18.11.2016
Аввал хабар қилинганидек, 17 ноябрь куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 18 ноябрь куни Ҳазрати Ҳизр мажмуига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти қабрини зиёрат қилди ва Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Ислом Каримов руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ўртасида музокара бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафоти муносабати билан самимий ҳамдардлик йўллагани учун Туркия Президентига миннатдорлик билдирди. Режеп Эрдўғон Самарқандга ташриф буюриб, Юртбошимизнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистон халқига юксак эҳтиром ифодасидир.
Ушбу ташриф Туркияда Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият берилишидан далолат экани қайд қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган.
Ўзбек ва турк халқлари кўп асрлик умумий тарих, ягона тил ва дин, муштарак қадриятлар ва ўхшаш урф-одатлар билан бир-бирига чамбарчас боғланган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркияга ўзининг муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори сифатида қарашини, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ўзаро ишонч тамойиллари асосида ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.
Режеп Эрдўғон Туркия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги устувор шерик деб билишини, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлиги ва иқтисодий тараққиёти изчил давом этишига ишончи комил эканини алоҳида таъкидлади.
Икки мамлакатнинг бугунги муносабатлари Ўзбекистон ва Туркиянинг имконият ва салоҳиятига мос эмаслиги, ушбу учрашув ҳамкорликнинг янги саҳифаларини очиш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашиш учун қулай имконият экани қайд этилди.
Музокарада Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилиниб, ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ташкил қилиш, халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш тўғрисида фикр алмашилди.
Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти фаолияти доирасида Самарқандда Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар марказини таъсис этиш таклифини илгари сурди. Томонлар ИҲТнинг Туркиядаги Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази бу ташаббусни қўллаб-қувватлаганидан мамнуният изҳор қилдилар.
Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Туркия Ўзбекистоннинг анъанавий ва муҳим савдо шерикларидан биридир. 2015 йилда ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу борадаги ўсиш суръатлари жорий йилда ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда. Лекин томонлар қайд қилганидек, бу рақамлар мамлакатларимиз салоҳиятини акс эттирмайди. Бу миқдорни яқин йиллар ичида 2-3 марта ошириш учун етарли имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компаниялари фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган Туркия сармояси ҳажми 1 миллиард доллардан ошади.
Суҳбат чоғида ушбу ташриф икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка янги суръат бахш этишига ишонч билдирилди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича мажмуалар барпо этишга, тўқимачилик ва терини қайта ишлаш саноатида замонавий қўшма корхоналар яратишга, хусусан, биргаликда пахта толаси ва тери хомашёсини чуқур қайта ишлаш орқали тайёр брэндли маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришни йўлга қўйиш, фармацевтика соҳасида ҳамкорликка оид янги лойиҳалар тузиш ва амалга ошириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Туркиянинг етакчи туристик компанияларини жалб этган ҳолда Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятларида халқаро талабларга мос замонавий сайёҳлик мажмуалари барпо этиш масалалари муҳокама қилинди.
Транспорт коммуникацияларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Боку – Ахалкалаки – Қарс” темир йўлининг ишга туширилиши икки мамлакатни бир-бири билан боғлайдиган тўғридан-тўғри транспорт йўлагини яратишдек стратегик аҳамиятга эга масалани ҳал этишда, бинобарин, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлиши қайд этилди.
Муҳокама қилинган масалалардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ва Туркиянинг ўз олдига қўяётган мақсадларига эришиш учун келаси йил бошида Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказишга, унинг доирасида Ўзбекистон – Туркия сармоявий форумини ташкил қилишга келишиб олинди.
Давлатлараро муносабатларда маданий-гуманитар ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Томонлар бу борадаги шерикликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Шавкат Мирзиёев ва Режеп Эрдўғон ушбу учрашув давомида эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариб, ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликнинг янги саҳифасини очишга хизмат қилишига қатъий ишонч билдирдилар.
Куннинг иккинчи ярмида олий мартабали меҳмон Имом Бухорий ва Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуалари, Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди, Регистон майдонини кўздан кечирди.
Режеп Эрдўғон истиқлол йилларида Президент Ислом Каримов раҳнамолигида бу эзгу масканлар тубдан қайта таъмирланиб, мутлақо янги қиёфа касб этганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон аждодларимизнинг бой маънавий меросини тиклаш, ўрганиш ва дунёга танитишда юксак натижаларга эришаётганини қайд этди.
Шу билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга ташрифи якунига етди.