29.12.2016
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасининг фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси таъсис мажлисининг Жамғарма номини Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги "Нуроний" жамғармаси (кейинги ўринларда "Нуроний" жамғармаси" деб аталади) этиб ўзгартириш ва унга қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этишни юклаш ҳақидаги ташаббуси маъқуллансин:
фахрийларнинг Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлашда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, оқсоқоллар, кекса ёшдагилар ва ногиронларни ёшларни Ватанга муҳаббат, кекса авлод кишиларини ҳурмат қилиш, эзгулик ва раҳмдиллик сингари халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш;
кексаларнинг ҳаёти даражасини ошириш, пенсияга чиққандан кейин уларнинг юқори ижтимоий фаоллигини, шу жумладан уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини ва давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш;
кексалар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари қоидалари ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш, ушбу масалада давлат бошқаруви органларига ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўмаклашиш, эҳтиёжманд кексаларни ва аҳолининг бошқа қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тиббий ёрдам билан таъминлаш, ушбу мақсадларда ишлаб чиқариш, тижорат, ноширлик, хайрия тадбирларини ва бошқа тадбирларни амалга ошириш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда оилаларда тинчлик ва хотиржамликни таъминлаш, ёлғиз кишилар ва эҳтиёжманд кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек уларнинг биринчи навбатдаги эҳтиёжлари қондирилишида ҳар томонлама ёрдам бериш;
кексалар учун уларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда ҳар хил ижтимоий-маданий тадбирлар, телемарафонлар, махсус спорт мусобақалари, кекса ёзувчилар, артистлар, хонандалар, рассомларни ва ижодий зиёлиларнинг бошқа вакилларини таклиф этган ҳолда ижодий кечалар ташкил этиш.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасининг марказий аппарати тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлимлари тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасининг туманлар (шаҳарлар)даги бўлимлари тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги замонавий талабларни ва Жамғармага юкланган янги вазифаларни ҳисобга олган ҳолда "Нуроний" жамғармасининг янги таҳрирдаги уставини тайёрлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасига кўмаклашсин.
3. 2017 йил 1 январдан бошлаб "Нуроний" жамғармасининг барча ходимлари – пенсионерларга пенсиялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 фоиз миқдорда тўланган ҳолда "Нуроний" жамғармаси марказий аппарати ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг штатдаги ходимларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан таъминлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби жорий қилинсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2017 йил 1 сентябргача ҳар бир туман ва шаҳарда, қоидага кўра маданият ва дам олиш истироҳат боғлари ҳудудида "Нуронийлар маскани" мажмуалари фаолият кўрсатишини, уларда "Нуроний" жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, туманлардаги (шаҳарлардаги) бўлимларини жойлаштириш учун хоналар ажратилиши ёки қурилишини таъминласинлар.
Мажмуаларни қуришда бой китоб фондига эга бўлган китобхонлар заллари, шахмат, шашка ўйнаш учун дам олиш хоналари, кексалар учун махсус тренажерлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия заллари, шунингдек ошхона ва тиббий хона ташкил этилиши, уларни зарур мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан жиҳозлаш назарда тутилсин.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ "Нуроний" жамғармаси ва унинг бўлимлари солиқлар ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўловчилар ҳисобланмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.
5. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг меҳнаткашларни соғломлаштиришга йўналтирадиган маблағларининг 30 фоизгачасини пенсионерларни, биринчи навбатда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ўз тизимидаги санаторийларда соғломлаштиришга (шу жумладан, дори воситалари олиш учун) ҳар йили йўналтириш, шунингдек меҳнаткашларга уларга ажратилган йўлланмаларини ўзларининг ота-оналарини соғломлаштиришга юбориш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
6. Иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳалардаги узоқ йиллик ҳалол меҳнатлари учун меҳнаткашларга, шунингдек ишламайдиган, жамиятда мустаҳкам оилани сақлаб қолган, фарзандларини катталарга ва кичик авлодга ҳурмат, жамият олдидаги масъулият, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаб ҳурмат қозонган оналарга тақдим этиладиган "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони (I, II, III даражали) таъсис этилсин.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш ва уни топшириш давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, таклифи билан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
"Нуроний" жамғармаси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда ҳар бир туманда "Меҳнат фахрийси" нишони билан тақдирланган шахслар тўғрисидаги қисқача биографик маълумотномалар акс эттириладиган "Бизнинг фахрийларимиз" китоб-фотоальбомини юритиш ва унинг ҳар йили янгилаб борилишини таъминласин.
