22.11.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 ноябрдаги ПҚ-3402-сон қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини кўллаб-кувватлаш тўғрисида»ги ПФ-5106-сонли Фармонига мувофиқ «Мард ўғлон» давлат мукофоти таъсис этилганлиги муносабати билан мамлакатимизда буюк аждодларимизга муносиб бўлган, мардлик ва жасорат, катъиятлилик, ҳалоллик, ватанпарварлик каби фазилатларга эга мард ўғлонларимизни тарбиялаш ҳамда жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида юқори натижаларга эришиб келаётган билимли, ташаббускор, ишбилармон, шижоатли ва фидойи йигитларни рағбатлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг «Мард ўғлон» давлат мукофотини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига ҳар йили «Ёшлар куни» арафасида топшириш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
2. Белгилаб кўйилсинки:
«Мард ўғлон» давлат мукофоти ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган иқтидорли йигитларга фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун берилади;
«Мард ўғлон» давлат мукофотига талабгорлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) томонидан кўриб чиқилади. Унинг натижаларига кўра Комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритилади;
«Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади;
«Мард ўғлон» давлат мукофоти энг кам ойлик иш хакининг 50 баравари миқдорида белгиланади;
«Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари бўлган умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига, олий ўқув юртлари талабалари ёки бакалавр даражасига эга ёшлар эса магистратура боскичига тегишли йўналиш бўйича кириш имтиҳонларисиз давлат грантлари асосида кабул килинадилар.
3. «Мард ўғлон» давлат мукофоти тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. «Мард ўғлон» давлат мукофоти кўкрак нишонининг тавсифи 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Мард ўғлон» давлат мукофотини бериш, унинг кўкрак нишонлари ва дипломларини тайёрлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашига Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан тегишли маблағларни ажратсин.
6. Комиссия бир ой муддатда «Мард ўғлон» давлат мукофотига талабгорларни танлаш ва уларнинг ҳужжатларини тақдим этиш тартиби тўғрисида йўриқнома ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси - Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Куранбаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев