07.06.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бандликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Шу билан бирга, олиб борилган таҳлил натижалари жойларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ишлари талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.
Меҳнаткаш халқимизнинг қадимий касб-ҳунар анъаналари, ишбилармонлик салоҳияти оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини кенг оммалаштириш, экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун катта тажриба ва захира мавжудлигидан далолат беради.
Ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) амалга оширилади.
2. Қуйидагилар Дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;
тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланмаган аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тегишли фаолият турини ташкил қилишга амалий ёрдам кўрсатиш;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришга амалий ёрдам бериш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш;
касаначилик ва кичик ҳажмда ишлаб чиқарувчи субъектларни (микрофирмаларни) ташкил этиш учун молиявий ёрдам бериш орқали аҳолига қўшимча даромад ишлаб топиш имкониятини яратиш;
қишлоқ ва маҳаллаларнинг ихтисослашувини (ҳунармандчилик, тикувчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини етиштириш, ихчам иссиқхоналар ташкил қилиш ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда мазкур соҳада ижобий натижаларга эришган ишбилармонлик тажрибасига эга тадбиркорларни маҳаллаларда янги бизнес фаолияти билан шуғулланишни бошлаган оилаларга бириктириш – мини-кластерлар ташкил этиш;
жойларда оилавий тадбиркорликка кўрсатиладиган хизматлар кўламини тубдан кенгайтириш, тадбиркор оилаларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи бозор инфратузилмаси объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш;
қишлоқ ва маҳаллаларда бўш турган ер майдонларини янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига бериш орқали аҳоли учун қўшимча иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш;
вақтинчалик молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаб, улар фаолиятини тиклаш ва қонунийлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш.
3. Дастурни амалга ошириш учун қуйидаги ишчи гуруҳлар тузилсин:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш бўйича ташкилий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда – Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар);
инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалаларига масъул бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари раҳбарлигида Аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тавсиялар бериш бўйича махсус ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда – Махсус ишчи гуруҳлар);
туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида Тадбиркорлик фаолияти ташкил этишга амалий ёрдам бериш ҳамда мониторинг қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда – Ҳудудий ишчи гуруҳлар).
Бунда:
Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари, ҳудудий молия, солиқ, инвестиция бошқармалари, тижорат банклари ҳудудий филиаллари ва иқтисодий мажмуага кирувчи бошқа идораларнинг масъул ходимлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳудудий бўлинмалари раҳбар ходимлари;
Махсус ишчи гуруҳлар ҳудудий Савдо-саноат палатаси, инвестиция, солиқ бошқармалари, тижорат банклари ҳудудий филиаллари, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳудудий бўлинмалари вакиллари;
Ҳудудий ишчи гуруҳлар иқтисодий мажмуага кирувчи ташкилотлар малакали мутахассис ходимларининг 50 фоиз қисмидан, банк филиаллари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлинмалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва профилактика инспекторларидан иборат таркибда шакллантирилади.
4. Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларга:
Ҳудудий ишчи гуруҳларнинг ҳар бир оилани ўрганиш натижалари бўйича ишларини мувофиқлаштириш;
Ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиш натижалари бўйича киритилган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриб бориш, республика миқёсида ҳал этилиши зарур бўлган масалаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идораларга киритиб бориш;
туман ва шаҳарларда тадбиркорлик фаолияти ривожланиши учун қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш, янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида Ҳудудий ишчи гуруҳларнинг фаолиятини мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш ва ҳар ой натижалари бўйича улар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирларини белгилаш;
ҳар бир туман ва шаҳарда Дастурда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари хусусида Дастур координаторларига батафсил ахборот киритиб бориш вазифалари юклатилсин.
