13.01.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ташқи бозорларда талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган минерал-хомашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитларни яратиш, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлигининг, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг Самарқанд вилояти Ургут туманида – «Ургут», Бухоро вилояти Ғиждувон туманида – «Ғиждувон», Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида – «Қўқон», Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида – «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини (кейинги ўринларда «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ таркибига киритиш учун ер участкалари чегараларини ўрнатсинлар ва уларнинг белгиланган тартибда ажратилишини таъминласинлар.
3. Қуйидагилар «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
ташқи бозорларда талаб катта бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш;
Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш;
мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, гилам тўқиш, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;
маҳаллий хомашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда эркин иқтисодий зоналар корхоналари ўртасида ва умуман республикада саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;
ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш ва уларнинг қарорлари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
«Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати, кейинчалик уни узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади;
фаолият кўрсатиш муддати мобайнида «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ ҳудудларида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режими амал қилади.
5. Эркин иқтисодий зоналар Маъмурий кенгашининг янгиланган таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Эркин иқтисодий зоналарнинг янгиланган Маъмурий кенгаши зиммасига «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗга нисбатан маъмуриятчилик қилиш функциялари юклансин.
6. «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сонли Фармонининг 3-, 4- ва 5-бандлари қоидалари татбиқ этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сонли Фармонининг 3-, 4- ва 5-бандларида назарда тутилган божхона тўловлари, солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни қўллашнинг соддалаштирилган тартибини тасдиқлаш учун киритсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ дирекцияларини ташкил қилсин ҳамда «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ дирекцияларининг уставларини ва Эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги ягона Низомни тасдиқлаган ҳолда, улар фаолиятини ташкил этиш юзасидан қарор қабул қилсин.
Белгилансинки, эркин иқтисодий зоналар дирекциялари эркин иқтисодий зоналарнинг Маъмурий кенгаши қарорлари ва эркин иқтисодий зоналарнинг ишлаб чиқилган бош режалари бўйича маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштирадилар ва эркин иқтисодий зоналар дирекцияларида «ягона дарча» тамойили бўйича муҳандислик-телекоммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланишга барча зарур рухсатномалар берилишини ташкил қиладилар.
8. «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ дирекциялари эркин иқтисодий зоналарнинг бутун фаолият кўрсатиш даврида солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинсин.
9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АК, «Ўзавтойўл» ДАК ҳамда республика ва ҳудудий даражадаги муҳандислик-коммуникация хизматлари кўрсатувчилар эркин иқтисодий зоналарнинг қатнашчилари – хўжалик юритувчи субъектларнинг коммуникацияларга, уларни ишлаб чиқариш майдончаларига ўз вақтида туташтирган ҳолда, кафолатли уланишини таъминлайдилар.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АК, «Ўзавтойўл» ДАК, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ ҳудудларида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурини тасдиқлаш учун уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурларини шакллантиришда уларнинг параметрларида эркин иқтисодий зоналарнинг транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун, уларнинг ишлаб чиқилган бош режалари асосида капитал қўйилмалар лимитларини ҳамда зарур марказлаштирилган инвестициялар ажратилишини назарда тутсинлар.
11. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» давлат унитар корхонасини «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗнинг бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳалаш ташкилоти этиб белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
«ЎзшаҳарсозликЛИТИ» давлат унитар корхонаси уч ой муддатда «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗнинг бош режаларини ишлаб чиқсин ҳамда эркин иқтисодий зоналарнинг Маъмурий кенгаши билан келишган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.
12. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Давлат божхона қўмитаси «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ «Ҳазорасп» ЭИЗ ва «Жиззах» ЭИЗ ҳудудларида логистика марказлари ҳамда божхона постлари ташкил этиш юзасидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.
13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига ва бошқа тижорат банкларига ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида амалга ошириш таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун ўз маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати берилмаган ҳолда жалб этилган хорижий кредит линиялари ҳисобига кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сонли Фармони 6-бандининг биринчи хатбоши ва Фармон иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сонли Фармонига 2-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқувчи ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2017 йил 12 январь