23.11.2018
Азиз дўстлар!
Сизларни Навоий кон-металлургия комбинати ва Навоий шаҳри ташкил этилганининг 60 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ўтган тарихан қисқа даврда минг-минглаб ишчи ва мутахассисларнинг фидокорона меҳнати туфайли Қизилқум саҳросида ривожланган ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмасини ўзида мужассам этган, нафақат юртимиз, балки чет элларда ҳам машҳур бўлган замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси қад ростлади.
Комбинатнинг қурилиши ҳудуддаги мамлакатимиз иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга улкан минерал бойликларнинг кенг миқёсда ўзлаштирилишини бошлаб берди.
Таъкидлаш жоизки, 60 йил муқаддам бу заминда мазкур саноат мажмуаси негизида бунёд этилган, буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий номи билан аталган мамлакатимизнинг энг кўркам ва замонавий шаҳарларидан бири – Навоий шаҳри ҳам бугун ўз юбилейини нишонламоқда.
Кон бошқармалари ва йирик саноат объектлари негизида Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод, Заркент ва Маржонбулоқ шаҳарлари барпо этилди.
Замонавий шаҳарсозликнинг ёрқин намуналари бўлган ушбу масканлар йил сайин обод бўлиб, ҳар томонлама равнақ топмоқда.
Ҳудудда янги корхоналар қурилмоқда, жаҳон андозалари даражасидаги технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватлари кенгаймоқда.
Етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланаётгани харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бериб, бутун тармоқнинг барқарор фаолиятини таъминламоқда.
Бугунги кунда ўзбек олтинининг юқори сифати бутун дунёда эътироф этилгани, мамлакатимиз олтин-валюта захиралари ортиб, иқтисодий салоҳияти юксалиб бораётганида ҳам иқтисодиётимиз локомотиви бўлмиш Навоий кон-металлургия комбинатининг кўп миллатли меҳнат жамоасининг хизматлари беқиёс.
Олтин, уран, нодир металлар, фосфорит хомашёси конларини ўзлаштириш билан бирга комбинат қурилиш ва дастгоҳсозлик саноати учун кенг турдаги маҳсулотлар, шунингдек, халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқараётгани қувонарлидир.
Гигант корхонанинг кўпминг кишилик жамоаси кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бутун мамлакатимизни тубдан ислоҳ этиш ва модернизация қилишда фаол иштирок этаётгани таҳсинга сазовор.
Давлатимиз томонидан Навоий кон-металлургия комбинатини ҳар томонлама ривожлантиришга биринчи даражали вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, НКМКни 2026 йилгача ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд қарийб 30 га яқин йирик инвестиция лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилиб, 30 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади.
Бу йўналишда ҳозирнинг ўзида кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан, “Ауминзо-Амантой” олтин руда конини ўзлаштириш ва унинг асосида гидрометаллургия заводини барпо этиш, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини қуриш, “Мурунтов” карьерини ўзлаштириш ишлари жадал суръат билан давом эттирилмоқда.
Комбинат негизида ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академиясининг Навоий филиали ҳудуднинг инновацион ва технологик тараққиётига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Ҳурматли дўстлар!
Мамлакатимизда стратегик ислоҳотларнинг янги босқичи бошланган бугунги кунда бутун халқимиз, жумладан, комбинат жамоаси ва Навоий шаҳри аҳолиси олдида ғоят муҳим вазифалар турибди.
Хусусан, бу ерда қатор янги юқори технологик ишлаб чиқаришларни яратишимиз, рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришимиз, ҳудуднинг улкан табиий, ишлаб чиқариш, меҳнат ва интеллектуал салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқаришимиз лозим.
Навоий кон-металлургия комбинатининг юксак профессионал малакали аҳил ва истеъдодли жамоаси ҳамда бой тажриба ва маҳоратга эга, юртимиз ва халқимизга содиқ Навоий шаҳри аҳли ана шундай кенг миқёсли вазифаларни муваффақиятли адо этишига ишонаман.
Сиз, азизларга, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, Ватанимиз фаровонлиги йўлидаги бунёдкорона меҳнатингизда янги зафарлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти