12.04.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат хизматларининг шаффофлигини ва улардан эркин фойдаланиш имкониятини, мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, экспорт-импорт операцияларининг мутаносиблигини таъминлаш тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш шароити ва сифатини яхшилашнинг энг муҳим шартлари ҳисобланади.
Шу билан бирга, божхона назорати ва расмийлаштирувининг мураккаб тартиб-таомиллари ва узоқ муддатлари, божхона органлари ходимлари ўртасидаги коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг сақланиб қолаётганлиги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда.
Бундан ташқари, ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш соҳасида идоралараро ва халқаро ҳамкорликнинг суст ташкил этилганлиги контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни олиб киришнинг олдини олиш вазифаларини самарали бажариш, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш имконини бермаяпти.
Умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида божхона органлари фаолиятини ҳамда божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, тадбиркорлик ва туризмни фаол ва жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганлик учун божхона органларининг мансабдор шахсларига нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилганлиги ва тергов олиб борилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари ҳисоблансин:
биринчидан, божхона органларининг барча даражадаги тузилмалари вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ҳамда тақсимлаш, шунингдек, божхона органлари марказий ва ҳудудий маҳкамаларининг самарали фаолият кўрсатишини ташкил қилишда соҳавий тузилмаларнинг мувофиқлаштирувчи роли ва услубий кўмагини кучайтириш;
иккинчидан, божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш;
учинчидан, Олий ҳарбий божхона институти фаолиятини, юқори профессионал кўникмага, маънавий-ахлоқий сифатларга ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусига эга бўлган кадрларни тайёрлаш, танлаш ҳамда жой-жойига қўйиш тизимини тубдан такомиллаштириш;
тўртинчидан, товарларни ноқонуний олиб киришнинг асосий шакллари ва услублари ҳамда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемалари ҳақидаги маълумотларни аниқлаш, ўрганиш ва умумлаштириш орқали божхона тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш, бюджетнинг даромад қисмини ошириш;
бешинчидан, “ялпи” божхона назоратини ўтказишдан ҳар томонлама таҳлил асосида божхона назорати объектларини аниқлаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтириш имконини берувчи хавфни бошқариш тизимига ўтиш;
олтинчидан, божхона назоратини амалга оширишнинг замонавий шакллари, услублари ва техник воситаларини татбиқ этиш ҳисобига Давлат чегара ўтказиш пунктларида божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартириш;
еттинчидан, божхона органлари барча таркибий тузилмаларининг фаолияти ва идоралараро ахборот алмашинуви самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
саккизинчидан, хорижий давлатларнинг божхона органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, божхона иши соҳасида илғор тажрибани, халқаро норма ва стандартларни тизимли ўрганиш ва жорий қилиш.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин:
божхона органларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар, уларнинг вазифа ва функцияларини оптималлаштириш;
божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
божхона назорати самарадорлигини ошириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
самарали идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;
кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, божхона органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш.
Вазирлик ва идоралар, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раҳбарлари Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгилансин.
4. 2018 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб белгилансинки, унга мувофиқ:
товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинади;
бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви (жисмоний хусусияти, сифати, ишлаб чиқарувчиси, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича) даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга оширилади;
айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида карантин рухсатномалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади;
бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати томонидан амалга оширилади;
ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга;
импорт товарлари амалда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига етиб келишидан олдин, жумладан, товарларни бевосита чегара ўтказиш пунктларида эркин муомалага чиқариш орқали инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида ушбу товарларни дастлабки декларациялаш амалиёти жорий этилади;
божхона органлари солиқ органлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти органлари билан биргаликда устав капиталида давлат улуши бўлган давлат корхоналари ва ташкилотлари томонидан импорт қилинаётган товарларнинг нархини ошириб кўрсатиш ҳолатлари бўйича мунтазам равишда мониторинг ўтказади;
божхона омборларида уч йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар божхона органлари томонидан ушлаб қолинади ва улар уч ой давомида талаб қилиб олинмаган ҳолларда суд қарори асосида давлат фойдасига ундирилади, кейинчалик белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан сотилади ёки йўқ қилинади;
божхона органлари тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг уларнинг божхона назоратини амалга оширади;
божхона органлари томонидан етакчи халқаро ташкилотлар услубиёти асосида мунтазам равишда товарлар божхона расмийлаштирувининг ўртача вақти тизимли ўрганиб борилади, уларнинг натижалари эълон қилинади, шунингдек, ушбу соҳадаги кўрсаткичларни изчил яхшилаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тузилмасида штат бирликларининг умумий сони доирасида қуйидагилар ташкил этилсин:
а) Божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш бошқармаси, унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Бутунжаҳон савдо ташкилоти, Бутунжаҳон божхона ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг стандартлари ҳамда тавсияларини таҳлил қилган ҳолда божхона ишини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш;
божхона қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда ҳуқуқий нормаларни эркин, субъектив ва танлов асосида талқин қилиш ҳолатларини истисно этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
божхона соҳасида ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабаб ва шарт-шароитларини тизимли таҳлил қилишни ташкил этиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, божхона органларининг юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита мулоқотсиз муносабатга киришиш шаклларини жорий этиш;
божхона иши ҳамда божхона органлари ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш, уларни Ўзбекистон Республикасида жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
б) Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси, унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
божхона органларида божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи юқори бўлган товар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини назорат қилиш учун куч ва воситаларни жамлашни назарда тутувчи хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш;
хавфи юқори бўлган, шу жумладан, дастлабки маълумотларни таҳлил қилиш ва тасодифий танлов асосида товар партияларини божхона назорати учун мақсадли танлаб олиш методологиясини ишлаб чиқиш;
виждонли ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини аниқлаш, уларга нисбатан соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларини қўллашнинг тартиб ва мезонларини ишлаб чиқиш;
хавфни бошқариш тизими самарали қўлланилишини доимий мониторинг қилиш, уни янада такомиллаштириш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш.
в) Ташқи савдо операциялари ва божхона статистикаси мониторинги бошқармаси, унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
ташқи савдо операцияларининг мониторингини ташкил этиш, экспорт-импорт шартномалари ижросини таҳлил қилиш, шунингдек, божхона органларига тааллуқли ташқи савдо операциялари ўтказилишида валюта қонунчилигига амал қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдосини ривожлантириш тенденциялари, шунингдек, мамлакатнинг савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқалар бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;
товарларнинг ташқи савдоси бўйича божхона статистикасини юритиш, уларни шакллантиришнинг барча босқичларида ҳаққонийлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
ташқи савдо соҳасида статистик маълумотларнинг тўғрилигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликнинг белгиларини аниқлаш мақсадида хорижий давлатларнинг божхона хизматлари билан ахборот алмашиш.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:
2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда товарларнинг божхона назоратини танлов асосида ўтказишни назарда тутувчи хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминласин;
қонун ҳужжатлари нормалари бир хилда қўлланилиши, божхона тартиб-таомиллари самарадорлиги, ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасига мувофиқ товарларни тўғри таснифлаш, уларнинг божхона қийматини тўғри аниқлашни мониторинг қилиш ва баҳолашни назарда тутувчи божхона постлари фаолиятини назорат қилишнинг таъсирчан тизимини ишлаб чиқсин;
“Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти” ва “Тошкент-товар” божхона постларида божхона тартиб-таомилларини максимал даражада соддалаштириш, божхона тўловларининг тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш, товарларнинг ноқонуний импорти ва контрабандани аниқлашга қаратилган божхона маъмуриятчилигининг замонавий услубларини қўллаш бўйича дастлабки лойиҳаларни амалга ошириш ишларини тезлаштириш ҳамда ижобий тажрибани бошқа божхона постларида қўллаш;
моддий рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини мувозанатли қўллаш имконини берувчи божхона постлари ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси:
юқори профессионал маҳорат, ахлоқий ва маънавий сифатларга эга, ҳар томонлама етук ва ватанпарвар ёшларни божхона органларига жалб этишга йўналтирилган кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг принципиал жиҳатдан янги тизимини яратиш;
ходимларнинг хизматга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, қонунбузилишининг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабат муҳитини яратиш, жамоада соғлом муҳитни шакллантириш;
фидокорона хизмат қилаётган ходимларни ҳар томонлама рағбатлантириш, хизмат интизомини ҳамда қонунчилик талабларини қўпол равишда бузган ходимларни интизомий ва бошқа жавобгарликларга тортиш бўйича чоралар кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
а) бир ой муддатда қуйидагилар бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:
ҳудудларда “ягона дарча” тамойили асосида божхона, банк, логистик, тезкор-лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, экологик, сертификатлаштириш, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида бошқа хизматлар кўрсатадиган замонавий логистик марказларни ташкил этиш;
давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги чегара божхона постларини замонавий инспекцион-кўрик мажмуалари ва бошқа божхона назоратининг техник воситалари билан жиҳозлаш;
темир йўл чегара божхона постларини давлат чегарасида темир йўл составлари кесишиш жойларига кўчириш ҳамда ушбу жойларда божхона ва бошқа турдаги давлат назоратини амалга ошириш учун зарур инфратузилмани ташкил этиш масаласини ўрганиш;
б) уч ой муддатда давлат чегара ўтказиш пунктларининг бино, иншоотлар ва автомобиль ўтиш пунктларининг ҳолатини ўрганиш ҳамда аниқ давлат органини белгилаш ва унга қуйидаги вазифаларни юклаш:
жорий таъмирлаш, капитал қурилиш, техник жиҳозлашни амалга ошириш, шунингдек, ёндош ҳудудларини ободонлаштириш;
янги ўтказиш пунктларини қуриш;
давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларини босқичма-босқич балансга қабул қилиш.
9. 26 январь Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимларининг куни этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ишлаб чиқсин:
божхона қонунчилигини либераллаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, нормаларни қабул қилишда барча учун тушунарли ва турлича талқин қилиш имкониятини истисно этишга;
ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан божхона қонунчилигига риоя этилишининг рағбатлантириш механизмини яратишга;
Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари нормалари, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойилларини, халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва стандартларини имплементация қилишга;
божхона маъмуриятчилиги соҳасида ривожланган мамлакатлар тажрибаси, шу жумладан тарифларни тартибга солиш ва божхона назоратини ташкил этишга.
11. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини;
қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.
12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С.Отажонов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг раиси М.Б.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев