16.09.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 16 сентябрь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйди.
Президентлар пойтахтимиздаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилдилар. Шу ерда оммавий ахборот воситалари вакилларига қисқача интервью берилди.
Нурсултон Абишевич ташрифларини муқаддас қадамжолар зиёратидан бошлаганида катта маъно бор, деди Шавкат Мирзиёев. Чунки Тўлабий халқларимиз бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги йўлида хизмат қилган. Шайх Хованди Тоҳур бобомиз ҳам бутун умр элни тинчлик ва осойишталикка чорлаган. Бугун халқларимиз бирдамлиги йўлида қилинаётган ишлар ҳам ана шу қадимий дўстлигимизни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Халқларимиз буюк аждодларини доимо ҳурмат қилиб келган, деди Нурсултон Назарбоев. Ўзбекистон заминида қозоқ халқининг ардоқли фарзанди Тўлабий дафн этилган. Тўлабий ўз даврининг таниқли шахсларидан бири бўлиб, қози сифатида танилган. "Жети Жарғи" қонунлар тўпламини тузишда муаллифлардан бири бўлган. Доимо элни бирликка бошлаган. Шавкат Миромоновичга қозоқ халқининг буюк фарзанди Тўлабий мақбарасини ободонлаштиришга қаратаётган катта эътибори учун миннатдорлик билдираман. Халқларимизни буюк аждодларимиз руҳи доимо қўлласин.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, Буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
«Ўзбекистон – Қозоғистон: ҳамкорликнинг янги босқичи» деб номланган ушбу кўргазмадан асосий мақсад икки мамлакат компаниялари ўртасида барқарор алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда янги қўшма савдо-иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишдан иборат. Унда Қозоғистоннинг автомобилсозлик, нефть-газ, ҳарбий техника, авиация, фармацевтика, текстиль, ахборот технологиялари, қурилиш материаллари ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган элликдан зиёд компаниялари маҳсулотлари, шунингдек, олий ўқув юртлари, илмий-ишлаб чиқариш марказларининг инновацион технологиялари намойиш этилмоқда.
Президентлар экспозиция билан танишар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришда бундай кўргазмалар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар. Икки мамлакат иқтисодиёт тармоқлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларининг кенгайиши ишлаб чиқариш жараёни такомиллашишига ва маҳсулотларнинг янада оммавийлашишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев тор доирада учрашув ўтказди.
Президентимиз Қозоғистон Президентини Ўзбекистон заминида самимий қутлаб, Нурсултон Назарбоевнинг мазкур давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларини янада ривожлантиришда тарихий воқеа эканини таъкидлади.
Бу ташрифни бизнинг узоқ муддатга мўлжалланган стратегик манфаатларимиз, олдимиздаги вазифаларни биргаликда ҳал қилишга бўлган интилишларимиз муштарак эканининг яққол тасдиғи сифатида қабул қиламиз, деди Шавкат Мирзиёев. Бу йил Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари ривожида тарихий йил бўлди. Биз Нурсултон Назарбоев билан шу йилнинг ўзида олтинчи маротаба учрашмоқдамиз. Бу ўзаро ишонч юксак даражада эканидан далолатдир.
Қозоғистон Президенти Ўзбекистон Президентига таклиф учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.
Биз илдизи бир халқмиз. Бутун тарих давомида бўлганидек мустақиллик йилларида ҳам бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз, деди Нурсултон Назарбоев. Ўзбекистон Президентининг март ойидаги Қозоғистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида янги босқични бошлаб берди. Ўтган қисқа вақтда икки томонлама алоқаларда илгари кузатилмаган юқори натижаларга эришилди. Мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради. Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча соҳалар бўйича кенгайтиришга тайёр.
Дарҳақиқат, ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан бир-бирига елкадош бўлиб, аҳил-иноқ яшаб келган. Халқларимизнинг тарихи, тили, маданияти, қадриятлари бир. Бу яқинлик бугунги кунда давлатлараро ҳамкорликка мустаҳкам асос бўлмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик 1998 йил Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йил пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома руҳида тараққий этмоқда.
Икки томонлама ҳамкорлик барча соҳаларни қамраб олган. Парламентлар, вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқалар мунтазамлик касб этган.
Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига мос ёки яқиндир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик сиёсати натижасида олий даражадаги мулоқотлар фаоллашди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22-23 март кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарди. Ташриф доирасида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси савдо-иқтисодий алоқалар ривожига кучли суръат бағишлади.
Мулоқотда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар Ўзбекистон ва Қозоғистон расмий делегациялари иштирокида давом эттирилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. 2016 йил якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллардан ошган. Жорий йилнинг январь-август ойларида савдо айланмаси 35 фоиз ўсган.
Президентлар бу кўрсаткич мамлакатларимизнинг улкан салоҳиятига мос эмаслиги, бунинг учун қўшма савдо уйларини ривожлантириш, ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтириш зарурлигини қайд этдилар. Икки мамлакат бозорларида харидоргир маҳсулотларни етказиб бериш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга келишиб олинди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссияга товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Транспорт коммуникациялари соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидир. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан ташқи савдо юкларини ташишда ўзаро преференциялар ва қўшимча имтиёзлар белгиланиши бу соҳадаги ҳамкорликни тубдан кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашувда халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотикларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Президентлар Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик таъминланиши ва иқтисодиёт тикланиши тарафдори эканини таъкидладилар. Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб қилиш, бунинг учун инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.
Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар суви халқларимизнинг умумий бойлиги экани, миллионлаб инсонлар тақдири, бутун минтақа барқарорлиги ва фаровонлиги улардан оқилона ва адолатли фойдаланишга боғлиқлиги қайд этилди.
Давлат раҳбарлари мазкур дарёларда янги гидротехник иншоотларни минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларини ҳисобга оладиган конструктив ёндашув асосида қуриш тўғрисида якдил фикр билдирдилар.
Илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам келишувларга эришилди. Хусусан, 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йилини ва 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказишга келишиб олинди.
Шундан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Қўшма баёнотни имзоладилар.
Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигининг турли соҳаларига доир 10 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Давлат чегараларида ўтказиш пунктлари ва автомобиль йўлларини реконструкция ва модернизация қилиш, сувга оид муносабатлар соҳасида ҳамкорлик, энергетика соҳасида ҳамкорлик, контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашишда ҳамкорлик, темир йўл соҳасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, икки мамлакат ҳудудларининг тўғридан-тўғри алоқаларига асос бўладиган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Сирдарё ва Тошкент вилояти ҳокимликлари билан Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан Қизилўрда вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар ҳамда бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев музокаралар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларига хос ўзаро англашув ва самимият руҳида ўтгани, томонлар барча стратегик масалалар бўйича ҳамфикр эканини алоҳида таъкидладилар. Ташриф чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари ўртасида эришилган келишувлар, имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги сифат босқичига олиб чиқиши қайд этилди.
Қозоғистон Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи арафасида Нурсултон Назарбоевнинг «XXI аср бўсағасида» китоби Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси билан ўзбек тилида чоп этилди. Давлатимиз раҳбари мазкур китобни Қозоғистон Президентига туҳфа қилди. Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевнинг мустақил Қозоғистон давлатининг асосчиси сифатидаги фаолиятига юксак баҳо берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 сентябрдаги фармонига мувофиқ, мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Давлатимиз раҳбари ушбу юксак мукофотни тантанали равишда топширди. Нурсултон Назарбоев ушбу мукофот ва ҳурмат-эътибор учун Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.