23.04.2018
Ҳурматли кўргазма иштирокчилари!
Туркманистоннинг етакчи корхоналари, компания ва ташкилотлари раҳбарлари!
Қадрли дўстлар!
Туркманистон Президенти ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида Тошкентда ўтказилаётган Туркманистон миллий кўргазмасининг барча иштирокчилари ва меҳмонларини улкан мамнуният билан самимий қутлайман.
Ўзбекистон ва Туркманистон – стратегик шериклардир. Бизнинг халқларимизни кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, умумий тарих, дин ва тил, маданият, урф-одат ва анъаналар муштараклиги мустаҳкам боғлаб келади.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик қатъий сиёсий ирода ҳамда олий даражадаги самарали учрашувлар давомида эришилган келишувларни биргаликда амалга ошираётганимиз туфайли изчил ривожланиб, аниқ маъно-мазмун билан бойиб бормоқда.
Ҳеч шубҳасиз, ўзаро ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишини савдо-иқтисодий соҳа ташкил этади. Ўтган қисқа даврда биз бу борада ҳақиқатан ҳам муҳим аҳамиятга молик натижаларга эришдик.
Кейинги йилларда биринчи марта ўзаро савдо ҳажми жадал суръатлар билан ортиб бормоқда. Мамлакатларимиз корхоналари ва ташкилотлари ўртасида иқтисодиётнинг анъанавий равишда бир-бирини тўлдирадиган тармоқларида кооперация алоқалари кучаймоқда.
Бу ўринда аввало ёқилғи-энергетика мажмуаси, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, темир йўл транспортини модернизация қилиш ва бошқа кўплаб соҳалардаги лойиҳалар ҳақида сўз бормоқда.
Биз транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда давлатларимиз ва бутун минтақамизнинг улкан транзит салоҳиятини самарали ишга солишга қаратилган ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтирмоқдамиз.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мамлакатларимиз бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги изчил ишбилармонлик алоқалари ҳамда ҳудудлараро мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик доирасида кенг истиқболлар очилмоқда.
Муҳтарам дўстлар!
Бундан бир ой олдин Ашхободда Туркманистон Президентининг бевосита қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси муваффақиятли ўтказилган ва у туркманистонлик шерикларимизда катта қизиқиш уйғотган эди.
Бугун биз мамлакатимизнинг нафақат ишбилармон доиралари, балки бутун жамоатчилигининг эътибор марказида турган Туркманистон миллий кўргазмасини очмоқдамиз.
Кўргазма мажмуасида бугунги Туркманистон иқтисодиётининг улкан салоҳияти ва юксак эътирофга молик ютуқлари, унинг бой табиий, илмий ва интеллектуал ресурслари, замонавий технологиялари кенг намойиш этилмоқда.
Шу билан бирга, бу ерда ташкил этилган ёрқин экспозиция қардош туркман халқининг қадимий ва ноёб маданияти ҳамда анъаналари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Туркманистоннинг халқаро миқёсда эътироф этилган барча ютуқлари ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедовнинг чуқур ўйланган, самарали сиёсати натижаси эканини алоҳида қайд этишни истардим.
Қадрли кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлари!
Сизларни икки томонлама муносабатларимиздаги қутлуғ воқеа – Ўзбекистон пойтахтида Туркманистон миллий кўргазмаси очилиши билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Ишончим комил, кўргазма якунида иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация алоқаларини ривожлантиришга, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни дўст халқларимиз фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича янги савдо шартномалари ва битимлар имзоланади..
Барчангизга кўргазмада самарали иш олиб бориш, муваффақиятли музокаралар ўтказишни тилайман.
Меҳмондўст Ўзбекистон заминига хуш келибсиз!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти