06.04.2018
Шавкат Мирзиёев Яшнобод тумани “Олмос” маҳалла фуқаролар йиғинида қурилган янги уйларни бориб кўрди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 – 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу ерда 48 та беш қаватли уй бунёд этилмоқда.
1 минг 440 хонадондан иборат ушбу турар жойлар Ватан ҳимоячиларига топширилади. Ўзига хос ҳарбий шаҳарча бўладиган ушбу мавзеда болалар боғчаси, мактаб, поликлиника ва бошқа ижтимоий объектлар барпо этилади.
Давлатимиз раҳбари ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, уйларда яратилаётган шароитлар билан танишди.
Бундай уйларнинг қурилиши мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, Ватан ҳимоячиларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг узвий давоми эканини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев шу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддилари билан мулоқот қилди.