10.11.2017
Муҳтарам Енча жаноблари!
Қадрли Могерини хоним!
Ҳурматли ташқи ишлар вазирлари, халқаро ташкилотлар ҳамда дипломатик миссия раҳбарлари, конференция иштирокчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишланган халқаро конференциянинг барча иштирокчилари ва меҳмонларини саховатли Ўзбекистон заминида, қадимий Самарқанд шаҳрида самимий қутлайман.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва шахсан Бош котиб Антониу Гутерриш жанобларига мазкур форумни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун алоҳида миннатдорлик билдираман.
Ушбу залда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари, Россия, Хитой, АҚШ, Европа мамлакатлари, Япония, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистондан ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонлар, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар вакилларини кўриб турганимдан мамнунман.
Ҳурматли конференция иштирокчилари!
Бугунги Форумнинг нечоғли муҳим ва долзарблиги унинг “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” деб номланишидан ҳам яққол кўриниб турибди.
Бизнинг минтақамиз халқларини минг йиллик қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлаб туради. Бизни тарих, дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради.
Евроосиёнинг “юраги”да жойлашган минтақамиз Европа ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғловчи кўприк бўлиб, Россия ва Хитой сингари йирик давлатлар билан чегарадошдир.
Минтақамиз табиий ресурсларга бой, бу ерда кўплаб мамлакатлар ва бутун минтақалар ривожига сезиларли даражада таъсир кўрсатган ноёб маданият ва тараққиёт салоҳияти мавжуд.
Айни пайтда Марказий Осиёда қудратли давлатларнинг манфаатлари кесишмоқда, беқарорлик ва қарама-қаршилик ўчоқларига туташ бўлган ушбу минтақа яқин ва узоқ хорижда рўй бераётган барча салбий жараёнлар таъсирини ҳис этмоқда.
Табиий савол туғилади: минтақада вазият қандай ривожланади?
Бу ерда қандай куч устун келади – низо ва қарама-қаршиликларми ёки ҳамкорлик ва тараққиётми?
Умумий аҳолиси 70 миллиондан ортиқ бўлган минтақамизнинг келажаги бугунги кунда Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати томонидан барпо этилмоқда.
Бизнинг қатъий ишончимизга кўра, амалий ҳамкорликка тайёрлик ва унга астойдил интилиш, шунингдек, барча Марказий Осиё мамлакатларининг умумий келажак учун масъулиятни ҳис этиши минтақанинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигининг мустаҳкам пойдевори ва кафолатидир.
Ўзбекистон баҳсли масалаларни тезроқ ҳал қилиш ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш тарафдоридир.
Давлатларимиз айнан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ўз салоҳиятини янада самарали амалга ошира олади.
Ишончим комил, бундан барча – Марказий Осиё давлатлари ҳам, бошқа мамлакатлар ҳам бирдек манфаат кўради.
Бизнинг бош мақсадимиз – умумий саъй-ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат.
Бунинг учун биз турли низоларни қўзғайдиган ва унга кўмаклашадиган сабаб ва омилларга биргаликда барҳам бермоғимиз, умумминтақавий устувор манфаатларни инобатга олиш асосида миллий ривожланишни таъминламоғимиз зарур.
Биз бугун тараққиётимизнинг умумий устувор йўналишларини англаган ҳолда, чегара, сувдан фойдаланиш, транспорт ва савдо сингари ўткир минтақавий масалаларни ечиш бўйича оқилона муроса йўлини изламоқдамиз.
Бугунги конференция доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон томонидан Давлат чегараларининг туташган нуқтаси ҳудуди ҳақида шартнома имзоланди.
Ушбу шартнома муддатсиз бўлиб, денонсация қилинмайди, у уч қўшни давлат ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.
Сўнгги пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз чегараларининг 85 фоизи юзасидан келишувга эришди. Кўпдан буён давом этиб келаётган муаммолардан бири деярли ҳал этилди.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик кенгайди. Тожикистон билан тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланди. Товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, чегараолди ҳудудлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда, маданий-гуманитар соҳадаги муносабатлар фаоллашмоқда.
Шу билан бирга, қўлга киритилган дастлабки натижалардан хотиржамликка берилишимиз мумкин эмас, биз ҳали йўлнинг бошида турибмиз, деб ҳисоблайман.
Муносиб келажакни таъминлаш учун бугун биз қандай аниқ вазифаларни бажаришимиз муҳим ва зарур?
Биринчидан, бу савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда кооперацияни мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратишдир.
Минтақавий иқтисодий форумни ташкил этиш бу йўналишдаги амалий қадам бўлиши мумкин.
Бу ўринда гап бизнес ҳамжамиятлари ўртасида бевосита мулоқот ва ўзаро савдо-иқтисодий, сармоявий ва инновацион ҳамкорлик борасидаги аниқ лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилиш ҳақида бормоқда.
Бизнинг минтақа мамлакатлари ишбилармон доиралари ҳамда етакчи корхоналар вакиллари билан бир неча бор ўтказган учрашувларимиз иқтисодий алоқаларни сезиларли равишда фаоллаштириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш имконини берди.
Масалан, йил бошидан буён Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан товар айланмасиўртача 20 фоизга, айрим давлатлар билан эса қарийб 70 фоизга ўсди.
Минтақалараро ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Шу муносабат билан Марказий Осиё давлатларининг ҳудудлар раҳбарлари (ҳокимлари) бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этишни таклиф қиламан.
БМТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги самарали кооперация алоқалари 10 йил мобайнида минтақавий ялпи ички маҳсулотни камида икки баробар ошириш имконини берган бўлар эди.
Ушбу механизмлар бутун Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаган ҳолда, мамлакатларимиз ҳудудларининг саноат, инвестиция ва интеллектуал соҳалардаги салоҳиятини тўла ишга солиш имконини беришига ишонаман.
Иккинчидан, минтақанинг транзит-логистика салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ва транспорт инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлаш лозим.
Бу йўналишда минтақа мамлакатлари томонидан амалий қадамлар қўйилганини мамнуният билан қайд этишни истардим.
Туркманистонлик дўстларимиз томонидан Амударёдан ўтадиган Туркманобод – Фороб янги темир ва автомобиль йўллари кўприклари ишга туширилди. У Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон транспорт-транзит йўналишининг муҳим тармоғидир.
Тез орада Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилишини бошлаш бўйича келишувга эришилди, шунингдек, ушбу транспорт йўлаги бўйлаб синов тариқасидаги автопойга амалга оширилди.
Шу муносабат билан Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича умумминтақавий дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Умумий ёндашувларимизни келишиб олиш учун биз 2018 йилда Тошкентда “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўтказишни режалаштирмоқдамиз.
Конференциянинг ишида барча шерикларимиз фаол иштирок этишига умид қиламиз.
Учинчидан, бу – Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдир.
Бугунги кунда минтақанинг барча мамлакатлари терроризм, диний экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига дуч келмоқда.
Ушбу таҳдидларга қарши самарали курашишни фақат биргаликда, минтақа мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик механизмлари доирасида таъминлаш мумкин.
Хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарур, деган қатъий фикрдамиз.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минтақавий хавфсизлик муаммосини, аввало, превентив дипломатия усулларидан фойдаланган ҳолда ҳал қилишда муҳим ўрин тутиши лозим.
Шунингдек, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар механизмлари доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур.
Бугунги кунда Марказий Осиёда барқарор ва изчил тараққиётнинг истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш билан чамбарчас боғлиқдир.
Биринчи галдаги вазифалардан бири Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилишига ҳар томонлама кўмаклашишдан иборат.
Бу дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига ғоят муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон бундан кейин ҳам бу қўшни мамлакатни иқтисодий жиҳатдан тиклаш, унинг транспорт ва энергетик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрлар тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этишини таъкидламоқчиман.
Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашнинг устувор йўналиши – экстремистик ғояларга қарши қатъий курашишдан иборатдир. Кўпинча ҳаётга энди қадам қўяётган ёшлар унинг таъсирига тушиб қолмоқда.
Марказий Осиё – аҳолининг ёши бўйича энг “ёш” минтақалардан биридир: бу ерда аҳолининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади ва бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан анча юқоридир.
Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда Нью-Йоркда бўлиб ўтган сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди.
Ушбу ташаббусларни Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари қўллаб-қувватлагани ёшлар ўртасида радикал қарашлар тарқалишининг олдини олиш, тўғри йўлдан адашганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва уларни соғлом ҳаётга қайтаришга тайёрлигимизнинг амалдаги яққол ифодаси сифатида намоён бўлади.
Бизнинг тажрибамиз шуни кўрсатмоқдаки, биринчи галда ёшларни илм-маърифатга ўргатиш, уларга ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ислом маданиятининг асл қадриятларини етказиш экстремизмга қарши курашишнинг энг самарали воситаси ҳисобланади.
Бу борада биз Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этишга қарор қилдик.
Тўртинчидан, бу – давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш жараёнини тезда ва узил-кесил якунига етказишдир.
