21.05.2018
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Мулоқот аввалида давлатимиз раҳбари Владимир Путинни Россия Федерацияси Президенти лавозимига киришгани билан яна бир бор самимий табриклаб, унга катта муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон билан Россия ўртасида дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани, шунингдек, ўзаро манфаатли кенг кўламли ҳамкорликда эришилган ютуқлар чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Мулоқот давомида давлатлар раҳбарлари Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифига тайёргарлик доирасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида аввал эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш муҳим экани таъкидланди.
Шу муносабат билан Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида энергетика мажмуаси, машинасозлик, электротехника саноати ва бошқа юқори технологик тармоқларда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди.
Томонлар ҳудудлар даражасида фаол мулоқотларни давом эттириш ҳамда жорий йил кузида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро биринчи форумини ўтказиш ҳақида келишиб олди.
Туризм ва маданият соҳаларидаги алмашинувларни янада кенгайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзаро манфаатли дастурларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Давлатлар раҳбарлари халқаро сиёсатнинг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентлари турли форматларда яқиндан ҳамкорлик қилишни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.