07.12.2017
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 25 йиллиги муносабати билан 7 декабрь куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг сиёсат ва жамоат арбоблари, фан, маданият ва санъат намояндалари, пойтахт жамоатчилиги, юртимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатларнинг элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Конституция – халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккури маҳсули, асрий қадриятларимизнинг беқиёс тимсолидир» мавзуида маъруза қилди.
Бундан роппа-роса йигирма беш йил муқаддам умумхалқ муҳокамасидан кейин ҳар томонлама ва чуқур ўйланган, демократик йўл билан қабул қилинган Конституциямиз янги жамиятнинг ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.
Президентимиз маърузасида таъкидланганидек, Асосий қонунимиз халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашининг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.
Мамлакатимизда рўй бераётган буюк ўзгаришлар, турли соҳалардаги ислоҳотлар халқимиз турмуш тарзида туб бурилиш ясади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида инсонларнинг манфаатлари йўлида ҳақиқий ислоҳотлар конституциявий тамойил ва қоидаларга мувофиқ тарзда амалга оширилди. Бу йилда «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ» деган ғоя амалга тўлиқ татбиқ этилиб, давлат ҳокимиятида мутлоқо янги тизим — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали тизими яратилди.
Президентимиз ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларни ҳаракатга келтирувчи кучга айланди.
Якунига етаётган йилда Конституциямизнинг ҳаётий негизи нечоғли мустаҳкам экани ўз тасдиғини топди. Конституциявий қоидалар фуқароларимизнинг кундалик ҳаётида тўлароқ намоён бўлди. Чунки Асосий қонунимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилган. Энг асосийси, одамлар ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис қилиш имконига эга бўлди.
Йил давомида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган даъват замирига қурилди. Бу эса юртдошларимизнинг қалбида акс-садо бериб, Ватан ва юрт тақдирига даҳлдорлик туйғуси билан яшаши, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч-ғайратини ишга солишига туртки бўлди.
Маросим санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.