31.10.2018
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 31 октябрь куни икки томонлама муносабатлар тарихидаги муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 20 йиллиги муносабати билан бир-бирига табрик йўллади.
Давлатимиз раҳбари ўз мактубида қардош Қозоғистон халқини самимий табриклаб, ушбу муҳим ҳужжат умумий тарих, маънавий ва маданий муштараклик билан боғланган мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаб берганини таъкидлади.
Мактубда Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда Стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма декларациянинг имзоланиши ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантиришда янги босқич бўлгани қайд этилган.
Жорий йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида ўтказилаётган маданий-гуманитар ва ишбилармонлик тадбирлари халқларимиз яқинлигининг ёрқин ифодаси бўлмоқда.
Мамлакатларимиз Марказий Осиёда ишонч, очиқлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳитини мустаҳкамлаш, тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашда қатъий экани мамнуният билан қайд этилган.
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўз мактубида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг 20 йиллиги муносабати билан самимий қутлаб, энг эзгу тилакларини билдирди.
Шартнома икки томонлама муносабатларда замонавий йўналишларни белгилаб, уларни ривожлантиришга, халқаро даражадаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшгани, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ишонч ва дўстликка асосланган чинакам стратегик шериклик учун пойдевор бўлгани алоҳида таъкидланган.
Бугунги кунда мамлакатларимиз барҳаёт қадриятлар ва чексиз салоҳиятга таянган ҳолда икки томонлама ҳамкорликни янги даражага олиб чиққани ҳамда минтақада ҳар томонлама шерикликни бирлаштириш учун мустаҳкам асос шакллантиришни давом эттираётгани қайд этилган.
Мамлакатларимиз ҳамкорлигига алоҳида суръат бахш этаётган биргаликдаги фаолиятимиз ва дўстлигимиз халқларимиз фаровонлиги йўлида изчил давом эттирилишига қатъий ишонч билдирилган.
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Президентлари ушбу муҳим сана муносабати билан халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.