21.07.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, №ПҚ-3142, 20 июль 2017 йил
Тошкент вилоятида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни янада жадаллаштириш, айниқса шаҳарлардаги муҳандислик-коммуникация тармоқларидаги мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш, вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, ушбу вазифаларни амалга оширишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг масъулиятини янада кучайтириш, шунингдек шаҳар ва туманлар аҳолисининг фаровонлигини ошириш ва турмуш сифатини яхшилаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг:
Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳар туркумига киритиш ҳамда уни Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилаш;
Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Янгийўл шаҳарларини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Зангиота тумани ҳудуди чегараси доирасида Зангиота ва Тошкент туманларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа шаҳри негизида вилоят бўйсунувидаги шаҳар туркумига кирадиган Тўйтепа шаҳрини тузиш ва уни Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилаш, Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Янгийўл шаҳарларини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Зангиота тумани ҳудуди чегараси доирасида Зангиота ва Тошкент туманларини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатига таклиф киритсин.
3. Тошкент вилояти ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
аҳолининг эҳтиёж ва талабларини ўрганиш асосида шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қисқа ва узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширилишини таъминлаш;
шаҳарларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, замонавий тежамкор технологиялар билан жиҳозлаш тадбирларини амалга ошириш;
шаҳарлардаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш.
4. Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Янгийўл, Чиноз туманлари ва янгидан ташкил этиладиган Тошкент тумани ҳокимликларининг мева- сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш Узбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - “Узавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси У. У. Розукулов зиммасига юклансин.
Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Янгийўл, Чиноз туманлари ва янгидан ташкил этиладиган Тошкент туманининг туман прокуратуралари, ички ишлар бўлимлари, давлат солиқ инспекциялари ҳамда ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларининг туманда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга кўмаклашиш ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш тўғридан-тўғри тегишлилигига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолиятни, иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти таркибида 4 та штат бирлигидан иборат Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Янгийўл, Чиноз туманлари ва янгидан ташкил этиладиган Тошкент туманида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш масалалари бўйича шўъба ташкил қилинсин.
5. Тошкент вилоятидаги аввал хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича республика комиссияси 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
6. Республика комиссияси (А. Арипов):
бир ой муддатда аввал хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказилишини таъминласин ва уларнинг рўйхатини шакллантирсин;
рўйхатга киритилган ҳар бир қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдони бўйича ундан самарали фойдаланиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқласин ҳамда уни амалга ошириш бўйича тегишли чоралар кўрсин;
амалга ошириладиган янги лойиҳалар доирасида хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилган ҳолда экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишни таъминласин;
қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш ҳамда келажакда янги лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирмаган мулкдорларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган таъсирчан чораларни кўриш бўйича қарорлар қабул қилсин;
икки ҳафта муддатда комиссия регламенти лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Узбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Узбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппаратида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига бўйсунадиган 10 та штат бирлигидан иборат Туризмни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти ташкил қилинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати тузилмасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига таклиф киритсин.
9. Тошкент вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари котибиятига қўшимча 5 та штат бирлиги ажратилсин ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузурида 35 та штат бирлигидан иборат бўлган Туризмни ривожлантириш департаменти ташкил қилинсин.
Белгилансинки:
Тошкент вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари котибиятига қўшимча ажратилаётган 5 та ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилаётган Туризмни ривожлантириш департаментининг 35 та штат бирлиги молия, солиқ ва иқтисодиёт органлари штат бирликларини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади;
Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш департаменти икки томонлама - вилоят ҳокимлиги ҳамда Узбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Туризмни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига бўйсунади.
10. Тошкент вилояти ҳокимлиги бошқарув аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ўн кун муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб Тошкент вилояти ҳокимлиги бошқаруви аппарати ходимларининг штатлар жадвалини қайта кўриб чиқсин.
11. Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Тошкент вилояти ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосарининг функционал вазифалари ва унинг котибияти тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш департаментининг тузилмаси ва низомини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур бўлган маблағларни 2017 йилда ажратсин, 2018 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда “Паркент” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси У. С. Исмаилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш. Мирзиёев