11.04.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ республикада давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг устуворлигини янада кучайтириш, бизнес ташаббуслар, стартапларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс институционал ва таркибий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қабул қилинаётган чоралар самарадорлиги ва натижадорлиги етакчи халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликларининг ижобий баҳоларида холисона акс эттирилмоқда. Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш – 2018” ҳисоботида Ўзбекистон тадбиркорлик учун янада қулай шароитлар яратиш бўйича ислоҳотчи давлатлар қаторида жаҳонда биринчи ўнталикка кирди.
Шу билан бирга, бир қатор йўналишларда тадбиркорлик соҳасини давлат томонидан тартибга солишнинг бюрократлашган методлари ҳали ҳам сақланиб қолмоқда, бу эса, ўз навбатида, маҳаллий бизнеснинг рақобатдошлигини жадал ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитига янги технологиялар ва инновацияларни татбиқ қилиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича давлат сиёсатининг изчиллигига бўлган ишончни мустаҳкамлашга тўсқинлик қилмоқда. Хусусан:
биринчидан, тадбиркорлик фаолияти соҳасида замонавий талабларга жавоб бермайдиган, умрини ўтаб бўлган кўп миқдордаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари сақланиб қолмоқда;
иккинчидан, бизнес жараёнларини бошқаришнинг бозор механизмлари жуда секинлик билан татбиқ этилмоқда, шу жумладан, тартибга солиш функциялари ҳаддан ташқари марказлашган, ўзини ўзи тартибга солиш ва жамоатчилик назорати механизмлари суст даражада қолмоқда;
учинчидан, тадбиркорлар ҳанузгача айрим ваколатли органлар томонидан лицензия ва рухсатнома бериш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштиришда маъмурий тартиб-таомилларнинг чўзилиш ҳолатлари билан тўқнашмоқда;
тўртинчидан, ваколатли давлат органлари ўртасида лицензия ва рухсат бериш хусусиятидаги ҳужжатларни тубдан қисқартириш, маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш ва очиқлик даражасини оширишга қаратилган ўзаро ҳамкорлик зарур даражада олиб борилмаяпти.
Бизнесни юритишдаги ортиқча бюрократик жараёнларни тубдан қисқартириш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг бозор ҳамда ҳуқуқий механизмларини мунтазам равишда изчил мустаҳкамлаб бориш, республикада инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган кучларни жамлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5308-сонли Фармонига мувофиқ:
1. Қуйидагилар тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари борасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтишнинг соддалаштирилган механизмларини белгилаш, шаффофликни таъминлаш, бизнес билан ўзаро муносабатларда ҳуқуқий аниқликни мустаҳкамлаш ва давлат органлари томонидан асоссиз маъмурий назоратни бекор қилиш орқали лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги қонунчиликни жадал такомиллаштириш;
лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари сонини босқичма-босқич қисқартириш, жамоатчилик назорати, ўзини ўзи тартибга солиш, сертификатлаш, аккредитациялаш, фуқаролик ҳуқуқий жавобгарликни суғурталаш, техник тартибга солиш ва бошқа замонавий усуллар орқали тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш;
давлат бошқаруви жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий қилиш, шу жумладан, лицензиялар ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни беришда идоралараро ҳамкорлик механизмларидан (G2G), шунингдек, “ягона дарча” тамойилидан (G2B), энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг таркибий бўлинмалари орқали кенг фойдаланиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг:
2018 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг айрим турларини, шу жумладан, уларнинг баъзи турларини бирлаштириш йўли билан 1 ва 2-иловаларга мувофиқ бекор қилиш;
2018 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялар ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатларини 3-иловага мувофиқ қисқартириш;
2018 йил 1 июндан бошлаб фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш бўйича функцияларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан тегишли давлат органларига 4-иловадаги рўйхатга мувофиқ ўтказиш;
2018 йил 1 июндан бошлаб лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш функциясини республика давлат бошқарув органларидан уларнинг ҳудудий бошқармаларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларидан туман (шаҳар) ҳокимликларига 5-иловадаги рўйхатга мувофиқ ўтказиш;
2018 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик фаолияти соҳасида лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни 6-иловага мувофиқ амалга ошириш бўйича таклифлари қабул қилинсин.
3. 2018 йил 1 июндан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ тиббиёт ва фармацевтика фаолияти, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият, кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари ва телерадиоэшиттиришларни тарқатиш тармоқларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш, шунингдек, нефть, газ ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва сотишни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензиялардан ташқари, фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган барча лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.
4. Белгилаб қўйилсинки:
лицензияланадиган фаолият тури доирасида бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар)нинг аниқ рўйхати фаолиятнинг тегишли турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомларда кўрсатилади;
агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, лицензия даъвогари кўрсатилган муддат ўтганидан сўнг лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда аризада кўрсатилган фаолият турини амалга оширишга ҳақлидир. Бунда лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг ёзма хабарномаси олингандан кейин беш иш куни ичида унга лицензия бериши шарт.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда:
лицензияловчи ва бошқа ваколатли органлар билан биргаликда мазкур Фармон талабларини инобатга олган ҳолда фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тартиби ҳамда рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларни қайтадан кўриб чиқсин;
тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли вазирлик ва идоралар билан биргаликда рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги барча низомларнинг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.
6. Лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли органлар раҳбарлари амалдаги фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тартиби ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларнинг ушбу Фармон талабларига ўз вақтида мувофиқлаштирилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ваколатли органлар томонидан ушбу банд талабларининг бажарилиши бўйича тизимли мониторинг ўрнатсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
лицензиялар ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар сонини кескин камайтириш ишларини давом эттирсин, бунда зарур ҳужжатлар рўйхатини қисқартириш, маъмурий тартиб-таомилларнинг муддат ва қийматларини мақбуллаштириш орқали маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиришга ва уларнинг шаффофлик даражасини янада оширишга, манфаатдор мақсадли аудиторияда сўровлар ўтказиш, бу борадаги илғор хорижий тажрибани танқидий ўрганиш, бизнес ҳамжамияти билан маслаҳатлар ўтказиш ҳамда етакчи халқаро экспертларни жалб қилиш асосида уларнинг рақобат муҳитига таъсирини таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратсин;
Ўзбекистон Республикаси Президентига лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича тегишли таклифлар киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки, Савдо-саноат палатаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Р.Иноятов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев