31.05.2019
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 май куни Грузия, Америка Қўшма Штатлари ва Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Зураб Абдушелишвили, Дэниел Розенблюм ва Кан Чжэ Квондан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари элчиларни мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклаб, уларга ушбу шарафли ва масъулиятли вазифада муваффақиятлар тилади.
Кейинги йилларда мамлакатимиз хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган фаол ташқи сиёсат олиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари, Америка, Евроосиё ва Африканинг етакчи мамлакатлари билан муносабатлар мустаҳкамланиб, амалий ҳамкорлик тобора фаоллашаётгани бундан далолат беради.
Бундан ташқари, "йўл хариталари" асосида нуфузли халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар билан узоқ муддатли шериклик алоқалари кенгаймоқда.
Президентимиз ўз нутқида янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболларига тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги, аввало сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда парламентлараро алоқалар ҳам фаоллашди.
Грузия билан товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат, транспорт, логистика ва туризм соҳаларида кооперацияни кучайтиришга қаратилган аниқ лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатларининг дўстлик ва ҳар томонлама ҳамкорлик руҳидаги икки томонлама муносабатларида юксак даражага эришилганини юқори баҳолади.
Ўтган йил май ойида АҚШга амалга оширилган олий даражадаги тарихий ташриф мамлакатларимиз стратегик шериклигида янги босқични бошлаб берди.
Бугун барча даражалардаги мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани кузатилмоқда. АҚШ савдо вазири Уилбур Росс, конгрессменлар Трент Келли ва Висенте Гонсалес, Миссисипи штати губернатори Филипп Брайант ва бошқалар бошчилигидаги юқори даражадаги делегацияларнинг мамлакатимизга ташрифлари самарали бўлди.
Американинг етакчи компания ва банклари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгаймоқда, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланмоқда, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича конструктив мулоқот амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Корея Республикаси билан муносабатларда алоҳида стратегик шерикликка эришилганини катта мамнуният билан қайд этди.
Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг ўтган ойда Ўзбекистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янада юксак босқичга олиб чиқиб, уларни янги амалий мазмун билан бойитди.
Мамлакатимиз Корея Республикаси раҳбариятининг Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги изчил сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.
Эришилган келишувларни амалга ошириш, инновация ва инвестициялар, транспорт ва коммуникациялар, инфратузилмани модернизация қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа йўналишларда қўшма дастур ва лойиҳаларни ўз вақтида тайёрлаш ва сифатли рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимиз янги тайинланган элчилар фаол дипломатик фаолияти билан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар, шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.
Ўз навбатида, Фавқулодда ва мухтор элчилар давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида самарали давлатлараро муносабатларни изчил ривожлантиришга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этдилар.