14.02.2018
Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 13 февраль куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири, икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Ким Донг Ённи қабул қилди.
Ким Донг Ён қабулдан сўнг оммавий ахборот воситалари вакилларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик нафақат манфаатдорлик, балки ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили ноябрда Корея Республикасига давлат ташрифи билан борган эди. Ушбу ташриф Жанубий Корея ишбилармон доираларининг Ўзбекистонда яратилаётган имкониятларга бўлган қизиқишини тубдан оширди. Мамлакатингизга келишимдан мақсад - икки томонлама муносабатларни амалий мазмун билан бойитишдир.
Президент жаноби олийлари билан учрашувда Ўзбекистон раҳбарининг Корея Республикасига ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш ҳамда жанубий кореялик ишбилармонлар учун янада қулай шароитлар яратиш имконини берадиган қатор амалий таклифларни билдирди.
Жанубий кореяликлар Ўзбекистонда мамлакатни барқарор ривожлантириш, аҳоли турмуш сифати ва фаровонлигини ошириш мақсадида, давлатнинг халқ манфаатларини таъминлаши йўлида олиб борилаётган ислоҳотлардан яхши хабардор. Шавкат Мирзиёев бу мақсадларга эришиш учун қатъият ва кучли сиёсий иродага эга.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳар куни, ҳар дақиқа эл-юрти фаровонлигини ўйлайди. Унинг раҳбарлик қобилияти ва аниқ мақсадга интилувчанлиги атрофдагиларга ҳам руҳ, куч-ғайрат бағишлайди. Мен унинг тимсолида буюк раҳбар ва оддий инсонни кўраман. Ўзбекистон халқининг Президентга чуқур ҳурмати ва ишончи айнан шу фазилат – йирик сиёсатчи бўлиш билан бирга оддий ва самимий инсон бўлиб қолгани туфайли, деб ўйлайман.