20.07.2018
Узоқ йиллар давомида Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар қурилмагани оқибатида аҳоли орасида уй-жойга бўлган эҳтиёж ортиб кетган.
Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг барча шаҳарларида турар-жойга муҳтож оилалар учун арзон ва ҳар томонлама қулай уй-жойлар қуриш бошланди. Жумладан, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ўтган йили 102 та кўп қаватли арзон уйлар қурилиб, 4 минг 88 та оила ўз уйига эга бўлди.
Жорий йилда Тошкент шаҳрида 28 минг хонадонли 638 та кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Уларнинг 334 таси арзон уй-жойлар бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 3 баробар кўпдир.
Жумладан, Сергели тумани “Чоштепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида чет эллик инвесторлар иштирокида 72 та 7 қаватли уй қурилиши бошланган.
Президент Шавкат Мирзиёев мазкур уйлар лойиҳаси билан танишди.
«Тошкентда ҳеч қачон бир йилда 638 та кўп қаватли уй қурмаганмиз. Битта мавзеда 72 та 7 қаватли уй режалаштирмаганмиз. Бу пойтахтимиздаги бунёдкорлик, халқимиз талабини қондириш йўлидаги ишларимиз миқёсидан бир далолат. Тасаввур қилинглар, бу уйлар қанча одамларга ишонч, қанча оилаларга файз-барака олиб келади» деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари уйлар қуришнинг замонавий ютуқларини ўзлаштириш, бундай уйларни бошқа жойларда ҳам лойиҳалаштириш бўйича топшириқлар берди.