31.10.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 октябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларини барпо этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, тегишли вазирлик ва қўмиталар раҳбарлари иштирок этди.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Чунки спорт аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиради. Турли касалликлар, ёшлар ўртасида зарарли одатларнинг олдини олади. Спорт юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Бу соҳада эришилган ютуқлар мамлакатни дунёга танитади, барча юртдошларга ғурур-ифтихор бағишлайди.
Мустақиллик йилларида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилди. Шаҳар ва қишлоқларда замонавий спорт комплекслари бунёд этилди. “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари ёшларни оммавий спортга, соғлом турмуш тарзига ошно қилиш воситасига айланди.
Истеъдодли болаларни танлаш ва профессионал спортчиларни тайёрлаш бўйича узлуксиз тизим яратилди. Умумтаълим мактаблари ва болалар спорт мажмуаларидаги машғулотларда қобилияти кўзга ташланган ўғил-қизлар болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, спорт коллежларига олиниб, профессионал ёндашувлар асосида тарбияланмоқда. Олий ўқув юртлари ва ўқув-йиғин машғулотларида маҳоратини оширмоқда.
Бунинг натижасида мамлакатимиз спортчилари жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида юксак ғалабаларни қўлга киритиб, халқимиз салоҳиятини бутун дунёга намоён қилмоқда. Хусусан, спортчиларимиз 2016 йили Бразилияда ўтган Олимпия ўйинларида 13 та, Паралимпия ўйинларида 31 та медалга сазовор бўлиб, юртимиз спорти тарихидаги энг юқори натижаларга эришди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 февралдаги «Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мамлакатимиз спорти ривожида янги даврни бошлаб берди. Фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил қилинди. Аҳоли кенг қатламини спорт билан шуғулланишга жалб этиш, жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш, спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳар ва туманларда оммавий спорт тадбирлари ва мусобақалар ўтказиш, Миллий олимпия қўмитаси, спорт турлари бўйича федерациялар ва ассоциациялар билан биргаликда истеъдодли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва маҳоратини ошириш, кадрлар тайёрлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро алоқаларни кенгайтириш унинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тузилмасидаги Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро аппарати, 300 га яқин спорт таълим муассасаси Давлат қўмитаси тасарруфига ўтказилди.
Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш ишларининг самарадорлигини ошириш борасида жамоатчилик фикрини ўрганиш, таҳлил қилиш, соҳадаги ишларни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш кенгаши ташкил этилди.
Ҳудудий бошқарув органлари таркибида 201 та туман (шаҳар)да жисмоний тарбия ва спорт бўйича вакиллар фаолияти йўлга қўйилди. Бу жойларда соҳага оид давлат сиёсати, фармон ва қарорлар ижросини тўла таъминлаш, спортни қуйи поғоналардан ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилда соҳага оид яна 20 дан ортиқ ҳужжат – Президентимизнинг фармойиш ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилинди. Бу ҳам давлатимизнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга эътиборидан далолат беради.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида соҳада сифат ўзгаришлари сезилди. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий ва халқаро спорт мусобақаларида спортчиларимиз томонидан 483 та олтин, 394 та кумуш, 536 та бронза, жами 1 минг 413 та медаль қўлга киритилди.
Мамлакатимизда халқаро миқёсдаги мусобақалар муваффақиятли ўтказилди. Май ойида Тошкентда ўтган бокс бўйича Осиё чемпионатида спортчиларимиз ўн вазн тоифасидан тўққизтасида олтин медалга сазовор бўлди.
Йиғилишда спорт соҳаси учун малакали кадрлар ва мураббийлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича белгиланган вазифалар юзасидан муайян ишлар бажарилди.
Бу борада асосий билим маскани бўлган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти Чирчиқ шаҳрига кўчирилди. Натижада институт малакали спортчи ва мураббийларни ўқитиш ҳамда тайёрлаш учун зарур инфратузилмага эга бўлди, замонавий спорт шаҳарчаси барпо этиш имконияти яратилди. Шунингдек, институтда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълим олиш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ҳузурида Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилди. Марказда ҳозирги кунга қадар 800 дан ортиқ ходим малака оширди.
Йиғилишда институт фаолиятини янада такомиллаштириш, ўқув жараёнига янги инновацион технологияларни жорий қилиш, илмий изланишлар учун махсус лабораториялар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Жисмоний тарбия институтини замонавий спорт таълим муассасасига айлантириш, ўқув дастурларини замонавий илм-фан ютуқлари асосида ташкил этиш бўйича 2018-2020 йилларга мўлжалланган дастур тузиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури қабул қилинди. Дастурда 2017-2021 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш учун 995,2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши, спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 167 та спорт иншооти, жумладан, 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш назарда тутилган.
Дастур доирасида жорий йилда 153 та болалар майдончаси таъмирланган, 232 та замонавий майдонча, Нукус шаҳрида спортнинг олимпия ва миллий турларига ихтисослаштирилган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилган.
Йиғилишда бу борада йўл қўйилган камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 39 та спорт иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари жадвалдан ортда қолгани, сузиш ҳавзаларини замонавий анжомлар билан жиҳозлаш кечиктирилгани танқид қилинди. Бу камчиликларни бартараф этиш, йил охиригача қурилиш ишларини якунлаш бўйича топшириқлар берилди. Спорт мажмуаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ёшларни уларга янада кенг жалб этиш зарурлиги қайд этилди.
Спорт мактаблари, республика олий спорт маҳорати мактаблари ҳамда спорт федерацияларининг иқтидорли ёшларни кашф этиш борасидаги ҳамкорлиги, селекция ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмагани танқид қилинди. Бу борада аниқ шаффоф механизм яратиш ва барча ҳудудларни қамраб олиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мамлакатимиз спортчиларини нуфузли халқаро мусобақалар, жумладан, бўлғуси Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда спорт ташкилотлари ҳамкорлигида иқтидорли спортчиларни саралаш ва терма жамоаларни шакллантириш, спортчиларнинг маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, уларнинг нуфузли мусобақалардаги муносиб иштирокини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Йиғилишда халқаро мусобақаларда қўлга киритилаётган медаллар фақат бокс, дзюдо, оғир атлетика ва спорт курашлари билан чегараланиб қолаётгани танқид остига олинди. Гимнастика, трамполин, енгил атлетика, таэквондо, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, велоспорт каби бошқа салоҳиятли спорт турлари бўйича ҳам кўпроқ ютуқларга эришиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди. Халқаро спорт федерациялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Президентимизнинг жорий йил 10 августдаги “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорида спортимиз юлдузлари ва уларни камолга етказган тренерларнинг машаққатли меҳнатларини муносиб тақдирлаш, уларнинг тажрибаси ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш, олий ва махсус маълумот олишлари ҳамда саломатликларини тиклашлари хусусида ғамхўрлик қилингани эътиборга лойиқ. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда спортчи ва мураббийларни моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этадиган спортчилар захирасини тайёрлашда муносиб ҳисса қўшишларига имконият яратади.
Йиғилишда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятининг қуйи бўғинлари ишини кучайтириш, аҳоли барча қатламларини спорт билан шуғулланишга жалб қилиш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш ва бошқа долзарб масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
Тегишли қўмита ва мутасаддилар олдидаги вазифалар белгилаб берилди.