20.04.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Мамлакатда аҳолига, биринчи навбатда, қишлоқ жойларида муносиб уй-жой шароитларини яратишга қаратилган кенг кўламли давлат дастурлари амалга оширилди.
Хусусан, 2009-2017 йиллар давомида 81 992 та уй қурилди, 6 624 та уй-жой массиви барпо этилди, зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари ўтказилиши таъминланди. 2016 йилдан қишлоқ аҳолиси учун янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилишини назарда тутувчи сифат жиҳатидан янги давлат дастури амалга оширилмоқда. 2017 йилнинг ўзида қишлоқ жойларида 18 мингдан ортиқ қулай шарт-шароитга эга бўлган уйлар барпо этилди.
Шунингдек, фуқароларнинг қонунчиликда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаларида якка тартибда уй-жой қуриш ҳуқуқи кафолатланган.
Шу билан бирга, ер тузиш ва кадастр органлари томонидан ўтказилган республика кўчмас мулк фондининг ялпи хатлови якка тартибда уй-жой қуриш соҳасида, айниқса, қишлоқ жойларида қонунийликни таъминлаш масалаларида тизимли хатолар ва жиддий камчиликларга йўл қўйилганлигини кўрсатди.
Хусусан, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жойларни ноқонуний барпо этишган.
Бундай ҳолатларнинг юз беришига давлат органлари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, шу жумладан, ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг бепарволиги сабаб бўлди.
Фуқароларга ер участкаларини уй-жой қуриш учун муайян тўлов эвазига ноқонуний бериш юзасидан фермер ва деҳқон ҳўжаликларининг тил бириктириши бўйича кўплаб ҳолатлар мавжуд.
Натижада ушбу муаммо бутун республика бўйича оммавий тус олди ва уй-жой учун зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги аҳолида бошқа ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқишига, хусусан, ҳақиқатда яшаб турган жойга прописка қилиниши, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигига олиб келди.
Фуқароларнинг уй-жой мулкига кадастр ҳужжатларини беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 5 мингдан ортиқ, депутатлар, сенаторлар, давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда 3 мингдан зиёд мурожаатлари келиб тушган.
Уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўмаклашиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини (кейинги ўринларда бир марталик акция деб юритилади) эълон қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 майга қадар:
а) мазкур Фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга (кейинги ўринларда ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб юритилади) нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга қуйидаги шартлар асосида:
ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса;
ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса эътироф этилади. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайдиган аниқ ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;
б) ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этиладиган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссиянинг тақдимномасига кўра туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан;
умумий мулк ҳақидаги фуқаролик ва оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидаларига амал қилиш шарти билан;
энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлангандан кейин амалга оширилади;
в) ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча қисми Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилган жарима солинмасдан захира ерларига олиб қўйилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда мазкур Фармоннинг ижросини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагунга қадар:
судларга ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш бўйича даъво киритиш тўхтатиб турилишини, қонун ҳужжатларига асосан турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашган ер участкасида (участканинг бир қисмида) қурилган объектлар бундан мустасно;
судларнинг турар жой сифатида фойдаланилаётган ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш тўғрисидаги кўриб чиқилаётган даъволар ҳамда ижро қилинмаган қарорлари бўйича белгиланган тартибда келишув битимлари тузилишини таъминласинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жойларда Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссия фаолиятида қонунийликнинг таъминланиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бир марталик характерга эга ҳамда мазкур Фармоннинг 2-бандида кўрсатилган муддатдан кечиктирилмасдан амалга оширилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, бошқа ваколатли органларнинг мансабдор шахслари кейинчалик ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга йўл қўйганликлари учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда:
бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкинлиги тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини бекор қилишни;
ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Адлия вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев