29.09.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 сентябрь куни Москва ва Бутун Рус Патриархи Кириллни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари юқори мартабали меҳмонни қутлар экан, Рус православ черкови раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги анъанавий яқин ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим воқеа эканини чуқур мамнуният билан қайд этди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги олий ва юқори даражадаги фаол мулоқот барча йўналишлардаги амалий ҳамкорликка жадал суръат бағишлагани, икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.
Патриарх Кириллнинг ташрифи мамлакатларимизда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 конфессия вакиллари бир оиладек аҳил-иноқ яшамоқда. Уларнинг ўз маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириши учун барча шароитлар яратилган.
Мамлакатимизда 138 миллий маданий марказ фаолият юритмоқда, Тошкентда Дўстлик уйи ва боғи барпо этилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган.
Ёшлар ўртасида диний таълим ва маърифат ишларига алоҳида аҳамият берилмоқда. Тошкент ислом университети ва институти, 9 мадраса, православ ва протестант семинариялари фаолият юритмоқда. Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш мақсадида "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббусини илгари сургани қайд этилди.
Учрашувда экстремизм, терроризм ва радикализм каби глобал хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида конфессиялараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодга таълим ва маънавий-аҳлоқий тарбия бериш масалалари муҳокама қилинди.
Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл миллатлараро тинчлик-тотувлик, турли дин вакиллари ўртасида дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат ҳамда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида янги босқичда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берди.
Ўзбекистонда Рус православ черкови фаолиятига кўрсатилаётган эътибор ва кўмак, христиан динига эътиқод қилувчиларнинг тўлақонли маънавий ҳаёти йўлида яратилган шароитлардан ғоят хурсанд бўлганини таъкидлади.
Патриарх Кирилл Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ҳамда Ўзбекистонга ташриф тадбирларга бой дастур асосида ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди.
Рус православ черкови Ўзбекистон – Россия муносабатларини мустаҳкамлашда бундан буён ҳам фаол иштирок этиш, маънавий қадриятларимизни бойитиш, халқларимизни янада яқинлаштиришга кўмаклашишга тайёр экани қайд этилди.