26.09.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 сентябрдаги ПҚ-3289-сон қарори
Бугунги кунда халқ таълими тизимида жами 4916 та мактабгача таълим муассасаси, 9680 та умумий ўрта таълим мактаби, 211 та "Баркамол авлод" маркази мавжуд бўлиб, уларда жами 400 минг нафардан ортиқ педагог ходим фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида педагог кадрларни тайёрлаш бўйича 5 та давлат педагогика институти, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича 14 та ҳудудий институт фаолият кўрсатмоқда.
Амалдаги тартибга асосан халқ таълими муассасалари педагоглари камида 5 йилда бир маротаба ўз малакаларини оширадилар. Ўқитувчилар малака ошириш давомида мамлакатимизда ва жаҳонда педагогика, психология ҳамда ўқув фани бўйича эришилган энг янги ютуқларни чуқур ўрганиб, замонавий ахборот ва педагогик технологияларнинг имкониятларидан хабардор бўлган ҳолда уларни амалиётга татбиқ этиб келмоқдалар.
Шу билан бирга, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий институтларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг илмий салоҳияти, дарс бериш сифати бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти. Ходимлар илмий изланишлар билан шуғулланмайди, уларнинг фаолиятини ташқи баҳолаш тизими самарали йўлга қўйилмаган.
Ўтказилган таҳлиллар педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнларида халқ таълими ва олий таълим тизимлари ўртасида узлуксизлик ва узвийлик таъминланмаганлигини кўрсатди. Натижада умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ходимлари фаолияти давомида фанларни ўқитиш методикаси, таълим ва тарбия назарияси янгиликларидан, олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан, илғор хорижий тажрибалардан бехабар қолмоқдалар.
Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими самарадорлигини янада такомиллаштириш, уларнинг касбий компетентлигини доимий ривожлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг:
Нукус давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти, Жиззах давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти ва Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфига бериш;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтларини тегишли ҳудуддаги олий таълим муассасалари тасарруфига бериш ҳамда улар негизида Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларини (кейинги ўринларда Ҳудудий марказлар деб аталади) иловага мувофиқ ташкил этиш;
Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти ва Республика илмий-педагогика кутубхонасини Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тасарруфига бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Ҳудудий марказларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
халқ таълими ходимларининг методик эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг илғор шакл ва усулларини жорий этиш;
халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини такомиллаштириш юзасидан илмий-тадқиқот ҳамда ўқув-методик ишларни олиб бориш кўникмаларини ривожлантириш;
масофадан ўқитиш усуллари асосида халқ таълими муассасалари педагоглари учун ташкил этиладиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-методик ресурсларини ишлаб чиқиш, курслардаги ўқув машғулотларини онлайн ва оффлайн шаклларида ташкил этишни янада такомиллаштириш;
тегишли йўналишлар бўйича фанларнинг умумкасбий ва махсус блоклари бўйича қайта тайёрлаш ва малака оширишни ташкил этиш ҳамда улар бўйича замонавий методик, ахборот-маълумотнома базасини яратиш;
буюртмачи ташкилотлар билан ҳамкорликда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини узлуксиз такомиллаштириб бориш;
ўқув-тарбия жараёнининг амалиёт билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини сайёр машғулотлар орқали замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган таълим муассасаларида ташкил этиш;
инновацион илмий ютуқларни, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни, масофадан ўқитишни, мустақил таълим олишни кенгайтиришни назарда тутувчи техникава технологияларни таълим тизимига жорий этиш.
3. Белгилансинки, Ҳудудий марказлар:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
юридик шахс мақомига эга давлат таълим муассасаси бўлиб, ўз мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақаларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзиладиган муҳрига эга бўлади;
илмий-методик таъминоти олий таълим муассасаларининг тегишли кафедралари томонидан амалга оширилади;
ўқув машғулотларини олиб боришга юқори малакали мутахассислар ҳамда ўриндошлик ёки соатбай ҳақ тўлаш асосида олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари жалб этилади;
ходимларига олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади. Бунда бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган тингловчилар нисбатининг чекланган нормативлари олий таълим муассасалари учун белгиланган бир нафар ўқитувчи ҳисобига талабалар сони нисбатининг чекланган нормативларидан 25 фоиз паст этиб белгиланади.
4. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Д.Набиев:
бир ой муддатда жойларга чиққан ҳолда мазкур қарорга асосан ташкил этилаётган Ҳудудий марказлар жойлашиши, фаолияти сифатли таъминланиши шароитларини таҳлил қилсин;
икки ой муддатда Ҳудудий марказларни малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш юзасидан зарурий чораларни кўрсин;
ҳар уч ойда амалга оширилган ишлар тўғрисида шахсан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобот бериб борсин.
5. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Ҳудудий марказлар учун таянч олий таълим муассасаси ҳисоблансин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
халқ таълими тизими ходимларининг касбий билимлари ва малакаларини ошириш ишларига илмий-методик жиҳатдан раҳбарлик қилиш;
таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини ҳисобга олиб, ижодий тафаккурни ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишнинг интерактив усулларидан фойдаланган ҳолда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича намунавий ўқув режа, дастур, ўқув-методик ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг самарали шаклларини жорий этишнинг илмий-методик ва ташкилий-методик асосларини ишлаб чиқиш;
таълимнинг илғор шакл ва усуллари, замонавий таълим ва ахборот-коммуникация технологияларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига жорий этиш асосида раҳбар, педагог ва бошқа мутахассис кадрларнинг касбий билим, кўникма ва малакаларини ошириш чораларини кўриш;
педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги хорижий тажрибаларни, шунингдек, энг яхши таълим муассасаларининг ютуқларини оммалаштириш асосида илмий асосланган инновацияларни жорий этиш.
6. Тасарруфида Ҳудудий марказлар ташкил этилган олий таълим муассасалари ректорлари:
бир ой муддатда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Ҳудудий марказ фаолиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
икки ой муддатда Ҳудудий марказларда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг илғор шакл ва усулларини жорий этиш, таълим дастурларини такомиллаштириш, тегишли йўналишлар бўйича фанларнинг умумкасбий ва махсус блоклари бўйича қайта тайёрлаш, жумладан, етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, онлайн режимда малака ошириш тизимини ташкил этсин;
халқ таълими муассасалари педагоглари учун ташкил этиладиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-методик ресурсларини ишлаб чиқиш, курслардаги ўқув машғулотларини сифатли ташкил этишга шахсан масъул этиб белгилаб қўйилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича қарор қабул қилсин ва унда қуйидагилар назарда тутилсин:
Ҳудудий марказлар фаолиятини ташкил этиш ва уларнинг намунавий ташкилий тузилмасини тасдиқлаш;
Ҳудудий марказлар намунавий ташкилий тузилмасини ҳамда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини ишлаб чиқишда, ўқув-услубий жараёнини ташкил этишда таълим турлари ўртасида узлуксизлик ва узвийликни таъминлаш;
ҳар бир Ҳудудий марказ фаолиятини ривожлантириш концепцияларини тасдиқлаш.
8. Ҳудудий марказларда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини таҳлил қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Юнусходжаев бошчилигида махсус комиссия ташкил этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим, халқ таълими вазирларига ҳар икки ойда Ҳудудий марказларда малака оширган ва қайта тайёрланган халқ таълими ходимларининг жойлардаги фаолияти самарадорлиги тўғрисидаги ҳисоботини ҳамда Ҳудудий марказлар фаолиятини такомиллаштириш чоралари бўйича таклифларини махсус комиссияга киритиб бориш вазифаси юклатилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
Педагог кадрлар малакасини оширишни назорат қилиш бўлими негизида, Халқ таълими вазирлигининг Педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимини тугатиш ҳисобига қисқарадиган 2 та штат бирлигини ўтказишни инобатга олган ҳолда, 5 та штат бирлигидан иборат Педагог кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишни ташкил этиш ва назорат қилиш бошқармаси ташкил этилсин;
Молиялаштириш ва бухгалтерия ҳисоби бошқармасига қўшимча 1 та штат бирлиги ажратилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ҳудудий марказларни сақлаш харажатларини Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йилги параметрларига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев