10.05.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги вақтларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу мақсадларда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тизими қайта ташкил қилинди. Натижада биргина 2017 йилда қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва лизинг бўйича хизматлар кўрсатиш ҳажми 1,7 баравар, механизация хизматлари ҳажми 2,5 баравар ошди.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон техника билан таъминлаш, техника паркини янгилаш, шунингдек, уларга ўз вақтида сервис хизматини кўрсатиш ишларида жиддий камчиликлар сақланиб қолмоқда, хусусан:
биринчидан, реал эҳтиёж, агротехника тадбирларини ўтказиш муддатлари ва молиялаштириш манбаларидан келиб чиқиб, машина-трактор парклари, тегишли хизматлар кўрсатувчи хусусий ташкилотлар, шунингдек, фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш бўйича буюртмаларни шакллантириш, шартномалар тузишнинг бозор механизмлари мавжуд эмас;
иккинчидан, энг мақбул агротехник муддатларда оммавий қишлоқ хўжалиги ишларини амалга ошириш учун ўзиюрар қишлоқ хўжалиги техникаси етарли эмас, ўз вақтида ишлаб чиқаришни режалаштириш ва ташкил этиш бўйича ишлар тизимли йўлга қўйилмаган;
учинчидан, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасининг пастлиги, оқибатда, ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаси таннархининг рақобатбардош эмаслиги механизация хизматлари ва ишлаб чиқарилаётган якуний маҳсулот нархининг ошиб кетишига олиб келмоқда;
тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришни молиялаштириш механизми мукаммал эмас, лизинг механизмлари, хусусий сервис ташкилотлари ва фермер хўжаликлари маблағларини жалб этишдан етарли даражада фойдаланилмаяпти.
Қишлоқ хўжалиги техникаси паркини янгилаш ва модернизация қилиш ҳисобидан қишлоқ хўжалигини техник жиҳатдан жиҳозлаш даражасини янада ошириш, агротехника ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ томонидан шакллантирилган 2018 йилда ҳудудлар кесимида, жумладан, лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришнинг қўшимча ҳажмлари параметрлари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш учун буюртмалар портфелини шакллантириш устувор равишда бир йилда икки марта –февраль-март ва сентябрь-октябрь ойларида маҳаллий ва жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари иштирокида ўтказиладиган ҳудудий ярмаркалар давомида амалга оширилади. Бунда февраль-март ойларида қишлоқ хўжалиги техникасини жорий йил учун, сентябрь-октябрь ойларида – келгуси йил учун етказиб бериш бўйича қўшимча шартномалар тузилади;
ишлаб чиқарувчиларга қишлоқ хўжалиги техникаси учун олдиндан тўлов етказиб берилаётган техника нархининг 80 фоизидан кам бўлмаган миқдорда техникани етказиб бериш бошланишидан 120 кундан кам бўлмаган муддатда, якуний ҳисоб-китоб эса етказиб берилган техника қабул қилингандан кейин 10 иш куни давомида амалга оширилади;
“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК 1-иловага мувофиқ етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш учун товарларни сотиб олиш бўйича импорт контрактларининг комплекс экспертизасини амалга оширади.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда:
2018 йилда туманлар кесимида қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришнинг қўшимча ҳажмлари параметрларини, шунингдек, ушбу қарорни инобатга олган ҳолда, уларни молиялаштириш ва етказиб беришнинг ойма-ой графикларини;
буюртмалар портфелини шакллантириш ва шартномалар тузиш, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни молиялаштириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига механизациялашган хизмат кўрсатиш ишларини ташкил этиш схемаларини тасдиқласин.
4. “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:
қишлоқ хўжалиги техникасининг маҳаллий брендини ишлаб чиқиш
ва ишлаб чиқаришга жорий этишни назарда тутган ҳолда Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш концепциясини;
2018-2020 йилларда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарининг янги ишлаб чиқаришларини яратиш ва мавжудларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш юзасидан инвестиция лойиҳалари рўйхати билан бирга қишлоқ хўжалиги техникасининг ҳар бир тури бўйича ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини;
2018-2020 йилларда ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан тармоқ кооперацияси доирасида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаси ва унинг компонентлари таннархини пасайтириш дастурини;
қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни молиялаштиришни яхшилаш учун халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этиш бўйича таклифларни киритсин.
6. Тижорат банкларига қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида етказиб беришни келгусида молиялаштириш учун асосий қарз ва фоизларни тўлдириш бўйича 4 ойдан кам бўлмаган муддатга имтиёзли давр билан лизинг ташкилотларига кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин, бунда:
қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришга ва қишлоқ хўжалигига илмий ютуқларни жорий этиш муддатларини қисқартириш мақсадида Институт фаолиятини тубдан яхшилаш;
Институтнинг “Ўзагротехмаш” АЖ, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи бошқа илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан самарали илмий-техник кооперацияси ва ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиш;
жаҳон бозорида янги, рақобатбардош қишлоқ хўжалиги техникаси турлари ва моделларини ишлаб чиқиш, яратиш, тайёрлаш, синовдан ўтказиш ва ишлаб чиқаришга жорий этишнинг ягона режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда юқорида кўрсатилган ташкилотлар фаолиятига жорий қилиш назарда тутилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда:
а) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ ҳўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш учун маблағларнинг ўз вақтида ажратилиши устидан тизимли мониторинг ва назорат ўрнатсин;
б) 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар фаолиятини ўргансин, сабзавотчилик, узумчиликни жадал ривожлантириш истиқболларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги техникаси паркини тўлиқ хатловдан ўтказсин ҳамда молиялаштириш, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш, етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин, бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилсин:
қишлоқ хўжалиги техникаси паркини унификация қилиш ва жойларда уларга сервис хизмати кўрсатишни ташкил этиш, зарур эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришни ўзлаштиришни назарда тутган ҳолда агротехника тадбирларининг турлари бўйича қишлоқ хўжалиги техникасига бўлган миқдорий эҳтиёж, фойдаланишга яроқсиз ҳамда ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлган техникани инобатга олган ҳолда уларнинг амалда мавжудлиги;
мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаси паркини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш;
қисқа муддатли режа асосида республиканинг қишлоқ хўжалиги техникасига бўлган эҳтиёжини қоплаш усуллари ва йўлларини аниқлаш;
машина-трактор паркларининг молиявий операциялари устидан назорат тизимини яратиш ва улар томонидан қарздорликнинг ўсишига олиб келувчи тўловларсиз хизмат кўрсатиш амалиётини тугатиш;
хорижий бозорларда ўхшаш техниканинг сифати ва нархини таҳлил қилган ҳолда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникасини маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганиш.
9. “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Н.С.Отажонов, З.Т.Мирзаев, Ж.А.Қўчқоров, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси М.М.Икрамов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев