18.10.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ва Бош вазир ўринбосари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Президентимиз жорий йилнинг ўзида соғлиқни сақлаш масаласига бағишлаб уч марта видеоселектор йиғилиши ўтказди. Тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, одамларда ҳақли эътироз уйғотаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди, шу йўналишда амалга оширилаётган дастурлар ижроси атрофлича кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ташрифлари чоғида шифохоналар, поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларидаги шароитлар билан бевосита танишди, замонавий клиникалар қуриш бўйича топшириқлар берди.
Соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада ривожлантириш борасида ҳали қиладиган ишларимиз кўп, деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари тингланди.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси, 441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Фаолияти тугатилган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилди. Бундан ташқари, қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди. Бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг бакалавриатура босқичини битирган 3 минг 197 ёш мутахассиснинг 79 фоизи бирламчи тизимга ишга юборилди.
Қилинган ишларнинг натижаси қандай бўлаяпти, одамлар бундан қай даражада фойдаланмоқда, деди Шавкат Мирзиёев. Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўплигини кўрсатмоқда.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ҳудудларда етарли даражада эмаслиги олдимизда турган долзарб муаммолардан бири. Тан олиш керак, ҳудудлардан юқори технологик тиббий ёрдам олиш учун Тошкент шаҳрига келиш аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда, деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислардан 134 номзод танлаб олингани қайд этилди. Улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларига, жумладан, болалар шифохоналари, эндокринология, кардиология, силга қарши, тери-таносил диспансерлари, онкология маркази филиаллари, юқумли касалликлар шифохоналарига ишлаш учун юборилди.
Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалардан бири – бу тез тиббий ёрдам хизмати билан боғлиқ, деди Президентимиз. Бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Транспорт воситалари ҳали етарли эмас, дори-дармон таъминотида узилишлар мавжуд.
2016 йилда 806 тез тиббий ёрдам станцияси ва кичик станцияси фаолият кўрсатган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 2 минг 100 дан ошди. Табиийки, бу ҳар бир чақириқнинг ўз вақтида келишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу йўналишда кўрсатилаётган хизматлар билан бирга, аҳолининг мазкур хизматдан фойдаланиш борасидаги маданиятини ошириш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Жаҳон тиббиёти олдида турган долзарб масалалардан бири ижтимоий касалликлардир. Мамлакатимизда сил, психиатрия, тери-таносил, онкология хасталиклари бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилди ва Президент қарорлари қабул қилинди.
Республика ихтисослаштирилган марказларининг вилоятларда филиаллари ташкил этилмоқда. Чет эл клиникаларида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ватандошимиз юртимизга қайтарилди.
Давлатимиз раҳбари қарори билан тиббиёт соҳасида бакалавриат таълим йўналишларида ўқиш муддати 7 йилдан 6 йил ва “тиббий профилактика” йўналишида 6 йилдан 5 йил этиб белгилангани мамлакатимиз тиббий таълим тизимини жаҳон стандартларига мослаштириш, жойларда кадрлар таъминоти яхшиланиши ва давлат бюджети маблағлари мақсадли сарфланишига хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга оид фармойиши доирасида 8,4 минг нафар ногирон протез-ортопедия маҳсулотлари билан, 9,3 мингдан зиёд эҳтиёжманд фуқаро реабилитация техник воситалари билан бепул таъминланди. Шунингдек, 23 мингдан зиёд 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлар санаторияларда бепул дам олдирилди.
Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантиришни такомиллаштиришга оид қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди. Натижада Тошкент шаҳрида Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Жиззах шаҳрида Жанубий Корея, Фарғона, Қарши шаҳарларида ва Қумқўрғон туманида Ҳиндистон каби давлатлар билан қўшма клиникалар ташкил этилмоқда. Ўтган 9 ой мобайнида хусусий тиббиёт муассасалари яна 400 дан зиёдга кўпайиб, уларнинг сони 3 минг 860 дан ошгани хусусий тиббиёт муассасаларига берилаётган кенг имтиёз ва преференциялар самарасидир.
Жорий йилда "Ўзфармсаноат" акциядорлик концерни томонидан 76 янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш 2011 йилга нисбатан 4 марта ўсди.
Фармацевтика соҳасида янги, юқори технологияларга асосланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун Ўзбекистон тараққиёт ва ривожланиш жамғармасидан 250 миллион доллар миқдорида кредит ресурслари ажратилди. Умумий қиймати қарийб 400 миллион долларга тенг бўлган 70 дан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланиб, уларнинг 33 таси жорий йилда ишга туширилади.
Давлатимиз раҳбарининг “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши, аввало, юртимизда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий дори-дармон воситалари бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли препаратлар билан тўлдириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, дори-дармон ва тиббиёт буюмларини экспорт қилиш ҳажмини янада оширади.
Бу йўналишда амалга оширилаётган изчил ишлар ўз самарасини бера бошлади. Масалан, фармацевтика маҳсулоти экспорти 40 фоизга оширилишига эришилди, юқори технологиялар жорий қилиниши эвазига ҳар бир ишчига ишлаб чиқариш самарадорлиги 35 фоиз ўсди. Маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган дорилар тури 2 минг 300 дан ошди.
Йиғилишда соҳада ўз ечимини кутаётган қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, айниқса, қишлоқ жойларда тизимли патронаж қамрови сифатини яхшилаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг стационар муассасалар билан ҳамкорлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Мутасаддиларга соҳада хусусий секторни янада ривожлантириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Тез тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштириш, скрининг марказлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ишлаб чиқарилаётган протез-ортопедия маҳсулотлари, реабилитация техник воситалар сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари сифати, хусусий тиббиёт соҳасига чет эл инвестицияси ва юқори малакали мутахассисларни жалб этиш ишлари ислоҳ қилиниши лозим.
Аҳолини патронаж ва тизимли диспансеризация билан тўлиқ қамраб олиш, она ва бола скрининги ҳамда тиббий-генетик хизматни янада такомиллаштириш ва ушбу хизматларни аҳолига яқинлаштириш мақсадида 2018-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Йиғилишда тиббиёт ходимларининг малакаси ва шахсий масъулияти масаласи жиддий танқид қилинди. Соҳадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимининг давлат ва хусусий секторидаги барча мутахассислар фаолиятини лицензиялаш тизимини татбиқ этиш назарда тутилган.
Йиғилишда соҳа олдида турган долзарб вазифалар белгиланди. Вазирлик ва идоралар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.