Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов “Улли ҳовли” мажмуасида бўлди
24.04.2018
Ўзбеклар ва туркманлар қадимдан ёнма-ён, ҳамжиҳат яшаб келган. Хива хонлиги даврида туркманлар учун қишлоқлар, уй-жойлар барпо этилган. Урганч туманидаги “Улли ҳовли” мажмуаси ана шундай тарихий обидалардан биридир.
Ўн еттинчи асрда қурилган мажмуада қадимий ҳовлилар, туркман маданиятига оид осори-атиқалар, уларни ўраб турган қўрғон сақланиб қолган.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ерда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Йигирма ўринли меҳмонхона қурилди. Туркман ўтовлари ўрнатилди. Сайёҳлик ва зиёрат туризми учун барча шароит яратилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари “Улли ҳовли”ни томоша қилди.
Шу ерда ўзбек ва туркман мумтоз қўшиқларидан намуналар ижро этилди.