05.01.2017
Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда ҳукумат аъзолари, сенаторлар, вилоят ҳокимлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тиббиёт олий таълим муассасалари ректорлари, соғлиқни сақлаш тизими масъул ходимлари иштирок этди.
– Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир, – деди Шавкат Мирзиёев. –Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, даволашнинг замонавий технология ва усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган халқимизнинг муносиб ҳаёт сифатини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш, тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Мустақиллик йилларида ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида соғлиқни сақлаш тизими тубдан ўзгарди. Аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуни билан мустаҳкамланди.
Шифокорлик касбини улуғлаш, уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. 1998-йил 10-ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони замонавий талабларга жавоб берадиган ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аҳолига малакали хизмат кўрсатадиган, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича яхлит тизимни шакллантиришда муҳим омил бўлди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ мамлакатимизда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича замонавий тиббий хизмат тизими ташкил қилинди. Ушбу хизмат қишлоқ врачлик пунктлари ва шаҳар оилавий поликлиникалар тармоғини қамраб олган.
Бугунги кунда кардиология, жарроҳлик, кўз микрохирургияси, урология, терапия ва тиббий реабилитация, эндокринология, пулмонология ва фтизиатрия, акушерлик ва гинекология, дерматология ва венерология, педиатрия ва бошқа йўналишлардаги махсус илмий-амалий тиббиёт марказларида юқори сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Ушбу шифо муассасаларида ҳар йили 50 мингга яқин юқори технологияли мураккаб операциялар бажарилади, 600 мингдан кўпроқ беморга амбулатор хизмат кўрсатилади. Олимларнинг долзарб мавзулардаги илмий изланишлари натижасида тиббиётнинг йигирмадан зийод йўналишлари бўйича 1000 дан ортиқ даволаш-диагностика стандартлари ишлаб чиқилди.
2016 йил – Соғлом она ва бола йилида мамлакатимиз тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун 80 миллион доллар қийматидаги кредит ва грант маблағлари йўналтирилди, фарзанд кўриш ёшидаги аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш бўйича нуқсони бўлган 350 дан ортиқ болада кохлеар имплантация операциялари амалга оширилди. 700 минг бола пневмококк инфекцияси ва бошқа юқумли касалликларга қарши эмланди.
Аммо бугун замон ўзгармоқда, одамларнинг талаби ошиб бормоқда. Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишини истайди. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор, деди Президентимиз. Шу боис соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир.
2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинганида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда, аввало инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди учрашувларида халқнинг ичига кириб, уларнинг дарди, муаммолари, таклифларини эшитиш лозимлигини алоҳида қайд этди. Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келган мурожаатларнинг 7 мингдан зийоди айнан тиббиёт соҳасига тегишли экани ҳам мазкур соҳада муайян муаммолар йиғилиб қолганлигини кўрсатмоқда. Аҳолининг мурожаатлари, фикр-мулоҳазалари ва таклифлари соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда.
Президентимиз тиббиёт соҳасида бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида атрофлича тўхталди. Қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятига оид қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда ҚВПлар бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлили воситалари, қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозлангани аҳоли учун қулайлик яратмоқда. Лекин тиббий ускуналарни ишлатадиган малакали мутахассислар етарли даражада эмас. Баъзи чекка ҳудудларда оддий қон топшириш учун туман марказига ёки шаҳарга боришга тўғри келаётганини ҳам инкор эта олмаймиз.
Айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилмоқда, деб фикрини давом эттирди Президентимиз. Чекка ҳудудларда малакали мутахассислар етишмаётгани кадрлар масаласида қилинадиган ишлар кўплигини англатади.
Қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишламоғи зарур. Бунинг учун пункт ёнидан шу жойда ишлайдиган врачга уй қуриб бериш лозим.
Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини юксалтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўрилди. Лекин бугун халқимиз бу хизмат сифатидан рози, дея олмаймиз. Тизимни мутлақо ўзгартириш – давр талаби.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди.
Аёлларимиз иболи, ҳаёли. Баъзи масалаларда шифокорга бориб дардини бемалол айтавермайди. Шу боис хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилишимиз керак, деди давлатимиз раҳбари. Токи улар бориб ўзини қийнаётган масалада бемалол фикрлашсин. Чунки эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ.
Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятида ҳам ечимини кутаётган масалалар кўп. Мавжуд марказларнинг ҳаммаси Тошкент шаҳрида жойлашган. Бу, айниқса, қишлоқ аҳолисига муайян ноқулайликлар туғдираётир. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассислари жойларга чиқиб аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоғи, жарроҳлик амалиётларини ўтказмоғи лозим, деди Президентимиз.
Тадбирда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, ёш мутахассисларни тарбиялаш жараёнига илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва ўқув муассасалари, таниқли олимлар ва мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири А.Икромов, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ҳожибоев, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлари Э.Боситхонова, С.Саидалиев, Республика ихтисослаштирилган урология маркази директори Ф.Оқилов, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази директори А.Аляви, Республика иммунология илмий маркази директори Т.Арипова, сенатор З.Низомхўжаев, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси С.Иномова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Эрниязов, Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов, Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев ва бошқалар Президентимизнинг тиббиёт соҳасига қаратаётган алоҳида эътибори соҳа ривожида муҳим омил бўлаётганини қайд этди. Билдирилган танқидий фикрлардан зарур хулосалар чиқариб, кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш, соҳа олдида турган долзарб вазифаларни бажариш юзасидан тизимли ишлар олиб борилишини, барча куч ва имкониятлар ишга солинишини таъкидлади.