02.10.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3304-сон қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 30 сентябрдаги ПФ-5198-сон Фармонига мувофиқ Халқ таълими вазирлигининг мактабгача ёшдаги болаларнинг сифатли таълим-тарбиясини ташкил этиш ва уларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш вазифалари янги тузилган Мактабгача таълим вазирлиги зиммасига юклатилди.
Халқ таълими тизимида давлат бошқарувини такомиллаштириш, вазирлик фаолиятини умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим тизимини ривожлантиришга йўналтириш, таълимнинг бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда масъулиятини ошириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини самарали жорий этиш орқали таълим сифатини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
биринчидан, халқ таълими тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни ҳар томонлама ривожлантириш, ўқувчиларнинг билими ва маънавий-ахлоқий даражасини янада юксалтириш;
иккинчидан, ўрта таълим мактаблари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаш орқали 11 йиллик ўрта таълимни жорий этиш бўйича ташкилий-методик тадбирлар тизимини амалга ошириш;
учинчидан, умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчиларига касб-ҳунар ўргатиш ҳамда умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ халқ таълими муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатишда методик раҳбарлик килиш;
тўртинчидан, умумий ўрта таълим муассасаларида чет тилларини ўқитиш самарадорлигини таъминлаш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва меҳнат таълимини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
бешинчидан, ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шаклларини, янги педагогик ва ахборот технологияларини, ўқувчиларнинг ўқув, психологик ва жисмоний юкламасини оптималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда таълим-тарбиянинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;
олтинчидан, мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб берадиган, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда янгиланган ўқув режа ва дастурларга мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлоди яратилиши ва нашр этилишини ташкил қилиш;
еттинчидан, меҳрибонлик уйлари фаолиятини такомиллаштириш, ота-оналар қаровисиз қолган болаларнинг ижтимоий-психологик реабилитациясини ва ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш;
саккизинчидан, ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларнинг (шу жумладан инклюзив) ижтимоий кафолатларини таъминловчи чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, уларнинг таълим-тарбия олишлари учун мослашув муҳитини яратиш, имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) фаолиятини мувофиқлаштириш;
тўққизинчидан, халқ таълими муассасаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлимлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш орқали ўқувчиларни умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият, инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига мустақиллик ғояларини янада чуқур сингдириш, «оммавий маданият» кўринишидаги ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш;
ўнинчидан, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари томонидан давлат таълим стандартлари ва талаблари бажарилишининг тизимли мониторингини олиб бориш;
ўн биринчидан, таълим муассасаларида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни ҳамда бюджет интизомига риоя этишни таъминлаш;
ўн иккинчидан, таълим муассасаларида бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш ишларини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги марказий аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган сони 68 нафардан иборат бўлган тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг намунавий тузилмаси 4-иловага мувофиқ;
Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг тузилмаси 5-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика таълим марказининг тузилмаси 6-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказининг тузилмаси 7-иловага мувофиқ;
туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг намунавий тузилмаси 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари тузилмасига ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг А.Авлоний номидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институти А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутаҳассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти деб қайта номлансин.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тузилмаси 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Мазкур Институт халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таянч таълим муассасаси ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисида Низомни;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика таълим марказининг уставини;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказининг уставини;
А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг уставини тасдиқласин.
6. Белгилансинки, Республика таълим маркази ҳамда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази методистлари меҳнатига ҳақ тўлаш Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси методистлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари асосида, мукофотлаш ҳамда моддий ёрдам кўрсатиш эса Халқ таълими вазирлиги ходимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бир ой муддатда:
Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари тўғрисидаги низомларни;
туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқласин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги Низомни тасдиқласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3180-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири У.И.Иноятов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев