![](/img/menu.png)
15.03.2018
![](/uploads/52e6fb03-effa-29cc-c0c4-cceceb417f20.jpg)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 15 март куни Оқўрда қароргоҳида учрашув ўтказди.
Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбарини ташрифи билан қутлаб, Президентимиз билан учрашишни соғинганини таъкидлади. – Сиз Ўзбекистонда жуда катта ишларни амалга оширяпсиз ва бу бутун минтақамизга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Кеча Тожикистон, бугун Қирғизистон Президентлари билан гаплашдим. Улар ҳам сизнинг сиёсий иродангиз ва саъй-ҳаракатларингиз халқларимизни хурсанд қилаётганини айтишди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бугунги маслаҳат учрашуви ҳам сизнинг ташаббусингиз билан ташкил этилди. Бу ҳали бошланиши. Афғонистон масаласи бўйича ўтказилаётган конференция ҳам жуда муҳим, – деди Нурсултон Назарбоев.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани ва Қозоғистонга таклиф этгани учун Нурсултон Назарбоевга миннатдорлик билдирди.
Кейинги бир ярим йил ичида икки дўст, қардош халқларимиз ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги тизимга тушди. 2017 йилда ўзаро товар айирбошлаш 2 миллиард долларга етди. Иқтисодиётимиз, маданий-гуманитар алоқаларимиз янада мустаҳкамланди. Энг катта натижа – одамларнинг кайфияти, – деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда олий даражадаги мунтазам мулоқотлар натижасида давлатлараро муносабатлар жадал ривожланаётгани, аввал эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани таъкидланди.