Биз чегараолди муаммоларини ҳал этиб, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлида мустаҳкам пойдевор яратамиз.
Биз давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги музокараларда юзага келадиган мураккаб масалаларни ҳал этиш бўйича изчил йўлга қўйилган ва биргаликда чуқур ўйлаб амалга ошираётган ишларимизни давом эттириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Биз оқилона муроса ва ўзаро тенг алмашинув асосида, ўзаро манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, бу ўта долзарб муаммони тез орада ҳал этамиз, деб ишонаман.
Бешинчидан, минтақада сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш муаммосини имкон қадар тезроқ тартибга солиш лозим.
Ишончим комил, мазкур масалаларни ҳал этишда минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга оладиган халқаро ҳуқуқий меъёрлар асосида иш олиб бориш кутилган самарани беради.
Ўзбекистон БМТ томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.
Орол денгизининг экологик ҳалокати билан боғлиқ энг ўткир муаммоларни ҳал этиш ҳам саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни талаб этади. Орол муаммоси бизнинг нафақат умумий дардимиз, балки умумий вазифамиздир.
Минтақавий ва халқаро даражада сайъ-ҳаракатларимизни бирлаштирмасдан туриб, ушбу таҳдидларга қарши муносиб чоралар ишлаб чиқа олмаймиз.
Биз Оролбўйида юзага келган долзарб муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, ижтимоий муҳим аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга донорлик кўмагини жалб этиш мақсадида Марказий Осиё минтақасининг барча давлатлари фаолиятини янада фаоллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Олтинчидан, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш лозим.
Бу Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликни жадаллаштиришнинг асосий шартларидан биридир.
Шу нуқтаи назардан, биз фаол маданий-гуманитар мулоқотни давом эттириш, мамлакатларимизда маданият кунлари ва турли ижодий тадбирларни мунтазам ташкил этиш, таълим ва сайёҳлик соҳасидаги алмашувларни “халқ дипломатияси”нинг энг муҳим воситаси сифатида ривожлантириш тарафдоримиз.
Оддий ва очиқ инсоний мулоқот – минтақада дўстлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлайдиган энг ишончли усулдир.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Марказий Осиёдаги долзарб масалаларни мамлакатларимизнинг саъй-ҳаракатларини умумий масъулият тамойили асосида бирлаштириш орқалигина ҳал этиш мумкин, деган фикримга, ўйлайманки, сизлар ҳам қўшиласиз.
Юқорида қайд этилган вазифаларнинг амалга оширилиши Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг ўзаро маслаҳатлашувлари бўйича учрашувларни мунтазам ташкил қилишимконини яратган бўлар эди.
Бизнинг бу борадаги ёндашувларимиз бугунги кунда минтақада умумий муаммоларни ҳал этишнинг йўлларини биргаликда излаб топишга реал зарурат мавжуд эканини англашдан келиб чиққан ёндашувдир.
Бу ёндашув Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг баёнотларида ҳам ўз ифодасини топган.
Бу ўринда гап Марказий Осиёда янги халқаро ташкилот тузиш ёки ўз устави ва миллий давлат органларидан устун турадиган интеграциялашув соҳасида қандайдир тузилма ташкил этиш ҳақида кетмаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Минтақавий мулоқотларимиз фақат минтақамиз тараққиётига оид ҳал қилувчи масалалар юзасидан фаолиятимиз йўналишларини келишиб олишга йўналтирилади.
Бугунги конференциямиз якунлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир махсус резолюция қабул қилиш ҳақида мурожаат қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Бундай резолюциянинг қабул қилиниши БМТ ва бутун халқаро ҳамжамият томонидан амалий мулоқотни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш борасида бизнинг давлатларимиз олиб бораётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлур эди.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Марказий Осиё – бу ҳақиқатдан ҳам ноёб имкониятлар ва ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият ва имкониятларга эга бўлган минтақадир.
Минтақада мустаҳкам тараққиёт, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш – бизнинг тўлиқ эриша оладиган муштарак вазифамиздир.
Ҳеч шубҳасиз, бугунги конференциямиз ана шу эзгу мақсадга эришиш йўлида яна бир муҳим қадам бўлиб, ҳал қилувчи аҳамиятга эга вазифаларни амалга ошириш, барчамизнинг “Марказий Осиё” деб аталадиган умумий диёримизда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган, ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган янги ғоя ва таклифларни илгари суришга хизмат қилади.
Форумнинг барча иштирокчилари ва меҳмонлари иш фаолияти самарали бўлишини, азим Самарқанд шаҳрида уларга яхши кайфият ёр бўлишини тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.