22.05.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ва тасдиқлаш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш тартибини соддалаштириш, шунингдек, капитал қурилишда пудратчиларнинг роли ва жавобгарлигини кучайтириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг давлат ривожланиш дастурларига киритилган лойиҳаларни фойдаланишга “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида (Engineering Procurement Construction) (кейинги ўринларда – EPC-пудратчилар) “fast-track” услубида (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаш, харид қилиш ва қурилиш ишлари) реализация қилишда пудратчиларга, жумладан, хорижий пудратчиларга қурилиш соҳасидаги тегишли лицензиялар ва (ёки) рухсатномаларни олмасдан, лойиҳаларни сифатли амалга ошириш бўйича тўлиқ жавобгарликни EPC-пудратчиларга юклаш шарти билан бир марталик рухсат беришга ҳақли;
EPC-пудратчилар “fast-track” услубида лойиҳаларни реализация қилиш учун рухсат олишда шу каби лойиҳалар бўйича амалий тажрибага, муайян молиявий кўрсаткичлар ва малакали муҳандислар таркибига эга бўлиши ҳамда Агентлик томонидан белгиланган бошқа мезонларга мос келиши шарт;
Архитектура ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятини лицензиялаш Агентлик томонидан амалга оширилади.
2. Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш фаолиятини лицензиялаш бекор қилинсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
ушбу Фармон иловасида назарда тутилган қурилиш соҳасидаги айрим фаолият турларини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази (кейинги ўринларда – Марказ) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказадиган шахсларни аккредитациялашга масъул орган ҳисобланади;
Агентлик давлат буюртмачиси ва “fast-track” услубида лойиҳаларни реализация қилишга рухсат олган EPC-пудратчиси ўртасида давлат харидлари ҳақида тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат беришга ҳақли.
4. Марказга “fast-track” услубида лойиҳаларни реализация қилишга рухсат олган EPC-пудратчилар томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги халқаро ва (ёки) миллий норматив ҳужжатлардан фойдаланиш талабларини белгилаш ҳамда келишиш ҳуқуқи берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги “Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5392-сон Фармони учинчи бандининг бешинчи хатбошиси ҳамда унинг 1-иловаси ўз кучини йўқотган деб топилсин.
6. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
архитектура ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятини лицензиялаш тартиби ҳамда қурилиш соҳасидаги айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш учун киритишни;
қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритишни таъминласин.
7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Садиков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев