18.08.2018
Президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни Самарқандда шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга доир лойиҳалар билан танишди.
Маълумки, Амир Темур кўчасининг икки ёнида қарийб 14 гектар майдонда «Samarkand city» бунёд этиш режалаштирилган. 2017-2020 йилларга мўлжалланган тадбирлар дастури доирасида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа Самарқанднинг туристик салоҳиятини замон талаблари даражасига кўтаришга қаратилган. Бугунги кунда хорижлик инвесторлар жалб этилиб, бир нечта шартнома ва битимлар имзоланган.
Самарқанднинг ҳозирги сайёҳлик салоҳияти тарихий қадамжолар ҳисобига. «Samarkand city» замонавий туризм маркази бўлади. Дунёда нимаики хизмат турлари бўлса, бу ерда мухайё бўлиши керак. Бу ердаги иншоот ва кўнгилочар масканлар мунтазам ишлаши, харажатни оқлаб, даромад келтириши зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Самарқанд шаҳри Бош режасини хорижлик мутахассислар билан биргаликда лойиҳалаштириш, катта меҳмонхоналар билан бирга сайёҳлар учун кичик-кичик отеллар ҳам бунёд этиш зарурлигини таъкидлади.
Самарқандда йўллар, бинолар, транспорт инфратузилмаси, ўриндиқларгача - ҳамма-ҳаммаси чуқур ўйланиши, инсонлар учун қулай бўлиши лозим, деди давлатимиз раҳбари.