29.08.2018
Президент Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳридаги «Мустақилликнинг 27 йиллиги» мавзесида барпо этилаётган кўп қаватли уйларни кўздан кечирди.
Бекободда 90 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида шаҳарда бешта етти қаватли уй қуриб битказилмоқда. Давлатимиз раҳбари таклифи билан "Мустақилликнинг 27 йиллиги" деб номланган мазкур янги мавзеда одамлар учун барча шароитлар яратилмоқда. Уйларни қуришда энг замонавий материаллардан фойдаланилмоқда, хонадонларга энергиятежамкор иситиш қозонлари ўрнатилмоқда.
Президентимиз шу ерда шаҳар аҳолиси билан мулоқот қилди. Ўзбекистон металлургия комбинатида ва Бекобод шаҳрида янги корхоналар ишга туширилиб, кўплаб иш ўринлари яратилгани, қурилаётган уй-жойлар ва ижтимоий объектлар одамлар турмуш даражасини оширгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари жорий йилда Олмалиқ, Янгийўл, Бекобод, Нурафшон шаҳарларида 2604 хонадондан иборат 62 кўп қаватли уй фойдаланишга топширилишини маълум қилди.
Шу ерда Оҳангарон шаҳридаги Амир Темур кўчасини реконструкция қилиш, Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ ва Оҳангарон туманларида намунавий уйлар қуриш, вилоятда ичимлик сув тизимини яхшилашга қаратилган лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.