12.04.2018
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари Илҳом Алиевни куни кеча бўлиб ўтган Озарбайжон Президенти сайловида ишончли ғалабага эришгани билан самимий табриклади.
Сайлов натижалари қардош озарбайжон халқи Илҳом Алиевни кенг қўллаб-қувватлаши ва унга улкан ишонч билдиришини, давлат раҳбарининг шахсий хизматлари ҳамда мамлакатда барқарорликни, изчил иқтисодий тараққиётни таъминлаш, халқаро нуфузини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган самарали сиёсатни юсак баҳолашини яна бир бор намоён этгани алоҳида таъкидланди.
Кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди. Халқларимизнинг тарихи, маданияти ва дини умумий, маънавий қадриятлари, анъана ва урф-одатлари муштарак.
Турли даражадаги фаол мулоқотлар икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириб, уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани қайд этилди.
Ўзаро савдо ҳажми барқарор юксак суръатлар билан ўсмоқда, икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, нефть-газ мажмуида истиқболли кооперация лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Янги «Боку – Тбилиси – Ахалкалаки – Карс» темир йўл магистрали, шубҳасиз, бутун минтақада савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар давом этмоқда, қўшма тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.
Давлатлар раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон-Озарбайжон кўп қиррали ҳамкорлиги, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Мулоқот якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни мамлакатимизга давлат ташрифи билан келишга таклиф этди.
Озарбайжон Президенти давлатимиз раҳбарига самимий табрик ва эзгу тилаклар учун чуқур миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонга ташриф билан келиш таклифини мамнуният билан қабул қилди.