30.12.2017
Тожикистоннинг «Открытая Азия» интернет нашри Ўзбекистон Президентининг парламентга йўллаган Мурожаатномасидаги 10 та асосий тезисни келтирмоқда.
Хусусан, нашрда таъкидланишича, Шавкат Мириёев мамлакат иқтисодиётидаги нореал кўрсаткичлардан воз кечишни таклиф қилди. Иқтисодий соҳада сохта рақамлар ортидан қувиш, хаёлий режаларни ҳақиқий деб кўрсатишга уринишлар танқид остига олинди.
Йилнинг номи кўчаларни чиройли ёзувлар билан безашга хизмат қилмасдан, реал натижа бериши кераклигини таъкидлаган ҳолда, давлат раҳбари 2018 йилни Ўзбекистонда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб аташни таклиф қилди. “Янги фикрлар, ғоялар, инновацияларсиз биз келгусида ҳеч нарсага эриша олмаймиз, буни ҳар бир ҳоким тушуниши керак”, - деди Ўзбекистон Президенти.
Таъкидландики, мамлакатда юқори малакали журналист кадрларга эҳтиёж катта, аммо ҳозирча ушбу масалаларни марказлаштирилган тарзда ҳал қила оладиган тегишли таянч олий ўқув юрти мавжуд эмас. Шу сабабли давлат раҳбари Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил қилиш зарур, деб ҳисоблайди.
Нашр мамлакат раҳбарининг Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини ташкил қилиш бўйича ташаббусига алоҳида эътибор қаратган.
“Ёшлар ҳақида гап кетганда, мен доим бир нарсани ўйлайман. Мана, бугунги кунда қанча-қанча ёшларимиз чет элларда таълим олмоқда, меҳнат қилмоқда. Албатта, уларнинг орасида ўз йўлини топиб, бегона юртда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаётганлари ҳам кўп. Лекин Ватан соғинчи ҳар қандай одамни ҳам қийнайди. Шунинг учун улар билан доимий алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтиришимиз зарур. Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш ва унинг самарали фаолият юритиши учун тегишли шароит яратиб беришимиз керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, нашр Президентнинг “Менинг фикрим” интернет-порталини яратиш тўғрисидаги қарорига тўхталиб ўтади. Давлат раҳбари айтганидек, қонун ижодкорлиги соҳасида парламент ёки халқ депутатлари кенгашлари фуқаролар гуруҳлари томонидан илгари суриладиган ташаббусларни кўриб чиқиши зарур. Шу муносабат билан интернет тармоғида “Менинг фикрим” деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этилади, унга мамлакат фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикр ва ташаббусларини электрон шаклда йўллайди.