22.11.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 22 ноябрь куни давлат ташрифи билан Корея Республикасига келди.
Сеул шаҳри аэропортида Ўзбекистон Президенти шарафига икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Давлатимиз раҳбарини Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён кутиб олди. Маросимдан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.
Ушбу ташриф Ўзбекистон – Жанубий Корея ўртасида мунтазамлик касб этган олий даражадаги учрашувларнинг мантиқий давоми бўлиб, давлатларимизнинг ўзаро алоқаларига доир кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг олий даражадаги музокараларида ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, молия-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.
Шунингдек, ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Миллий Ассамблея Спикери Чон Сэ Гюн ва Корея Республикаси Бош вазири Ли Нак Ён билан учрашиши, икки давлатнинг етакчи иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, йирик ишбилармонлар иштирокидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес форумида иштирок этиши кўзда тутилган.
Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларининг Стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, тижорат келишувлари ва шартномалари имзоланиши кутилмоқда.