17.10.2019
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари амалий сафарини, анъанага кўра, Ҳаким Термизий мақбараси зиёратидан бошлади.
Кейинги йилларда таъмирланиб, янада обод ва гўзал мажмуага айланган ушбу табаррук масканда халқимизга, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуои хайрлар қилинди.
Уламолар билан бўлиб ўтган суҳбатда Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Ҳаким Термизийнинг маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ҳамда юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, муқаддас динимизнинг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Мамлакатимизда сўнгги пайтларда миллий урф-одат ва қадриятларимизни тиклаш, муқаддас динимизни, азиз авлиёлар ва уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, улуғ алломаларимиз Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Улуғ уламоларнинг номлари билан аталган диний мажмуалар, жоме масжидлари, илмий марказлар бунёд этилди.
Дарҳақиқат, бундай олижаноб мақсад ва ҳаракатлар мамлакатимизни тараққий топган давлатлар қаторига олиб чиқиш, одамларимизда шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғусини, соғлом эътиқодни кучайтириш, халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ислоҳотларнинг маъно-мазмунига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.
Шу ерда давлатимиз раҳбари жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, билиб-билмай адашганларни авф этиб, тўғри йўлга қайтариш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, бу борада маънавий-маърифий ишларни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди.