02.05.2019
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва саноат вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари учрашувни очар экан, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида мамлакатимизга келган Бирлашган Араб Амирликларининг қатор вазирлик ва идоралари, етакчи инвестиция, молия, логистика, қурилиш ва бошқа компаниялари раҳбарларидан иборат нуфузли делегацияни самимий қутлади.
Ўз навбатида, БАА энергетика ва саноат вазири Суҳайл ал-Мазруий Амирликлар делегацияси номидан давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда БАА Президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва БАА Вице-президенти, Бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактумнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Жорий йил март ойида Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида ўтказилган олий даражадаги самарали музокаралар дўстлик ва шерикликка асосланган икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Кейинги ойларда бўлиб ўтган юқори даражадаги делегациялар алмашинуви эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга оширишнинг аниқ йўналишлари ва биринчи галдаги чора-тадбирларини белгилаб олиш имконини бергани таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни, жумладан, электр станцияларини қуриш ва модернизация қилиш, янги конларни ўзлаштириш ва углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлашни кенгайтириш, замонавий кимё саноати ва агросаноат корхоналари, логистика марказларини ташкил этиш, мамлакатимиз ҳудудларида инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга қаратилган самарали ислоҳотларни амалга оширишда тажриба алмашиш, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Бугунги кунда шерикликнинг ҳар бир устувор йўналишида тегишли таклифларни ишлаб чиқиш ва икки томонлама тадбирларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар фаолият юритмоқда.
Меҳмонлар Ўзбекистондаги давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган кенг кўламли ислоҳотларни, шунингдек, ҳамкорлик учун мавжуд катта имкониятларни юксак баҳоладилар.
Учрашув якунида мамлакатларимиз халқлари фаровонлиги йўлида кўп қиррали муносабатларни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасидаги интилиш қатъий экани таъкидланди.