23.11.2017
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 22 ноябрь куни давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга келди.
Ташрифнинг асосий воқеалари 23 ноябрь куни бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев дастлаб икки мамлакат иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари иштирокида ўтган Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес-форумида қатнашди.
700 дан ортиқ иштирокчи қатнашган форум очилишида Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг қутлови ўқиб эшитирилди.
Президентимиз ўз нутқида Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланаётгани, мамлакатимизда бизнес юритиш учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилганини қайд этди. Ўзбекистон Корея Республикаси бизнес вакиллари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Ўзбекистонда Корея Республикаси бизнес маркази ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Жанубий кореялик молия ва ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистонда фаол бизнес юритиш учун яратилган имкониятларни юқори баҳолаб, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади.
Шу ерда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги бир йиллик фаолияти ҳақида корейс тилида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди. 50 минг нусхада чоп этилган китоб 8 бўлим, 320 саҳифадан иборат.
Давлатимиз раҳбари Корея Республикаси мустақиллиги йўлида жон фидо қилган қарийб 170 минг одам хоки қўйилган Миллий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Ватанпарварлар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Корея Республикаси Президентининг “Чонг ва дэ” (“Мовий сарой”) қароргоҳида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул олдидан ўтдилар.
Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Иннинг тор доирадаги музокарасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг узоқ истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлари, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқларини қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Икки халқнинг маданияти, менталитети ўхшаш. Тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган корейслар ўзбеклар билан дўст-биродар бўлиб кетган, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланган. Корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида, маҳаллий Кенгашларда, бошқарув органларида, иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритаётир.
Давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқларимизни янада яқинлаштиришда кўп сонли корейс диаспораси муҳим роль ўйнайди. Ушбу миллат вакиллари МДҲда энг йирик диаспора бўлиб (180 мингдан зиёд), нуфуси жиҳатидан дунёда тўртинчи ўринда туради. Жорий йилда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистонда яшаётганининг 80 йиллиги кенг нишонланди.
Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси алоқалари 2006 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация, 2014 йилда қабул қилинган Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация ва бошқа муҳим ҳужжатлар асосида изчил ривожланмоқда. Бу сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Шавкат Мирзиёев самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
Корея Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси стратегик шериклардир. Жанубий Корея юксак даражада тараққий этган, улкан иқтисодий, илмий-техникавий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат сифатида дунёда эътибор қозонган. Очиқлик, ўзаро англашув ва манфаатларга ҳурмат асосида қарор топган ҳамкорлигимизни юксак қадрлаймиз, деди давлатимиз раҳбари.
Мун Чжэ Ин Шавкат Мирзиёевни Корея Республикасига давлат ташрифи билан қутлаб, олий даражадаги анъанавий мулоқотларни давом эттириш ва янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.
Ўзбекистон бизнинг энг яқин ҳамкорларимиздан бири бўлиб, турли соҳалардаги алоқаларимиз изчил ривожланиб бораётганидан мамнунмиз. Жанубий Корея бугунги кунда бутун Евросиёда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш йўлидан бормоқда. Марказий Осиёда асосий ўринга эга Ўзбекистон ушбу режанинг марказидадир, деди Корея Республикаси Президенти.
Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери 14 марта давлат раҳбарлари даражасидаги учрашувлар бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда ушбу мулоқотлар янада фаоллашиб, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқалари иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларида ва гуманитар соҳада ўз аксини топмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси сиёсий муносабатлари халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳида давом этмоқда. Томонларнинг глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга эга масалалар бўйича ёндашувлари ўхшаш ёки яқиндир.
Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Томонлар савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилдилар.
Бугунги кунда ҳукуматлар, вазирлик, идора, молия, банк институтлари ва бизнес тузилмалари ўртасида мустаҳкам муносабатлар тобора кенгайиб бормоқда. Парламентлараро алоқалар ривожланиб, Ташқи ишлар вазирликлари маслаҳатлашувлари доимий равишда ўтказилмоқда.
Корея Республикаси Осиё – Тинч океани минтақасида Ўзбекистоннинг етакчи савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикларидан биридир. 2016 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард АҚШ долларидан ошди. Жанубий Кореянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмасида Ўзбекистон улуши қарийб 50 фоизни ташкил қилади.
Олий даражадаги учрашувда айни пайтдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мавжуд имконият ва салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди. Яқин йилларда ушбу кўрсаткичларни янада ошириш бўйича янги қадамлар ташланиши таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар замирида халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган эзгу ғоя мужассам эканини таъкидлар экан, Корея Республикасида ҳам давлатнинг ҳақиқий эгаси халқдир, деган ғоя уйғунлигига эътибор қаратди.
Корея Респуликаси Президенти ҳам Ўзбекистонда халқчил ва оқилона сиёсат олиб борилаётгани, бу мамлакатнинг изчил тараққиётида муҳим омил бўлишини қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ҳамкорлиги кенг кўлам касб этган. Расмий Сеулнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этган инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Юртимизда ушбу мамлакат капитали иштирокида 461 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 386 таси қўшма корхона бўлса, 75 таси тўлалигича корейс сармояси эвазига ташкил қилинган. Мазкур корхоналар нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, машинасозлик, электротехника ҳамда тўқимачилик соҳаларида, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика, туризм йўналишларида муваффақиятли иш олиб бормоқда.
Энергетика соҳасидаги алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. 2016 йил Жанубий Корея билан ҳамкорликда Устюрт газ-кимё мажмуаси барпо этилди. Мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорлигининг ёрқин намунаси бўлган ушбу йирик лойиҳага 4 миллиард доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилган.
Маълумки, Корея Республикаси халқаро миқёсда ривожланган ва жозибадор эркин иқтисодий зоналарга эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ушбу мамлакат Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш ва уларни ривожлантиришга кўмаклашаётир. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида Жанубий Корея, Хитой, Италия, Сингапур, Ҳиндистон, БАА ва бошқа мамлакатлар иштирокида 20 та корхона фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 2008 йилдан бери “Korean Air” компанияси “Навоий” халқаро аэропорти орқали юк ташишларни амалга оширмоқда, аэропортда илғор технологиялар ҳамда самарали тизимли назоратни жорий этиб келмоқда.
Жорий йилнинг май ойида “Навоий” эркин иқтисодий зонасида “CNP Dream” компанияси билан ҳамкорликда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган завод қурилди. Ушбу маҳсулотлар Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилинаётир.
Замонавий технологияларни кенг қўллаш асосида шаҳарларни бошқариш, транспорт тизими ҳамда уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш бўйича самарали тизим ташкил этиш соҳасида Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда.
Жорий йилнинг 24 октябрь куни Жанубий Кореянинг ер ресурслари, инфратузилмалар ҳамда транспорт вазири Ким Хён Ми бошчилигидаги “Korea Eximbank”, “Korea Expressway”, “Hyundai Engineering Co. Ltd”, “POSCO Engineering and Construction”, “HSnK Architects Group” сингари йирик компаниялар вакилларидан иборат делегация “Tashkent City” халқаро бизнес маркази лойиҳаси билан танишиш мақсадида мамлакатимизда бўлди. Замонавий технологиялар ва “ақлли шаҳарлар” қурилишига устувор аҳамият бериш мақсадида юртимизда бўлган инвесторлар бизнес учун яратилган шарт-шароитлар, айниқса, валюта сиёсати либераллаштирилганига алоҳида эътибор қаратди.
Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлиги ҳамда Корея экспорт-импорт банки мамлакатимизда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. “Samsung”, “LG” сингари йирик корпорациялар юртимизда қўшма корхоналар ташкил қилмоқда. Хусусан, “Samsung” “Artel” компанияси билан маиший техника воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Маданий-гуманитар алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда. Юртимизда Корея Республикаси маданияти кунлари бўлиб ўтди. Корейс маданияти ва санъати уйи қурилмоқда. Ушбу лойиҳа мамлакатимиздаги корейс диаспорасига қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол ифодасидир.
Таълим соҳасидаги алоқалар ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари Жанубий Кореянинг 30 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасаси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Қатор таълим муассасаларида корейс тили ҳамда маданияти марказлари очилган. 2014 йил Тошкент шаҳрида Инҳа университети очилгани бу борадаги алоқаларни янги поғонага кўтарди. Ушбу олий таълим муассасаси халқаро стандартлар даражасида юқори малакали IT-мутахассислар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшаётган илк хорижий таълим даргоҳидир. Бугунги кунда университетда мингдан зиёд талаба ахборот технологиялари, инжиниринг ва логистика йўналишларида таҳсил олмоқда.
Музокарада томонлар олий даражадаги мулоқотларни изчил давом эттириш, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, гуманитар алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Корея Республикаси Инсон ресурсларини бошқариш вазирлиги ўртасида Ҳамкорлик меморандуми, икки мамлакат Адлия вазирликлари ўртасида Ҳамкорлик меморандуми, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирликлари ўртасида Ўзбекистонда Миллий электрон савдо платформасини жорий қилиш бўйича ҳамкорлик битими, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро меморандум, икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан Корея Стратегия ва молия вазирлиги ўртасида Билимлар алмашинув дастури бўйича Англашув меморандуми, 2018-2020 йилларда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси кредитлари бўйича ҳукуматлараро ҳадли келишув ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт фонди билан Корея Республикаси экспорт-импорт банки ўртасида молиявий ҳамкорлик тўғрисида келишув каби олтмишдан ортиқ ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.