13.12.2017
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков расмий ташриф билан мамлакатимизга келади.
Асосий учрашувлар Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтади. Олий даражадаги учрашув ва музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари, чегараолди ҳамкорлик масалалари, айрим минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.