5. Махсус ишчи гуруҳларга:
тадбиркорлик билан шуғулланиш иштиёқида бўлган фуқароларни ушбу фаолиятга йўналтириш учун жойларга чиққан ҳолда “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш асослари ва унинг маҳаллий шароитларга мос бўлган турлари” мавзусида ўқув машғулотларини ўтказиб, уларга аниқ ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқилган турли йўналишлардаги тайёр бизнес-режаларни тақдим этиш;
ички ва ташқи бозорларни доимий равишда ўрганиб борган ҳолда барқарор ҳамда долзарб талабга эга бўлган маҳсулотларнинг рўйхати ва ҳажми юзасидан маълумотлар базасини шакллантириш, ҳар ойда янгилаб бориш ҳамда ушбу маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғидан кенг фойдаланган ҳолда аҳолига мунтазам равишда етказиб бориш ва йўналишлар бериб бориш;
харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун замонавий мини-технология ва бошқа ускуналарнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган оилаларга тақдимотларини ўтказиш ва сотиб олишига кўмаклашиш;
кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолига касаначилик ва кичик ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқарувчи микрофирмаларни ташкил этиш орқали қўшимча даромад топиш имконини яратиш;
тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш (шу жумладан, бюджет ташкилотларига) орқали уларнинг фаолиятига кўмаклашиш юклатилсин.
6. Ҳудудий ишчи гуруҳларга:
ҳар бир оила ва хонадонларни хатлов асосида қамраб олган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланиш салоҳияти, истак ва таклифларни синчковлик билан ўрганиш;
ўрганиш давомида оилаларнинг тадбиркорлик ғояси ва кўникмаси, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитлари мавжудлигини аниқлаш;
ҳовли ва кўп қаватли хонадонларда яшовчи ҳар бир оиланинг тадбиркорлик салоҳияти ва имкониятларини таҳлил қилиш, яшаш ҳудудининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишлари учун кенг қамровли йўналишлар бериш ва кўмаклашиш;
тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш истагида бўлган шахсларга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратиш ишларини ташкиллаштириш;
аҳолининг шахсий томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар бериш, уларни амалга оширишга кўмаклашиш;
тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган оилаларга янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда айрим сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар фаолиятини қайта тиклаш учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши ҳамда мавжуд муаммолар ҳал этилишига амалий ёрдам бериш;
тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, уни амалга оширишда ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа давлат хизматлари кўрсатилишида тавсиялар ҳамда кўмак бериш;
ҳар ойда камида бир марта тадбиркорликни янги ташкил қилган оилаларга ташриф буюриб, фаолияти давомида юзага келаётган муаммоларни ўрганиб бориш, уларни бартараф этиш ва ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш;
ўрганиш натижалари бўйича ҳудуд ва республика миқёсида ҳал этилиши зарур бўлган масалалар ва таклифларни Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларга киритиб бориш вазифалари юклатилсин.
7. Дастур амалга оширилишини мувофиқлаштириш, тизимли мониторинг қилиш ва рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари А.Р.Каримов, иқтисодиёт вазирининг ўринбосари А.Ж.Ортиқов, Марказий банк раисининг ўринбосари А.Р.Исламовлар – Дастур координаторларига юклатилсин.
Дастур координаторлари ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳар ой якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ахборот киритиб борсин.
8. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига зарур бўлган ҳолатларда Дастурда белгиланган вазифаларни қўшимча молиялаштириш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) Дастур доирасида тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитларга устувор равишда кафилликлар ва фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар ажратсин.
Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар Жамғармага тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этиладиган йўналишларни кенгайтириш юзасидан таклифлар киритиб борсин.
9. Белгилаб қўйилсинки, тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар:
энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдорда – оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари;
энг кам иш ҳақининг минг бараваригача миқдорда – белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари;
энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда – тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилади.
10. Дастур координаторлари зиммасига туман ва шаҳарларда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан самарадорлиги юқори, барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларга энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда Дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан имтиёзли кредит ажратишга Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларнинг қарорига асосан хулоса бериш вазифаси юклатилсин.
Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар аъзолари ўз қарори асосида имтиёзли кредит ажратилган лойиҳаларнинг тўлиқ ишга туширилиши ҳамда келгусида ушбу лойиҳаларнинг самарали ишлашини мониторинг қилсин.
