06.07.2018
Қозоғистон пойтахтидаги Мустақиллик саройида 6 июль куни Остона шаҳрининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан ушбу тадбирда иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ушбу тарихий сана билан Қозоғистон халқи ва Президент Нурсултон Назарбоевни самимий табриклади.
Остона шаҳри янги, мустақил ва изчил ривожланаётган Қозоғистоннинг ёрқин тимсолидир. Унинг қиёфасида қозоқ халқининг бой маданияти ва анъаналари, замонавий архитектура ютуқлари мужассам. Бу шаҳар йирик иқтисодий ва молиявий марказ, халқаро форум ва учрашувлар учун қулай майдон ҳамдир, деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, 1994 йил 6 июлда Қозоғистон Олий Кенгаши мамлакат пойтахтини Олмаотадан Оқмолага кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган. 1997 йил 10 декабрда Президент Нурсултон Назарбоевнинг фармонига мувофиқ Оқмола шаҳри Қозоғистон Республикасининг пойтахти деб расман эълон қилинган. 1998 йил 6 май куни Оқмола шаҳрининг номи Остона деб ўзгартирилган. 2008 йили қабул қилинган қонунга мувофиқ “6 июль – Пойтахт куни” давлат байрами этиб белгиланган.
Ўтган даврда шаҳар ҳудуди анча кенгайиб, замонавий бинолар барпо этилди. Остона мамлакатнинг нафақат сиёсий, балки иқтисодий, ижтимоий, маданий марказига айланди.
Бу ерда минтақавий ва халқаро миқёсдаги тадбирлар ҳам ўтказилган. Жумладан, Қозоғистон пойтахти 2011 йилги қишки Осиё ўйинлари, 2017 йилги халқаро ихтисослашган кўргазмага мезбонлик қилган.
Остона тарихида мамлакатимиз учун ҳам эътиборга молик жиҳатлар кўп. Ўзбекистон Президентлари, парламент ва ҳукумат делегациялари бу ерда бир неча бор бўлган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22-23 март кунлари Остонага давлат ташрифи билан келган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу шаҳарда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитларида ҳам иштирок этди.
Расмий Остона Шавкат Мирзиёевнинг минтақа мамлакатлари раҳбарларининг учрашувини ташкил этиш ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Жорий йил 15 март куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Бу тарихий саммит минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч, шериклик ва яхши қўшнилик муносабатларининг янги босқичини бошлаб берди.
Остона шаҳрининг 20 йиллик тадбирлари яна бир самимий мулоқот майдони бўлди. Юбилейда Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳам қатнашди.
Тантанали маросимда мамлакатимиз санъат усталари томонидан ҳам куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди. Байрам тадбири халқларимиз дўстлиги, маданий яқинлигини яна бир ифодаси бўлди.