19.10.2018
Икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ташкил этилди. “Ўзэкспомарказ”да очилган форумда Россия ҳудудлари, етакчи компания ва саноат корхоналари раҳбарлари – жами мингдан зиёд киши иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ушбу форумга ташриф буюрди.
«Биз стратегик шеригимиз ва иттифоқдошимиз - Россия Федерацияси билан барқарор ва ишончли муносабатларимизни юксак қадрлаймиз. Ушбу форумнинг юқори нуфузи ва юксак даражада ташкил этилгани икки томон ҳам ҳамкорликдан манфаатдор экани, бу борада улкан салоҳият мавжудлигининг яна бир ёрқин тасдиғидир», деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро алоқаларга муҳим аҳамият қаратмоқда. Кейинги пайтда бундай алоқалар янада фаоллашди. Ўзаро 40 дан ортиқ ташриф уюштирилди. Сентябрь-октябрь ойларининг ўзида Ўзбекистоннинг 14 ҳудуди раҳбарлари Россиянинг 26 субъектида бўлди. Буларнинг натижасида маҳсулот етказиб бериш учун янги бозорларга йўл очилди, иш ўринлари яратилди, аҳоли учун қўшимча даромад манбаи пайдо бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини айнан ҳудудлар раҳбарлари ва тадбиркорлар белгилашини таъкидлади.
Юқори технологияли қўшма корхоналар ташкил этиш, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва учинчи мамлакатлар бозорларини ўзлаштириш учун кооперацияни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Эришилган келишувларга мувофиқ, Россиянинг Иваново вилояти компаниялари иштирокида мамлакатимизда қўшма тўқимачилик кластерлари, Москва бозорларига мева-сабзавот етказиб бериш учун Сурхондарё вилоятида замонавий агромажмуа, Свердловск вилояти билан ҳамкорликда Қашақадарё вилоятида енгил ва оғир металл конструкциялар заводи, татаристонлик шериклар билан биргаликда Тошкент вилоятида кимёвий ўғитлар ва Қорақалпоғистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда Москва, Бошқирдистон, Оренбург ва Россиянинг бошқа субъектларидаги улгуржи-тақсимот марказлари инфратузилмасидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бундай лойиҳалар жуда кўп.
Энг муҳими, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида мустаҳкам ва узоқ муддатли шериклик муносабатлари ташкил топди.
Форумда ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий масалалари, аниқ лойиҳа ва дастурлар муҳокама қилинди. Уларнинг натижасида умумий қиймати 2 миллиард долларлик келишув ва шартномалар имзоланди.
Президентимиз Ҳудудлараро ҳамкорлик форумини ҳар йили ўтказишни таклиф қилди.