Дастур координаторлари Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳларнинг қарорлари асосида кредит ажратилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳолатини алоҳида назорат қилиб борсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги суғурта ташкилотлари билан биргаликда тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитларнинг қайтмаслик хатари суғурталанганда суғурта тўловини 1,5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш ҳамда суғурталаш шартларини енгиллаштириш чораларини кўрсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда фойдаланилмаётган ер майдонларини инвентаризациядан ўтказиб, белгиланган муддатларда фойдаланилмаган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда бекор қилиниши ҳамда ушбу ер майдонларини Дастур доирасида фаолиятини бошлаётган ва кенгайтираётган тадбиркорлик субъектларига ажратиш юзасидан зарурий чоралар кўрсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва улар фаолиятини қонунийлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин ва натижаси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мунтазам равишда туман ва шаҳарларда замонавий мини-технологиялар ва бошқа ускуналар сайёр кўргазмаларини ташкил қилиш чораларини кўрсин.
15. Жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб намунавий тарзда Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида “Ҳар бир оила – тадбиркор” ҳудудий дастури (кейинги ўринларда – Ҳудудий дастур) амалга оширилсин.
Андижон вилояти ҳокими (Ш.Қ.Абдураҳмонов) жорий йилнинг 10 июнига қадар мазкур қарорда кўрсатилган ишчи гуруҳларни тузсин.
16. Ҳудудий дастурда кўзда тутилган вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадларига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан жалб қилинадиган хорижий молия институтлари кредит линияларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилиши маълумот учун қабул қилинсин.
Дастур координаторлари мазкур маблағларни туманлар (шаҳарлар) салоҳияти, келиб тушган мурожаатларнинг асосланганлиги, шакллантирилган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлиги ҳамда ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Андижон вилояти тижорат банклари ва туманлар (шаҳарлар) кесимида тақсимласин ҳамда уларга зарур ҳолларда қайта тақсимлаш ваколати берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (А.К.Мирсоатов) ушбу кредит маблағларини Дастур координаторлари тақсимотига асосан Андижон вилоятида фаолият юритувчи тижорат банкларига йиллик 3 фоиз тўлов шарти билан қайта молиялаштирсин.
17. Андижон вилояти ҳокимлиги (Ш.Қ.Абдураҳмонов) манфаатдор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари, Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки билан биргаликда:
бир ой муддатда наслли қорамол, парранда ва қуёнларни маҳаллий шароитларга мослаштирувчи махсус фермаларни ташкил этиш;
мазкур фермаларга чет элдан маҳсулдорлиги юқори бўлган наслдор қорамол, эчки ва қуён зотларини олиб келиш, кўпайтириш ҳамда вилоятнинг табиий-иқлим шароитларига мос зотларини яратиш, молларни сунъий қочиришнинг илғор технологияларини жорий этиш;
мазкур фермаларда маҳаллий шароитга мослаштирилган наслдор қорамол, эчки ва қуён зотларининг кўргазмаларини ташкил этиш ва аҳоли
хоҳишига асосан уларни танлов асосида мақбул нархларда сотиб олинишига замин яратиш;
аҳолига махсус фермалардан сотиб олинган чорва моллари, қуён ва паррандаларни боқиш технологияларини батафсил тушунтириш ва келгусида ҳар бир хонадонда мавжуд чорва моллари ва паррандаларни вакцинация қилиш тадбирларини амалга ошириш, аҳолига наслдор молларни сунъий қочириш ва узлуксиз ветеринария хизматлари кўрсатиш тармоғини кенгайтириш;
сифатли омихта ем ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш борасида лойиҳа ташаббускорларига ҳар томонлама кўмаклашиш, аҳолининг йиллик эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда омихта ем, витаминлар, премикслар, қўшимчалар ҳамда ветеринария препаратларини етказиб бериш;
йирик тадбиркорларни жалб этган ҳолда саноатлашган чорвачилик кластерларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Б.З.Асадов Андижон вилояти ҳокими Ш.Қ.Абдураҳмонов билан биргаликда оилавий тадбиркорлик фаолияти илғор ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш учун Андижон вилояти иқтисодий комплекси мутасадди ходимларини хизмат сафарига юбориш бўйича тегишли чораларни кўрсин.
19. Белгилансинки, республиканинг бошқа ҳудудларида Дастур уни амалга оширишнинг аниқ молиявий манбалари ва ҳисоб-китобларини назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилади.
20. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш тартибини ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
21. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига ушбу қарор билан белгилаб берилган мақсад ва вазифаларни кенг кўламда ёритиш тавсия этилсин.
22. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев