24.08.2018
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг кенг доирадаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон делегациялари аъзолари, Жамғарма бошқаруви вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
“Қарийб ўн йиллик танаффусдан сўнг ўтаётган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг бугунги тарихий мажлиси ташкилот фаолиятида янги саҳифа очади, Марказий Осиёда минтақавий шерикликка катта суръат бағишлайди. Биз бу борадаги ўзаро ҳамкорликка қатъий тайёр эканимизни яна бир бор тасдиқлаймиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Орол денгизи қуришининг оқибатлари тобора чуқурлашаётгани, Оролбўйи атрофидаги ҳудудлар чўлланиши давом этаётгани таъкидланди. Сув ресурслари танқислиги, ер деградацияси, биохилма-хилликнинг камайиши ва бошқа жиддий иқлим ўзгаришлари кузатилаётганига эътибор қаратилди.
“Шу боис бугунги учрашувимиз жуда муҳим. Ушбу ҳалокат оқибатларини енгиб ўтиш ва Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, мамлакатларимиз манфаатларини ҳисобга олган ҳолда сув ва экология билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз зарур.
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси бу борадаги ягона минтақавий ташкилотдир. У мамлакатларимиз ҳамкорлигининг таъсирчан механизмига айланиши мумкин.
Ишонаманки, ташкилот доирасида минтақанинг барча мамлакатлари манфаатлари ўртасида мувозанатга эриша оламиз. Зеро, умумий келажагимиз – ўзимизнинг қўлимизда”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Президентимиз Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудга инновацион ечимлар ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва бошқа масалалар бўйича муҳим таклифларни илгари сурди.