07.11.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3351-сон қарори
Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш, ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг экспорт ҳажмлари ва турларини кўпайтириш, тадбиркорлик субъектларининг рақобатбардошлигини ошириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида:
1. 2017 йил 1 декабрдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:
а) хизматларни (ишларни) экспорт қилиш операциялари бўйича –бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб, товарларни экспорт қилиш операциялари бўйича эса – божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати 120 кун этиб белгиланади, қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси резидентлари – муассислар томонидан чет элдаги ташкилотларига (савдо уйлари, савдо ваколатхоналари, шуъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва консигнация омборларига);
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг аъзолари томонидан – Палатанинг савдо-инвестиция уйларига олиб чиқиб кетиладиган товарлар бундан мустасно;
б) тадбиркорлик субъектларига товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини олдиндан тўлов, очилган аккредитив, расмийлаштирилган банк кафолати ва экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлмасдан хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқи берилади, янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва ушбу қарорга иловада кўрсатилган товарлар (кейинги ўринларда хомашё товарлари деб аталади) бундан мустасно.
Бунда экспортга божхона расмийлаштируви, Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (кейинги ўринларда ТСОЯЭА тизими деб аталади) ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотномасиз амалга оширилади, ушбу қарорга иловада кўрсатилган хомашё товарлари, шунингдек, инвойс асосида экспорт қилинадиган товарлар бундан мустасно.
Белгилансинки, товарлар, ишлар ва хизматлар экспорти фақат олдин амалга оширилган экспорт операциялари бўйича тадбиркорлик субъектида муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик мавжуд бўлмаганда ушбу кичик банд шартларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин. Бунда экспорт қилувчиларга товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини олдиндан тўлов, очилган аккредитив, шунингдек, харидор банкларининг кафолати ёки экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлиши шартларида экспорт қилиш ҳуқуқи сақланади.
Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлганлиги учун бевосита тадбиркорлик субъектлари жавоб берадилар;
в) импорт операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлганлиги учун импорт қилувчиларга нисбатан экспорт операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорликка йўл қўйган экспорт қилувчилар учун назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади;
г) енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) таъсири юзага келган ҳолатда хорижий валютадаги тушумнинг тушиши муддати ушбу таъсир юз берган давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган, енгиб бўлмайдиган кучнинг амал қилиши даврига узайтирилади;
д) товарлар, ишлар ва хизматлар экспорт қилувчининг ҳисобрақамига экспорт контрактини суғурталаш полиси бўйича суғурта қопламаси суммаси (миллий ва/ёки хорижий валюталарда) тушганда, ушбу экспорт контракти бўйича дебитор қарздорлик суммаси молиявий санкцияларни қўллаш мақсадлари учун суғурта қопламаси суммасига камайтирилади;
е) божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун импорт қилувчилар томонидан экспорт божхона юк декларацияси мажбурий тақдим этилиши бўйича талаб бекор қилинади;
ж) “вақтинча олиб кириш” божхона режими остидаги товарларни қайта экспорт қилишга давлат божхона хизматлари органлари томонидан рухсатнома берилиши бўйича талаб бекор қилинади.
2. 2017 йил 1 декабрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига товарларни (махсус товарлардан ташқари), ишлар ва хизматларни экспорт контракти тузмасдан, инвойслар асосида, экспорт қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобрақамларига олдиндан тўлов 100 фоиз тушгандан сўнг ва ТСОЯЭА тизимига маълумотларни киритиш шарти билан экспорт қилиш ҳуқуқи берилсин.
Бунда янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз маҳсулотлари, дуккаклилар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни экспорт қилишга қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида талаблар белгиланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги:
экспорт қилинадиган товарларнинг асосий турлари бўйича ташқи бозорларнинг жорий ва истиқболли конъюнктурасига доир доимий равишда чуқур маркетинг тадқиқотлари ўтказилишини;
тадбиркорлик субъектларининг экспорт қилинадиган маҳсулотлари турларини кенгайтириш учун янги салоҳиятли имкониятлар аниқланишини таъминласинлар.
4. 2018 йил 1 январдан бошлаб ТСОЯЭА тизимини техник қўллаб-қувватлаш ва ундан фойдаланиш бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2018 йил 1 январга қадар ТСОЯЭА тизими, унинг техник ҳужжатлари ва маълумотларни қайта ишлашда фойдаланиладиган дастурий воситаларнинг бирламчи кодлари билан биргаликда қабул қилинишини – берилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ТСОЯЭА тизими ишини такомиллаштириш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузсин, унга 2018 йил 1 июлгача бўлган муддатда экспорт ва импорт қилувчилар томонидан маълумотлар ТСОЯЭА тизимига киритилиши тартибини соддалаштириш вазифаларини юкласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Давлат ветеринария қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўзстандарт" агентлиги ва "Ўзбекэкспертиза" акциядорлик жамияти экспорт-импорт операцияларини амалга оширишни тезлаштириш, товарларни божхонада расмийлаштириш жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилиши самарадорлигини ошириш мақсадида берилган сертификатлар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар "Ягона дарча" унификациялаштирилган божхона ахборот тизимига ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда киритилишини таъминласинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўргазма тадбирларини ўтказишга мўлжалланган товарларни (маҳсулотларни) олиб чиқиб кетиш тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин;
икки ой муддатда ушбу қарордан келиб чиқиб қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ушбу қарор билан киритилган нормаларнинг самарадорлиги мониторинги доимий равишда олиб борилишини таъминласин ва, зарурат бўлганда, қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқаруви раиси Н.С.Отажонов, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Э.М.Ғаниев, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Р.Парпиев ва Давлат божхона қўмитаси раиси М.В.Тоҳирий зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев