07.10.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари мулоқот аввалида Россия Федерацияси Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, Россия раҳбарининг мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш ва мустахкамлаш, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришдаги алоҳида ўрни ва улкан шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Жорий йил апрель ойида Россияга амалга оширилган самарали давлат ташрифи ва бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаб, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро алоқаларнинг сезиларли жадаллашгани кузатилмоқда: кейинги ойларда Россия ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси И.Шувалов, Хавфсизлик кенгаши котиби Н.Патрушев, қишлоқ хўжалиги вазири А.Ткачев, саноат ва савдо вазири Д.Мантуров, Татаристон раҳбари Р.Миннихонов ва бошқалар ташриф билан Ўзбекистонда бўлдилар. Олий ва юқори даражадаги яна қатор ташрифларни амалга ошириш режалаштирилган.
Ўзаро савдо ҳажми жадал ортиб бормоқда – йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошди.
Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида нефть-газ ва нефть-кимё соҳалари, металлургия, машинасозлик, электр техникаси саноати, фармацевтика, агросаноат, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Икки давлат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорлик фаоллашди. Маданий-гуманитар алмашинув кенгайиб бормоқда.
Яқинда Москва ва Бутун рус Патриархи Кириллнинг Ўзбекистонга ташрифи ҳам халқларимиз ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилгани таъкидланди.
Мулоқот чоғида икки томонлама амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот сўнгида давлатимиз раҳбари Россия Президентини яна бир бор самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ ва улкан муваффақиятлар, дўст Россия халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.
Россия раҳбари Ўзбекистон Президенти ва халқига самимий табрик учун чуқур миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини алоҳида таъкидлади.