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари "Меҳнат фахрийси" нишони билан тақдирланган шахслар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларида "Бу ерда I, II, III даражали "Меҳнат фахрийси" нишони билан тақдирланган фуқаро (Ф.И.О.) истиқомат қилади" ёзуви бўлган белги ўрнатилишини таъминласинлар.
7. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси бир ой муддатда "Маҳалла" телеканалида ёши катталарга бағишланган ва ҳар куни намойиш қилинадиган "Кексалар даврасида" доимий рубрикасини ташкил этсин, шунингдек "Маҳалла" телеканалида ҳар ойда "Оталар сўзи – ақлнинг кўзи" телекўрсатувининг биттадан янги сериясини тайёрласин ва намойиш этсин.
8. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги:
"Нуроний" жамғармасининг нашриёт бўлими фаолиятини ташкил этишга кўмаклашсин ҳамда ҳар ҳафталик "Нуроний" газетаси ва ҳар ойда бир чиқадиган "Кексалик гашти" журналининг имтиёзли асосда нашр этилишини таъминласин;
"Нуроний" жамғармасининг буюртманомасига биноан "Нуроний" жамғармасининг ҳар бир бўлимини республикада нашр этиладиган камида 10 номдаги газета ва журналлар билан, шунингдек "Нуронийлар маскани" комплекслари ўқув залларининг китоблар билан мунтазам равишда тўлдириб борилишини таъминласин.
9. Жамғармани қўллаб-қувватлаш ва унинг фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг кекса авлод олдидаги фуқаролик бурчи ҳисоблансин.
10. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар ва бошқа хўжалик бирлашмалари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари зиммасига пенсияга чиқадиган ходимларга доимий ғамхўрлик ва эътибор кўрсатишни, уларга зарур моддий ва ижтимоий кўмак бериш, меҳнат жамоасининг жамият ҳаётида фаол қатнашишини, шунингдек ҳар йили пенсионерлардан, айниқса, якка-ёлғизлардан хабар олиш, туғилган кунларида ва байрамларда уларга эсдалик совғалар беришни, уларнинг уй-жой, маиший муаммоларини ҳал этишда кўмаклашишни, санатория-курортда соғломлаштириш ва даволашни ташкил этишни, шунингдек муқаддас жойларга ва зиёратгоҳларга экскурсиялар ташкиллаштиришни ва бошқа ижтимоий аҳамиятли тадбирларни амалга оширишни таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
Пенсионерлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳаётий муҳим муаммоларини муҳокама қилиш ва ҳал этишга ёрдам бериш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига пенсияга чиққан ходимларини раҳбарият томонидан қабул қилиш жадвалларини ҳар ойда тасдиқлаш юклансин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан ҳар йил икки марта "Маҳалла" хайрия фонди, бошқа давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жалб этган ҳолда "Нуроний" жамғармаси бўлимлари раҳбарлари, уларнинг фаоллари иштирокида кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни тарбиялаш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, шунингдек "Нуроний" жамғармаси бўлимлари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш бўйича келгусидаги қўшма чора-тадбирларни муҳокама қилишни ўтказиш амалиётга киритилсин.
12. Республика "Маҳалла" хайрия фонди раҳбариятининг:
жамоатчилик асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида (овуллар, қишлоқлар, маҳаллалар) фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий қилиш;
"Маҳалла" хайрия фондига Наврўз ва Мустақиллик умумхалқ байрамларига бағишлаб ўтказиладиган ҳашарлардан тушадиган маблағларнинг 10 фоизини ҳар йили "Нуроний" жамғармасига ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2017 йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан "Нуроний" жамғармаси марказий аппарати, унинг бўлинмалари ва нашриёт бўлими моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 1,5 миллиард сўм ажратсин;
2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағларни назарда тутсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш ва "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш бўйича бир ой муддатда чора-тадбирлар кўрсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги, "Нуроний" жамғармаси ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган қўшимча ва ўзгартиришлар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси тўғрисида" 1996 йил 4 декабрдаги ПФ-1655-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
17. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2016 йил 28 декабрь
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4906-сон Фармонига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2705-сон қарорига
ШАРҲ
Ўзбекистон Республикасида ўтказилаётган мамлакат иқтисодини барқарор ва динамик равишда ривожлантиришга таянган кучли ижтимоий сиёсат натижасида аҳоли фаровонлиги жиддий равишда ўсди, одамларнинг турмуш сифати яхшиланди ва бу ўз навбатида ўртача умр кўриш давомийлигининг ва аҳоли структурасида кекса ёшдаги одамлар улушининг ошишига асос бўлди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг илк кунлариданоқ ёлғиз пенсионерлар ва ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 27 майдаги «Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларни ижтимоий ҳимоялаш юзасидан қўшимча тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-212-сон Фармони ва «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ўз аксини топди.
Сўнгги йиллар мобайнида республикада ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамни кучайтириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Мисол тариқасида, фақатгина 2010-2015 йиллар мобайнида кексалар ва пенсионерлар учун мўлжалланган 12 та Саховат ва Мурувват интернат уйлари моддий-техника базалари, 14,6 минг ёлғиз кексалар, пенсионер, ногиронларнинг турар жой шароитлари яхшиланди, 5,4 минг одам реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди, 6,4 минг ногирон ва пенсионер санаторияларда соғлиқларини тиклашди. Кўрсатилган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг умумий ҳажми 132,2 миллиард сўмни ташкил этди.
Шу билан бирга, ўтказилган ўрганиш ишлари “Нуроний” жамғармаси давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг манзиллилигини таъминлаш, кекса ёшдагилар, имконияти чекланган одамлар ва ёлғиз кексаларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам даражаси ва сифатини кўтаришни, шунингдек жойларда туман ва шаҳарлар аҳолисининг замонавий диагностика ва даволаниш услубларидан фойдаланиш имконларини таъминлайдиган тубдан янги ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатди.
Кексаларни қўллаб-қувватлаш давлат тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қариялар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг фаоллигини ошириш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш соҳасида катта авлод вакилларининг ролини ошириш учун қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ва қарорида қуйидагилар кўзда тутилган:
оқсоқоллар, кексалар ва фахрийларни ёшларни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига, Ватанга муҳаббат, кексаларни эъзозлаш руҳида тарбиялашга қаратилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш;
жойларда кексалар турмуш сифатини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, мамлакат ижтимоий- сиёсий ҳаётидаги иштирокини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга кўмак бериш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда оилаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёши кекса фаолларни боласи бор муаммоли оилаларга бириктириш, шунингдек ёлғиз ва муҳтож кексаларга ижтимоий ва моддий кўмак кўрсатиш;
“Нуроний” жамғармаси марказий аппаратининг, унинг вилоятлардаги ва туманлардаги бўлинмаларига, “Нуроний” жамғармаси ходим-пенсионерларига давлат бюджетидан пенсияларини тўла ҳажмда тўлаш орқали бюджетдан молияланишини таъминлаш;
ҳар йили “Маҳалла” хайрия фондига Наврўз ва Мустақиллик умуммиллий байрамларига бағишлаб ўтказиладиган ҳашарлардан тушадиган маблағларнинг 10 фоизини “Нуроний” жамғармасига ўтказиш;
“Нуронийлар маскани” комплексларини яратиш ва уларда ўқув заллари, ҳордиқ хоналари, даволаш физкультураси, шунингдек овқатланиш хоналари ва тиббий кабинетларни ташкиллаштириш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик тартибида фуқаролар йиғини (овуллар, қишлоқлар, маҳаллалар) раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимини киритиш;
“Нуроний” жамғармасининг барча бўлинмалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, зарур шарт-шароитларни яратиш, мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан таъминлаш;
касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш учун 2,8 миллион кекса ёшдаги фуқароларнинг барчаси ихтисослаштирилган тиббий бригадалар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилишини таъминлаш;
бириктирилган патронаж ҳамширалари томонидан саломатликлари устидан доимий назорат орқали кекса ёшдаги фуқаролар орасида касалликлар профилактикаси чораларини кенгайтириш, 15,5 минг ёлғиз кексаларнинг турмуш сифатини ва турмуш даражасини уларга шахсий ижтимоий ходимларни бириктириш орқали ошириш;
кекса ёшдаги шахсларни уларга тўловсиз асосда даволаш ва соғломлаштириш. Шу муносабат билан республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларига 20 минг ва вилоятлардаги тиббиёт муассасаларига 215 мингдан зиёд, жами 178,9 миллиард сўм миқдоридаги ордерлар ажратиш кўзда тутилган;
уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз пенсионерлар ва ногиронлар саломатлигини ҳар йил бу контингентга кирган 34 минг одамни 18 миллиард сўм миқдорида санатория-даволаш муассасаларида бепул соғломлаштириш йўли билан саломатликларини яхшилаш;
Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида кексалар, ногиронлар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун 3 та янги санаторий қуриш ва уларни жиҳозлаш йўли билан қўшимча 50 мингдан зиёд пенсионер ва ногиронларнинг санатория муассасаларида бепул соғломлаштирилишини ташкиллаштириш. Ушбу мақсадни амалга ошириш ишларига давлат бюджети ҳисобидан 13,5 миллиард сўм ажратиш;
имконияти чекланган шахсларнинг турмуш сифатини, ҳар йил бу контингентга кирган 10 минг одамни жами 2,5 миллиард сўм миқдоридаги зарур протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш ҳисобидан ошириш;
ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлар турмуш даражаси ва сифатини ҳар йил ушбу контингентга кирган 4 минг одамни умумий миқдори 3,2 миллиард сўм бўлган асосий озиқ-овқатлар, гигиена воситалари билан таъминлаш йўли билан ошириш;
1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига санаторийларда ҳар йили соғломлаштириш курсидан ўтиш ўрнига йўлланманинг ўртача нархига тенг равишда компенсация олиш ҳуқуқини бериш;
ёлғиз ва кам таъминланган кекса фуқароларни умумий миқдори 6,4 миллиард сўм ҳажмидаги қишки кийим комплекти ва пойафзал, шунингдек қишга ғамлаш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳар йили таъминлаш;
Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида очиқ юракда жарроҳлик операцияларини ўтказиш учун умумий суммаси 9,7 миллиард сўм бўлган ҳудудлараро кардиохирургик марказлар яратиш;
туман (шаҳар)лардаги барча тиббиёт бирлашмалари ва муассасаларини, шунингдек барча вилоятлардаги онкология диспансерларини умумий миқдори 108,7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган тегишли замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш;
кексалар ва ногиронларнинг 23 та Саховат ва Мурувват уй-интернатлари моддий-техника базасини умумий миқдори 207 миллиард сўмга тенг ҳажмда мустаҳкамлаш.
Дастурни молиялаштиришга 688,2 миллиард сўм йўналтирилади, шунингдек халқаро молиявий тузилмаларнинг 108,7 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги кредит ва грант маблағларини жалб этиш кўзда тутилган.
Фармон ва қарорда кўзда тутилган чораларнинг амалга оширилиши кексалар ва фахрийларни ёшларни тарбиялашга қаратилган ижтимоий фаолиятга жалб этишга, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга, кекса ёшдаги одамлар, имконияти чекланган шахслар ва ёлғиз кексаларнинг турмуш шароитлари ва сифатини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини кенгайтиришга ёрдам беради.