиқ қўмитаси раҳбарларига сўров юборди?
Энг асосий камчилик шуки, Олий Мажлис ҳали-ҳануз ҳақиқий баҳс-мунозаралар майдонига айлангани йўқ.
Шу муносабат билан Олий Мажлис палаталарида қонунлар ижросини кўриб чиқиш, раҳбарлар ҳисоботини эшитиш билан чекланмасдан, бевосита жойлардаги аҳволни тизимли равишда ўрганиш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш зарур, деб ҳисоблайман.
Яна бир инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат борки, фуқароларда ҳам ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ҳисси шаклланиши керак. Ана шундагина кўзлаган мақсадларга эришиб, олдимизга қўйилган вазифаларнинг тўлиқ уддасидан чиқамиз.
Бу жараёнда кучли ва таъсирчан жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёсдир. Шу мақсадда келгуси йилдан бошлаб “Жамоат фикри” порталини ишга туширишга қарор қилдик.
Ҳаммамиз яхши тушунамиз, жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ғоят муҳим ўрин тутади.
Мен оммавий ахборот воситалари фаолиятини мунтазам кузатиб бораман. Лекин, афсуски, ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ижроси билан боғлиқ муаммолар, аҳоли мурожаатлари юзасидан газета, теле ва радиоканалларда танқидий мақола, кўрсатув ва эшиттиришлар жуда кам.
Ваҳоланки, ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситалари халқ манфаатларининг чинакам ҳимоячисига айланиши лозим. Бунинг учун улардан шижоат, профессионал маҳорат, холислик ва чуқур таҳлилий салоҳият талаб этилади.
Жамиятимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар самарасини таъминлаш учун қуйидаги вазифаларни амалга оширишимиз зарур, деб ҳисоблайман.
Биринчидан, Олий Мажлис палаталарининг парламент сўровлари ва парламент эшитувлари қонун ва қарорлар ижросини ҳамда ислоҳотларимиз самарадорлигини таъминловчи таъсирчан воситага айланиши керак.
Иккинчидан, депутат ва сенаторларимиз бевосита жойларга чиқиб, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тизимли равишда чуқур ўрганиб боришлари зарур. Уларни ҳал этиш бўйича Ҳукумат ва ҳокимликлар олдига вазифа қўйиши ва талаб қилиши, шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича аниқ чораларни кўришлари айни муддао бўлур эди.
Учинчидан, ўйлайманки, қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалиётидан воз кечиш ва тўғридан-тўғри қўлланадиган қонунлар қабул қилиш вақти келди.
Мисол учун, ҳозирги вақтда хорижий инвестициялар соҳасида 8 та қонун, 14 та фармон ва 100 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари мавжуд. Лекин маҳаллий ва чет эллик инвесторларга бизда нечта фармон ёки қарор борлиги эмас, балки уларнинг аниқ ва самарали ишлаши учун яхлит тизим мавжудлиги муҳим.
Мен ҳурматли депутатларимиздан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда шунчаки кузатувчи ёки эксперт эмас, балки ташаббусни ўз қўлларига олиб, бевосита лойиҳа ташаббускори ва ижодкори бўлишларини илтимос қиламан. Улардан сайловчилар, халқимиз ҳам шуни кутмоқда.
Бу борада зудлик билан ўз аҳамиятини йўқотган қонунлар рўйхатини шакллантиришимиз, амалдаги мавжуд муаммоларни чуқур ва танқидий равишда ўрганиб, энг илғор халқаро тажрибалар асосида тўғридан-тўғри амалиётга қўлланадиган қонунлар қабул қилишимиз лозим.
Тўртинчидан, ҳар бир қонун ёки қарорнинг яратилиши соҳадаги мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил этишни, хорижий илғор тажрибаларни ўрганишни, бир сўз билан айтганда, машаққатли меҳнатни талаб этади.
Ҳар қандай қонун ҳужжатини қабул қилишдан пировард мақсад – халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш эканини унутмаслигимиз зарур.
Бу жараёндаги энг асосий масала – қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ижрочилар ва аҳолига ўз муддатида етказиб бериш, уларни амалга оширишни қатъий таъминлашдан иборат. Бу борада адлия идораларининг ролини янада кучайтириш вақти-соати келди.
Ҳурматли юртдошлар!
Ҳар қандай қонун маълум ҳуқуқ бериш билан бирга, зиммамизга мажбурият ҳам юклайди.
Асосий қонунимиз билан барча фуқаролар зиммасига Конституция ва қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурияти юклатилган.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг шаклланиши, авваламбор, тарбия ва муҳит билан бевосита боғлиқдир.
Биргина мисол. Канаданинг 1 миллиондан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган Калгари шаҳрида жорий йилнинг 10 ойида автоҳалокатлар туфайли 10 нафар шахс нобуд бўлган.
Ўзингиз солиштириб кўринг: жами 2 ярим миллиондан зиёд автотранспорт мавжуд бўлган бизнинг юртимизда эса, шу даврда 1 минг 600 дан ортиқ киши автоҳалокат қурбони бўлган. Бу – оғир кулфат, катта йўқотиш эмасми?!
Биз йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтирдик. Лекин шунинг ўзи билан муаммони тўлиқ ечиш мумкинми? Менимча, йўқ!
Бунинг сабаби жамиятда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада шаклланмагани билан бевосита боғлиқ.
Биз жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни лозим даражада шакллантирмас эканмиз, ҳуқуқбузарликка чек қўймас эканмиз, қонунни бузиш ҳолатлари давом этаверади.
Қонунларга ҳурмат одамларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданияти асосида шаклланади. Яъни, айрим кишилар жазодан қўрқиб қонунга итоат этса, бошқалар болаликда олган тарбиясига кўра қонунни ҳурмат қилади.
Шу боис биринчи навбатда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарбияни кенг йўлга қўйишимиз лозим.
Оддий қилиб айтганда, фарзандларимизга болалик пайтидан “яхши” ва “ёмон”, “мумкин” ва “мумкин эмас” деган тушунчалар ўртасидаги фарқни ўргатишимиз, ўзимиз эса уларга доим шахсий намуна бўлишимиз керак.
Албатта, мактабларда “ҳуқуқ” дарслари ўтилади, лекин уларнинг мазмуни юзаки ўқитишдан иборат бўлиб, ҳуқуқнинг тарбиявий аҳамияти иккинчи ўринга тушиб қолгани ҳам сир эмас.
Мутасадди идоралар томонидан амалга оширилаётган қонунчилик тарғиботи ҳам тизимли йўлга қўйилмаган. Шунинг учун ҳуқуқий билимларни, қонунларнинг мазмун-моҳиятини таълим масканлари, оммавий ахборот воситалари, Интернет ресурсларидан, адабиёт, санъат, диний муассасалар имкониятларидан фойдаланган ҳолда, самарали усуллар билан тарғиб қилишимиз зарур.
Афсуски, биз Асосий қонунимиз ҳақида Конституция байрамига ўн-ўн беш кун қолганда гапира бошлаймиз. Ҳолбуки, Конституцияни, унинг ғояларини ўрганиш ва ўргатиш барчамизнинг доимий вазифамиз бўлмоғи зарур.
Эсингизда бўлса, бу масала бўйича бундан анча йиллар олдин Олий Мажлис қарори ҳам қабул қилинган эди. Лекин ўтган даврда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ҳаётимизда кўп нарса ўзгарди. Бинобарин, энди бу қарорни янгилаш, унга замон руҳини сингдириш зарурати пайдо бўлмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимизнинг ҳар бир моддаси биз учун дастуриламалга, ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур. Бунинг учун Асосий қонунимизни умумтаълим мактабларида, олий ўқув юртларида, маҳалла ва меҳнат жамоаларида тизимли равишда ўрганиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишимиз керак.
Биз жамиятимизда шундай ҳуқуқий маданиятни шакллантиришимиз керакки, унга мувофиқ Конституция ва қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурият эмас, балки кундалик қоида ва одатга айланиши шарт.
Мухтасар қилиб айтганда, фуқароларимиз қонунларни бузишдан кўра, уларга амал қилишдан манфаатдор бўлишлари лозим.
Яна бир фикрга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Афсуски, жамиятимизда ҳанузгача боқимандалик кайфияти бутунлай барҳам топгани йўқ.
Барчамиз бир нарсани тушуниб олишимиз керак: яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ.
Кўзлаган марраларимиз қанчалик юксак ва машаққатли бўлмасин, уларга етиш учун барча имкониятларимиз мавжуд. Аждодларимиз мероси, халқимизнинг илмий ва бунёдкорлик салоҳияти ҳамда тадбиркорлик фазилати бизга бу йўлда беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади.
Биз халқимизнинг фаровон ҳаётини, фарзандларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун бундан буён ҳам бир тану бир жон бўлиб, бор салоҳият, билим ва тажрибамизни сафарбар этишимиз лозим.
Юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ўғил-қизларимизнинг илмга, ҳунарга бўлган интилишларини ҳар томонлама кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш келгусида ҳам ислоҳотларимиз марказида бўлади.
Биз ташқи сиёсатимизда узоқ ва яқин қўшниларимиз билан дўстлик алоқаларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантирамиз.
Чунки:
Билимли авлод – буюк келажакнинг,
тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг,
дўстона ҳамкорлик эса – тараққиётнинг кафолатидир!
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги маросимда иштирок этаётган, бизга хайрихоҳ бўлган, мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларини, халқаро ташкилотлар вакилларини бугунги байрам билан самимий қутлаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик ва равнақ тилашга ижозат бергайсиз.
Қадрли дўстлар!
Азиз ватандошларим!
Сизларни бугунги Конституция байрами билан яна бир бор самимий муборакбод этаман.
Барчамизга келгуси йилда ҳам соғ-саломат ва хуш кайфиятда учрашиш насиб этишини Яратгандан сўраб қоламан.
Эътиборингиз учун раҳмат.